Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МЮ» ЕЧЛни эрта тарк этгани яхши бўлдими? «Севилья»дан мағлубиятнинг фойдалари ҳақида
Авваламбор, Жозе Моуриньо ҳақида. Биласизми, кўпчилик орасида у ҳақида бироз бошқача, менимча нотўғри бўлган фикр юради. Масалан, у кубок ўйинлари учун ёки яккама-якка кураш учун мос мураббий – яъни алоҳида учрашувлар учун жамоани яхши тайёрлай олади, қийин паллалардан чиқиб кетишнинг уддасидан чиқади, дейишади. Аслида эса, бутунлай тескариси, Моуриньо айнан мана шундай паллалар учун бироз ожиз мураббий. Унинг ютуғи, совринлари мана шу қобилият ёрдамида келмаган.
Кўриб чиқамиз. Икки марта Европа Чемпионлар кубоги, ҳа. Эсланг, «Интер» ҳам, «Порту» ҳам ўша йили шу совринни ютиши шарт бўлган фаворитлар эмасди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Моуриньо учун финал анча олдинроқ, «Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинларда бўлиб ўтганди. Айнан ўша ўйинларда Моуриньо иккинчи жамоа мақомида бўлган ва ҳеч қандай босимсиз ҳаракат қилиб, кейинги босқичга ўтган. «Монако» ва «Бавария» (ўша) билан финаллар эса, Жозе учун ўтган йилги «Аякс» каби ёнғоқ эди, чақиб ташлаган. Бугунги «Манчестер Юнайтед»ни ўша жамоалар билан таққослаб бўлмайди. Бири Европага ўзини кўрсатиш илинжида одимлаётган ёш жамоа, иккинчиси кўпгина топ-клублардан қувилган аламзада футболчилар... Моуриньо учун айни муддао. Бугунги «МЮ» эса, гўёки, фаолиятидаги энг зўр шартномасини аллақачон тузиб бўлган юлдузлар. Йўқ, ўхшамайди.
«Челси» билан «Атлетико» ва «ПСЖ»дан мағлубиятларни эсласак, мураббийнинг ортиқча эҳтиёткорлиги, имкони борича, очиқ курашмасдан масалани ҳал қилишга уриниши муҳим лаҳзаларда жамоага панд берганди.
«Челси» ва «Реал» билан ютилган чемпионликлар. Ўша чемпионатларда муваффақият калити нима бўлганди? Иродали ўйинми ёки «Барселона», «Арсенал» каби рақиблар билан ўзаро тўқнашувларми? Йўқ. Жозе бу чемпионликларни аввало, барқарорлик эвазига олди. Дастлабки 10 турдан кейин жадвалда пешқадам бўлиб олган «Реал» ва «Челси» оғишмасдан прагматик тарзда ўз йўлига давом этди. Моуриньо чемпионликни ўзаро ўйинларда эса, бошқа жамоалар билан ўйинларда камроқ хато қилиш орқали қўлга киритишни танлайди доим. Бундай ўйинларда унинг эҳтиёткорлиги, хато қилиш рискини камайтиришга уриниши ёрдам беради. Бироз орқада қолиб, таъқиб қилиш ёки ўзаро ўйинларда масалани ҳал қилиш лозим бўлганда эса, Моуриньо ўзини ноқулай ҳис қила бошлайди. Ахир бунинг учун позицион ҳужум қилиш, ғалабадан бошқаси қониқтирмайдиган ўйинларда майдонга тушишга тўғри келарди. «Челси»даги иккинчи келишидаги илк мавсумни эсланг: лондонликлар аслида «Сити» ва «Ливерпуль» билан бир хил имкониятда бўлган, Жозе эса, тинмасдан чемпионлик учун келаси мавсумдан курашишини айтишдан чарчамаган. Якунда, бироз эртароқ курашдан чиқиб кетган ва мураббий буни режали ишдек кўрсатишга уринганди.
Хуллас, шунча гапларни ёзишимдан мақсад шуки, Жозе Моуриньо қўл остидаги «Манчестер Юнайтед» барибир ҳам жамоани кутиб турган синовларга дош беролмас эди. Чемпионлар Лигасида «Реал», «Бавария» ёки «Барселона», шунингдек инглиз клублари билан баҳсларнинг якунида «МЮ» ғалаба қозониш имкониятига эга эмасди, ишонаверинг. Юқорида гаплар билан мен «Моуриньо плей-оффлар даҳоси, ҳар қандай вазиятда соврин учун даъвогарлик қила олади» деб ўйлаб, «Севилья»дан мағлубиятни гўёки потенциал бир соврин имконияти бой берилгани билан изоҳламаслик кераклигини айтмоқчиман. Аждар клублар ичидан бош совринни ютиб олиш ёки ҳозирги «Манчестер Сити»ни таъқиб қилиб, етволиш Моуриньо одатда муваффақият билан бажарадиган ишлар эмас, бўлмаган ҳам. Шу томондан олиб қараганда, кеча ҳеч нарса йўқотилмади — у чорак финалда бирор топ клуб билан ўтадиган аянчли 180 дақиқадан қутилди холос.
Энди вазиятга бошқа тарафдан, жамоанинг истиқболи ва руҳий ҳолати нуқтаи назаридан баҳо берамиз. Кеча, 80-дақиқага келиб, «Барселона»ни қўйинг, ҳатто «Севилья» билан ўйинда позицион устунликка эга бўла олмаган «МЮ» ғалаба голини уришини истамадим. «Севилья» гол урганида хурсанд бўлдим ҳам ҳатто. Негалигини айтаман.
Ўтган йилдан буён Моуриньо бошқараётган «Манчестер Юнайтед» кучли клуб бўлиш йўлида қандайдир йўлга отланди. Бир қатор трансферлар қилинди ва ўйлайманки, яна бу иш яна давом эттирилади. Жамоа Европа миқёсидаги мусобақаларга фаворит бўлиш учун тайёр эмаслигини мураббийниг ўзи ҳам айтган, ҳамма билади, тўғрими?
Хўш, бундай вазиятда, айнан «Севилья»дан ютқазиш яхшими? Ҳа! Чунки, эътибор берган бўлсангиз, ҳеч ким испан жамоасининг «МЮ» дан кучли эканини айтмаяпти. Ҳеч ким «МЮ» шунча пул сарфлаб, бир ярим йиллик йўл охирида «Севилья»ни юта олмайдиган жамоага айланиб қолгани ҳақида гапирилмаяпти. Нима дейиляпти, фақат мураббийнинг қўрқоқлиги, жамоанинг ўйинга тайёр бўлмагани, етарлича иштиёқнинг бўлмагани, ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик ва ҳоказо. Яъни, ҳамма бу воқеа кутилмаган ҳол бўлиб, «МЮ» фақат ва фақат ўзига мағлуб бўлганини қайд этяпти, тушуняпти. Барча танқид ва босим Моуриньонинг шахсига қаратиляпти. Эътибор беринг, олдинроқ «Ливерпуль» ёки «Челси» устидан қозонилган ғалабалар ҳам ёрдамга келаётганини — «Севилья»дан мағлубият айнан «Севилья» билан ўйинга бўлган муносабат туфайли юзага келди, ҳамманинг фикрича. Тўғри, мураббий хато қилди, аммо бу дегани жамоа у қадар кучсиз эмас, Моуриньо шундай хатоларни такрорламаса, умид бор. Жамоа у қадар иложсиз инқирозда эмас, ахир «Ливерпуль» мағлубиятга учратилди-ку, тўғрими?
Барибир якунда ғолиб бўлинмайдиган турнирдан мана шундай чиқиб кетиш «МЮ» учун ҳам, Моуриньо учун ҳам айни муддао. Йўқ, атайлаб ютқазилмади, аммо ғалабадан кўра фойдали мағлубият бу.
Тасаввур қилинг, чорак финалда испан грандлари ёки «Бавария», балки ҳатто «Ливерпуль»нинг рақиб бўлишини. Менимча, бу рақиблар билан бугунги «Манчестер Юнайтед» жуда оғир зарбани қабул қилиши ва энди муаммо янада оғриқли тарзда ўртага чиқиши мумкин эди. «МЮ» ўзига ўзи мағлуб бўлгани яхшими ёки мураббийнинг жузъий хатолари эвазига эмас, чинданам кучи етмагани учун курашдан чиқиб кетсами?
Луи ван Гаалнинг Манчестердаги фаолиятига нуқта қўйган ўйин, менимча, сўнгги мавсумдаги Европа Лигасида «Ливерпуль»га қарши ўйинлар эди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун муҳим турнирда «Ливерпуль»дан ҳар жабҳада енгилган ван Гаал бир ярим йилда деярли ҳеч нарса қилмагани ошкор бўлиб қолганди.
Бургут кўзи билан худди шу фикрни Моуриньо жамоасига нисбатан ҳам қўллаш мумкиндир, лекин икки фарқ бор — биринчидан «МЮ» катта эҳтимол билан минимум вазифани бажаради ва кучли тўртликка киради. Иккинчидан, «МЮ» кўрсатаётган ўйин Жозе услубига яқин барибир, мураббий шу йўналишда меҳнат қилганини қабул қилиш мумкин. Луи эса, бутунлай бошқа фалсафани илгари сурган ҳолда, якунда, ўша услубни намойиш қила олмаганди.
Демак, агар Жозе Моуриньонинг яна камида бир йил Манчестерда қолишини, ўз ишини охиригача етказишини, сарф қилинган шунча трансферлар беҳуда кетмаслигини истасангиз, кечаги мағлубият Жозенинг «Юнайтед»ини қутқариб қолди, дейиш мумкин. Жозе ўз жамоаси муаммоларини билади ва бу йўналишда яна иш қилишига ишончим комил. Бу муаммоларнинг каттароқ, шармандалироқ тарзда юзага чиқмаслиги эса, руҳан жамоани сақлаб қолади, мураббийнинг хатоси бир ўйин эмас, бир ярим йиллик бўлгандек тасаввур пайдо бўлишини олдини олади.
Йўқ, Жозенинг кетишини, у ҳеч қачон жамоани одам қилмаслигини тарғиб қиладиганлар учун ҳам яхши иш бўлди — бемалол оқ байроқни олиб, норозиликларни давом эттириш мумкин. Яъни, ҳар қандай «МЮ» мухлиси учун «Севилья»дан мағлубият айни муддао. Жамоанинг ЕЧЛда ғолиб бўлиши мумкинлигига ишонган учинчи тур мухлислар учун эса, юқорида айтилди — ортиқча хаёллардан қутулдингиз.
Уёғи маълум. «Манчестер Юнайтед» камида 2-ўрин ва Англия кубоги ярим финалида мавсумни якунлаш учун «Брайтон», «Суонси», Борнмут», «Вест Ҳэм», «Уотфорд»ларни ютиш талаб қилинади холос. Буни Моуриньо эплайди. Ўтган йилдагидек учта соврин ютилмаса ҳам, анча олдинга ташланган қадам. Ҳатто, айтайлик, Англия кубоги ютиб қўйилса, урди худо, ЕЧЛ чорак финалида чиройлироқ ўйнаб, мағлуб бўлган Юрген Клоппни масхара қилиш имконияти ҳам бўлади ҳали Жозеда...
Ҳаётни гўзал қилиш учун қаердан қараш керак бўлса, Моуриньо ўша тарафни ҳар доим топади. Чиданг.
Қаҳрамон Асланов
Мавзуга оид
12:05 / 22.05.2025
«Тоттенҳэм» финалда «МЮ»дан устун келди ва мавсумни қутқариб қолди
15:13 / 21.05.2025
«МЮ» ёки «Тоттенҳэм»: иккинчи даражали еврокубок кимга кўпроқ керак?
18:52 / 01.05.2025
«Тўрт оғайни ботирлар». Европа лигаси яримфиналлари олдидан
11:41 / 18.04.2025