Спорт | 13:46 / 23.04.2018
11163
14 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари»: Ҳарри Кейннинг «Арсенал»дан қасоси тарихи

Рад этилиш - бироз ғалати туйғу, айниқса, агар ёш бола бўлсангиз. Мен бу кунни жуда яхши эслайман. Чингфорддаги уйимиз рўпарасида парк бўларди ва ҳар доим отам ва акам билан у ерга футбол ўйнагани борардик. У ерда ҳеч қандай стадион йўқ, шунчаки, икки дарахт, чим бўлса етарли - биз бахтлимиз, футбол ўйнаш мумкин. Ўша пайтларда мен «Арсенал»нинг болалар жамоасида эдим.

Саккиз ёшдаман. Бир куни отам менга «сенга бир гап айтишим керак» деди.

- Нима бўлди?

У менинг елкамдан енгил қучди ва:

- Хуллас, Ҳарри, «Арсенал» сендан воз кечди.

Тўғриси, ўша пайтда нимани ҳис қилганим эсимда йўқ. Ўйлашимча, бу гаплар нимани англатишини ҳам яхши тушунмаган бўлсам ҳам керак. Жуда ёш эдим. Аммо бу воқеага отамнинг муносабати эсимда ва у менга ўзимни қандай ҳис қилишим керак эканини ўргатаётганди гўё. У мени танқид қилмади. У «Арсенал»ни ҳам танқид қилмади. Ҳатто бу воқеа унга унчалик таъсир этмагандек туюларди.

- Хафа бўлма, ўғлим, биз энди кўпроқ меҳнат қиламиз, шуғулланамиз ва ўзимизга бошқа клуб топамиз, бўптими, Ҳарри?

Фото: Mirror

Ўша воқеада сиз ҳам мен роса хафа бўлганимни тахмин қиларсиз, балки. Дунёда ўғлининг профессионал футболчи бўлишини қаттиқ истайдиган оталар кўп, улар учун ҳам бундай ҳолат жуда ачинарли бўларди, менимча. Аммо, менинг отам бошқача эди, у доим менга босим ўтказмасликка ҳаракат қилар, ҳар доим позитивлигича қоларди. Унинг ҳар қандай ҳолатдаги доимий позицияси шу бўларди - «кел, яна бир уриниб кўрамиз».

«Арсенал»дан сўнг, мен маҳаллий жамоага қайтдим, кейин эса «Уотфорд» скаутларидан бири мени пайқаб, синовга таклиф қилди. Қизиғи, «Уотфорд»нинг «Тоттенҳэм»га қарши ўйинида синовдан ўтдим, менга энди «Тоттенҳэм» ҳам харидор бўла бошлади. Билишимча, оқ ранг менга кўпроқ ярашса керак. «Тоттенҳэм» академиясига қабул қилиндим. 

«Арсенал»га қарши илк ўйинимиз эсимда. Кулгили кўриниши мумкин, ҳали саккиз ёшдаги болакайман, лекин ҳар сафар «Арсенал»га қарши майдонга тушганимда бир фикр хаёлимдан ўтади: «яхши, кўрамиз ким ҳақ, ким ноҳақ». Менимча, ўша «Арсенал»дан кетиш ҳаётимдаги энг муҳим ва фойдали воқеа бўлган, чунки айнан шу туфайли, мен доим ўзимда қўшимча куч топардим.

Премьер Лигада 100та гол уришнинг уддасидан чиққанимдан хурсандман. Бир пайтлар, икки йил ижара шартномалари асосида ўйнаб юрганимда, ўзимга савол берардим - АПЛда ҳеч бўлмаса бир гол уриш насиб қилармикин?

Ўтган йилларда мен кўп нарсани ўргандим. Тасаввур қилинг, мен атиги 18 ёшман. «Миллуол» қўйи лигага тушиб кетиш арафасида эди. Ечиниш хонасида баъзи жамоадошларимнинг сўзларини тинглар эканман, бутунлай бошқа оламга тушиб қолгандек бўлардим.

«Ҳарри, агар пастга тушиб кетсак, маошим икки баробар тушиб кетади»

«Ҳарри, жон сақлаб қолмасак, менинг шартномамни бекор қилишади»

Улар уйида оиласи, кичик болалари бор одамлар. Шунда мен барчасига бутунлай бошқа томондан қарашни бошладим. Баъзи инсонлар шунчаки, тўп тепиш, ғалаба қозониш учун спорт билан шуғулланмасликларини пайқадим. Биласанми, улар, уларнинг оиласи учун футбол нима? Яшаш учун имконият. Ана шунда мен шунчаки, болакай бўлиб қолмаслик кераклигини, бир лаҳза ҳаётни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкинлигини тушуна бошлайман.

Мен ёмон ўйнамадим ва ўша йили лигада қолдик. «Миллоул»нинг мухлислари Англиядаги энг тентак мухлислар, буни ҳамма билади. Лекин улар билан ҳам яхши алоқаларим сақланиб қолган. 

Ўша мавсумдан кейин «Тоттенҳэм» мени олиб қолишидан умид қилгандим. Аммо яна ижарада ўйнашга тўғри келди. «Лестер»даги йилларим жуда қийин ўтди. Мен асосий таркибга кира олмас ва ҳар куни уйда ўтириб ўйлардим: агар «Лестер» билан Чемпионшипда асосий таркибга кира олмасам, «Тоттенҳэм» билан Премьер Лигада қандай ўйнайман?

Илк бор менда ўзимга нисбатан ишонч камайган, шубҳалар қамраб олганди. Шубҳа - енгиш қийин бўлган, жуда ёмон туйғу. Кунлардан бир куни оилам меҳмон бўлиб келди ва биз узоқ вақт бу ҳақида гаплашдик. Шу даражада тушкун эдимки, уйга қайтишни истадим ва буни отамга айтдим.

- Ўйнашда, меҳнат қилишда давом эт. Ҳаммаси яхши бўлади, - деди у.

Фото: Zimbio

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, яна ўша квартирамда ўтирар эканман, интернетда НФЛ ҳақидаги роликларни кўриб ўтириб, Том Брэди ҳақидаги видео эътиборимни тортди. New England Patriots нинг энг зўр футболчиларидан бири.

Айтишларича, Том Брэди синфида асосий таркиб учун 199-ўриндаги номзод бўлган экан. Бу мени ҳайрон қолдирди. Яхши маънода. Фильм ростдан ҳам менга ижобий таъсир қилди. Бутун ҳаёти давомида ҳеч ким Томга ишонмаган. Коллежга борганида ҳам, мураббийлар доим унинг ўрнига номзод ахтаришар экан. Ҳатто бир лавҳада унинг ўз футболкасини ечаётгани кўрсатилган - қоматини кўрган скаутлар кулгидан ўзларини тўхтата олмаган экан. Қанақа футболчи бу, оддий бола-ку? «Брэдига қараб туриб, новча, озғин, ҳеч қачон тарози кўрмаганга ўхшайди», дейди мураббий ҳам. 

Худди ўзим-ку! Мен ҳақимда ҳам шундай дейишарди. «Биласизми, у ҳақиқий ҳужумчига ўхшамайди» - худди шундай гапларни кўп эшитганман.

Блаки ишонмассиз, лекин ўша Лестердаги квартирамда ўтириб, бирданига ўзимга ўзим айтдим - «Мен ҳам шундай бўламан. Меҳнат қилишда давом этаман ва имкон туғилганда, албатта ушлаб қоламан».

Бир неча кун ўтиб, собиқ жамоам «Миллуол»га қарши майдонга тушдик. Бурчак тўпи тепилаётганда, рақибнинг йирик гавдали ҳимоячиларидан бири мени қўрқитишни бошлади.

 - Ой, Ҳарри?

- Ҳа?

- Мен ҳали сариқ карточка олмадим.

- Нима бўпти?

- Бу яхши, мен ўша сариқни сенга қарши олмоқчиман.

Тўп юқорилатиб оширилди. Иккимиз ҳам тўп учун сакрадик. Қўйи лигаларда бундай вазиятларда тирсаклар ишга тушиши одатий ҳол. Ҳавода тирсагим билан қовурғасига урдим ва у йиқилиб тушди. Бунинг устига, уни босиб ҳам олдим шекилли. Мен ҳатто узр ҳам сўрамадим, индамай, устидан хатлаб ўтиб югуриб кетдим. Бу менинг, унга ва бошқаларга, бутун дунёга ниманидир исботлашга бўлган илк ҳаракатларим эди - энди мени ҳеч ким мазах қилолмайди!

Келаси мавсумда яна «Тоттенҳэм»га қайтдим ва Андре Виллаш-Боаш билан учрашдим. У мени яна ижарага бериб юбормоқчи эди. Яхши яхши клублар мен билан қизиқа бошлашганди, лекин менинг эртагим бу эмасди. Мен фақат «Тоттенҳэм» сафида Премьер Лигада ўйнамоқчи эдим. Шунинг учун мураббийга ҳеч қаерга кетмоқчи эмаслигимни айтдим. У бироз ҳайрон бўлиб менга қараб турарди.

«Мен сизга шу ерда ўйнай олишимни исботламоқчиман. Сиз менга ҳар жума куни, ўйин олдидан бунга лойиқ эмаслигимни айтишингиз мумкин, бу табиий. Лекин кетишни истамайман».

У менга жамоада қолишга имкон берди ва бу менинг фаолиятимдаги бурилиш нуқта бўлди. Мен ўзимда қобилият борлигини билардим, лекин ўзим учун туриб беришим ҳам кераклигини ҳис қилгандим. Бир пайтлар жуда узоқ туюлган болаликдаги орзуимга жуда яқин турар, ана энди бериладиган имкониятдан фойдаланиш қолганди холос.

Машғулотларда олов эдим, лекин ҳали ҳам имконият берилмаганди. Қишда Боаш истеъфога чиқди ва Тим Шервуд барча масъулиятни зиммасига олиб, менга ишонч билдирди. Дастлабки уч ўйинда учта гол урдим. Ажойиб ҳиссиётлар, айниқса «Уарт Ҳарт Лейн»да илк голимни урганим ҳеч эсимдан чиқмайди.

Лекин биласизми, мени Ҳарри Кейн қилган омил ўша биринчи голимдан юзинчисигача бўлган ўйинлар эмас, айнан ўша биринчи голни урган кунимгача бўлган пайтлар, деб ўйлайман. Менинг шаклланишимда ўша давр асосий пойдеворни қўйганди.

Маурисио Почеттино келгач, ҳаммаси ўзгариб кетди. Фақат мен эмас, бутун клуб учун. Ҳеч қайси мураббий менинг фаолиятимга Маурисиочалик ижобий таъсир ўтказмаган. У жамоага ўз фалсафасини олиб келди ва энг муҳими, бир-бирига жуда яқин бўлган жамоани тузди. У ўзи ҳам ажойиб футболчи бўлган, лекин бу ҳақида ҳеч қачон гапирмайди. У мураббий сифатида фақат бизни ўйлайди, бизни гаплашади ва бизга ёрдам беришни истайди. Юлдуз футболчи бўладими, асосий таркибга киришга интилаётган ёш футболчими фарқи йўқ. Агар сиз меҳнат қилишни истамасангиз, дангаса бўлсангиз, у жуда қаттиққўл - майдонга тушмайсиз, ҳатто гаплашиш учун ёнига борсангиз, хонаси сиз учун берк. Лекин бор имкониятни ишга солаётган бўлсангиз, у бутун вақтини сизга сарфлашга тайёр.

Фото: talkSPORT

Фаолиятимдаги энг ёрқин дамлардан бири - аввалги мавсумлардан бирида, ҳет-трик қайд этган куним, Маурисио ўйиндан кейин хонасига чақирди. Ўша пайтларда биз яқин эдик, лекин у даражада эмас. Нега чақирганлигини тахмин ҳам қила олмасдим. Қарасам, қўлида бир бокал қимматбаҳо винони ушлаб кулиб ўтирибди. Қўли билан мени чақирди ва «кел, бир мазасини кўрамиз» деди.

У фантастик инсон, фантастик мураббий, деган ўй кечди хаёлимдан. Мен уни инсон сифатида ҳам, футболдан ташқаридаги дўст сифатида ҳам жуда ҳурмат қиламан. Жамоамиз шунақа аҳил ва жипс эканининг асосий сабаби ҳам унинг мана шундай ажойиб инсон эканида деб ўйлайман.

Яна дастлабки мавзуга қайтсам, ўша рад этилиш ҳаётимдаги энг яхши воқеа бўлгани аниқ. Шимолий Лондон дербиси олдидан бутсаларим ипини боғлар эканман, ҳар доим ўша саккиз ёшли болакай қиёфасига кираман, айнан ўша туйғуларни бошдан кечираман: «кўрамиз, ким ҳақ, ким ноҳақ!».

Ишонасизми, йўқми, ҳали ҳам ўша фикрлар айланади миямда. Ҳар ўйин олдидан ўзимча қандай гол уришимни, дарвозанинг қайси бурчагига тепаётганимни кўз олдимдан ўтказишга ҳаракат қиламан. Қаршимда қизил либосдаги «Арсенал» ҳимоячиларини тасаввур қила бошлаганимдаёқ этим жунжикиб кетади.

Аслида гап фақат «Арсенал»да эмас, буни тушунгандирсиз... Гап ўзимга ва оиламга қўлимдан нималар келишини исботлаганим, ҳар қадамимда менга ишонган оиламга панд бермаганим ҳақида. Гап ўша «Миллиуол», «Нориж» ёки «Лестер» ҳақида... Ана энди, бугунги даражага етганимда, бир неча инсонларга миннатдорчилик билдириш фурсати етди, деб ўйлайман.

Ҳаммаси ёмон ва мавҳум пайтларда ҳам мен билан у ердан бу ерга кўчиб юрган рафиқам Кейтга...

Ўша «Арсенал» мендан воз кечган пайтда елкамдан қучгани ва Лестердаги квартирамда менга айтган сўзлари учун отамга...

Мени кутишга сарфлаган чексиз соатлари учун онамга...

Акам Чарлига, ёшлигимда доимо уни алдаб ўтишимга «изн бериб», ўзимни Тедди Шерингем ҳис қилган минглаб соатларим учун...

Мен ва менга ўхшаган йигитларга ишонч туйғуси берган, ўзига ишонишни ўргатган Том Брэдига...

Таркибга кира олмаган пайтларимда ҳам машғулотлардан кейин олдимга келиб, «сен асосий таркибда ўйнай оласан» деб далда берган жамоадошларимга...  Ўша пайтлар улар мен учун дунёларни бергандек эдилар...

Мени ўз ҳужумчиси деб танлаган Маурисио Почеттинога...

Албатта, «Тоттенҳэм»нинг барча мухлисларига... Мен болалигимдан «Тоттенҳэм»да ўйнашни орзу қилганман. Узоқ йиллар мени ҳаракатга ундаган  нарса - кўзимни юмганимда «Арсенал»га гол ураётганимни тасаввур қилишим эди, ҳозир ҳам бу ўзгармаган. Лекин энди менга мотивация берадиган туйғу ўзгарган, энди у каттароқ. Энди мен кўзимни юмганимда, «Тоттенҳэм» либосида Премьер Лига совринини қўлимда кўтараётганимни кўраман. Ўз стадионимизда. шу жамоадошларим билан. Мен кейинги 100 голимни шу ҳисга алмашган бўлардим. Сўнгги йилларда биз бунга жуда яқин келдик, лекин ҳали тўхтаб қолмаслик керак. Жавобим энди бироз зерикарли туюлар, шундай бўлса ҳам, отамнинг ўша ўгитларини яна қайтараман:

«Биз меҳнат қилишда давом этишимиз керак. Йигитлар!»


Ҳарри Кейн

ThePlayersTribune

Мавзуга оид