Жамият | 00:18 / 13.07.2018
20519
3 дақиқада ўқилади

Бешариқлик фермернинг ғалласига комбайн келди

Бундан икки кун аввал, 10 июль куни KUN.UZ сайтида, Фарғона вилояти, Бешариқ туманидаги “Баҳромжон” фермер хўжалигининг ғалласи пишиб, етилиб, тўкилиб кетаётгани, лекин туман ҳокимлиги ҳосилни йиғиштириб олиш учун комбайн беришга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги мақола эълон қилинган эди.

KUN.UZ мухбирлари Фарғонанинг чекка туманига бориб, хўжалик раҳбари билан муаммоли ҳолат бўйича суҳбатлашиб қайтган, тайёрланган фоторепортаж ва видеолавҳа мутасадди ҳамда ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилинган эди.  

Унда фермер хўжалиги бир ой олдин, 10 июнь куни мавжуд 54 гектар майдондаги ғалланинг 34 гектари ўрилиши билан режани бажаргани, режа бажарилгач ғалла отряди комбайнлари билан бошқа хўжаликнинг буғдойини ўргани ўтиб кетиб, қолган 20 гектар пайкалдаги ғалла ўрилмай нобуд бўлаётгани айтилган. 

Таҳририяти мухбирлари туман машина трактор паркига бориб, 7 та комбайнни бўш турганига гувоҳи бўлган.  Хўжалик раҳбари Бахтиёр ака далага комбайн беришмаётганига сабаб излаб туман ҳокими эшигини кўп бора бефойда тақиллатганини билдирган эди.

“Халқ ризқи бўлган буғдой кунига тўкилиб, увол бўлиб ётса-да, шартнома асосида хизмат кўрсатувчи МТП комбайн жўнатмаса? Маълумотларга кўра, “Баҳромжон” фермер хўжалигидан ташқари, яна бошқа фермер хўжаликларида ҳам худди шу муаммо бор. “Ғайратжон Орипов” хўжалигида ҳам ўн гектар майдон комбайн кутиб ётибди. Гектарлаб майдонлардаги минг машаққат эвазига етиштирилган  буғдой йўқотиляпти”, дейилган эди мақолада.

11 июль куни фарғоналик фермер алоқага чиқди ва муаммолари бартараф этилгани ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хўжалигимиздаги мавжуд муаммога эътибор қаратди ва туман прокуратураси кўмакка келди. МТП буғдой даламизга шу куннинг ўзидаёқ комбайн жўнатгач, ҳосилни йиғиштириш ишлари бошланди. Ярим кун давомида 20 гектар ернинг ярмини ўриб бўлдик. Фермер хўжалиги ишчилар номидан мутасаддиларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради”, - дейди Бахтиёр ака.

Хўжалик аъзолари ғалла майдонида ўрим кетаётгани ҳақидаги фотосурат ва видеолавҳани юборишган.

KUN.UZ таҳририяти Республика Бош прокуратурасига сайт орқали эълон қилинган муаммоли ҳолатга тез фурсатда эътибор қаратгани учун ўз миннатдорчилигини билдиради.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбир

Мавзуга оид