Жаҳон | 19:20 / 07.09.2018
8913
1 дақиқада ўқилади

Россия, Эрон ва Туркия Сурияда террорчиларни йўқ қилишда ҳамкорликни давом эттиради

© РИА Новости / Михаил Климентьев

Россия, Эрон ва Туркия Сурияда ИШИД ва «Жибҳат ан-Нусра» жангариларини бутунлай йўқ қилиш мақсадида ҳарбий ҳамкорликни давом эттиради. Бу ҳақда Теҳрондаги саммит якунлари бўйича декларацияда баён этилган.

«Президентлар ИШИД, «Ан-Нусра», «Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳлар ва БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан террорчи сифатида тан олинган бошқа барча гуруҳларни бутунлай йўқ қилиш мақсадидаги ҳарбий ҳамкорликни давом эттиради», дейилган Эрон президенти сайтида нашр этилган декларация матнида.

Давлатлар раҳбарлари терроризмга қарши курашда юқорида номлари қайд этилган гуруҳларнинг иттифоқ тузишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этишган. Бундан ташқари, ҳарбий амалиётлар давомида тинч аҳоли вакилларининг қони тўкилмаслиги зарурлигини таъкидлашган.

Бугун Теҳронда Россия-Туркия-Эрон давлатлари раҳбарлари иштирокида уч томонлама саммит ўтказилди. Саммитнинг асосий мавзуси Сурия масаласи бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид