Жаҳон | 21:00 / 07.09.2018
3381
2 дақиқада ўқилади

Теҳрон декларацияси: Томонлар Сурия бўйича ҳамкорликни давом эттиришади

Теҳронда Сурия масаласида ўтказилган Туркия-Эрон-Россия саммити иштирокчиларининг қўшма баёноти эълон қилинди.

Баёнот уч давлат раҳбари - Ражаб Тоййиб Эрдўған, Ҳасан Руҳоний ва Владимир Путин томонидан қабул қилинган.

«Эрон ва Россия Суриянинг ҳудудий яхлитлиги путур етказилиши, минтақа тинчлигига рахна солувчи айирмачиларга қарши қатъий қадамлар ташлаш зарурлигини қайд этишди», - дейилади ҳужжатда.

Туркия, Россия ва Эрон Идлиб бўйича ёндашувларини ҳамкорлик руҳида шакллантиради. 

Сурия масаласидаги келишув бўйча кафил давлатлар президентлари 2017 йил январидан кейин рўй берган жараёнлар - бу мамлакатда зўравонлик даражаси сезиларли даражада камайгани ва барқарорликдан қониқиш ҳосил қилишганини билдиришган. Сиёсатчилар Суриянинг суверенитети, мустақиллиги, ягоналиги ва ҳудудий яхлитлигини яна бир бор қайд этишган.

Суриянинг яхлитлиги тамойилига жаҳон ҳамжамияти амал қилишининг аҳамияти таъкидланган.

Уч сиёсатчи ИШИД, «Фронт ан- Нусра», «Ал-Қоида» ва бошқа шу каби террорчи гуруҳларга қарши биргаликда курашни давом эттиришга келишиб олишган. 

Мўътадил мухолифат ва радикал террорчи гуруҳларни фарқлаган ҳолда ҳаракат олиб бориш, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишининг олдини олиш зарурлиги таъкидланган. 

Яна бир бор Сурия можароси қурол воситасида эмас, тинч йўл билан, музокаралар ва сиёсий жараёнлар орқали ҳал этилиши лозимлиги қайд этилган.

Президентлар мамлакатда тинчликка эришиш йўлидаги жараёнда сурияликларнинг ўзи асосий иштирокчиси бўлишини маълум қилишган. Туркия, РФ ва Эрон Сурия бўйича Конституцион комитет шакллантирилишида ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрликларини билдиришган. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид