Жаҳон | 22:10 / 07.09.2018
10266
6 дақиқада ўқилади

Теҳрон саммити. Томонлар Сурияда тинчликка эришиш чоралари бўйича келишиб олишди

© EPA-EFE/IRAN PRESIDENTIAL OFFICE

7 сентябрь куни Теҳронда Россия, Эрон ва Туркия раҳбарлари иштирокидаги учинчи саммит ўтказилди. Саммит иштирокчилари Сурияда келгусида барқарорликка эришиш чоралари мажмуини маъқуллашди. Унда асосий эътибор мамлакат шимолидаги Идлиб вилоятидаги вазиятга қаратилган - бу вилоят айни вақтда ноқонуний қуролли бўлинмалар қўлида қолаётган охирги вилоятдир.

Музокаралар якунида қабул қилинган декларацияда уч давлат ҳам ҳудуддаги террорчиларни бутунлай йўқ қилиш учун ҳамкорликни давом эттириши ифодаланган. Матбуот анжуманида Россия президенти Идлибдан жангариларни «қувиб чиқариш» - айни босқичдаги асосий вазифа экани таъкидланди.

Москва, Теҳрон ва Анқара Суриядаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва минтақадаги гуманитар вазиятни яхшилашга келишишди. 

Саммит иштирокчилари Сурия масаласидаги кейинги олий даражадаги музокаралар Россияда ўтказилишига келишиб олишди.

Тинчлик музокараси
Саммит якунида қабул қилинган декларацияда Суриядаги инқирозни бартараф этишнинг қуролли йўли йўқлиги, тинчликка фақат музокаралар ўтказиш ва сиёсий йўл билан эришиш мумкинлиги яна бир бор таъкидланган. Саммит иштирокчилари Сурия Араб республикасининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети, мустақиллиги борасида якдиллик билдиришган. Бундан ташқари, томонлар Сурия яхлитлигига раҳна соладиган айирмачилик ҳаракатларига қарши туришга тайёрликларини билдиришган.

Сиёсатчилар «қочқинлар ўз ихтиёрлари билан Сурияга қайтиши учун хавфсиз шароитлар ташкил этиш зарурлиги»ни қайд этишган. 

Россия президенти Владимир Путин ҳамкор давлатларни Россияда жангарилар Идлибда кимёвий ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўраётгани, бу орқали Ғарб давлатлари Сурияга зарба беришига эришишни мақсад қилишгани ҳақида «инкор қилиб бўлмас» далилларга эга эканидан хабардор қилган. 

«Биз тинч аҳолига зарар етказмаслик мақсадида террорчиларга ҳужум қилинмаслиги, бу вақтда Сурия армиясига ҳужум қилинаверишини тушуна олмаймиз. Тасаввур қилинг, айнан шу йўналишда сурияликларга ҳужум қилиш режаси тайёрланган», деган Путин.

Идлибдан террорчиларни қувиб чиқариш масаласи
Музокаралардаги асосий мавзу Идлибдаги вазият бўлди - бу ҳудуд мухолифат кучларининг сўнгги таянч нуқтасидир. Саммит якунида Россия президенти саммит иштирокчиларининг умумий мақсади «Сурияда террорчилар бутунлай йўқ қилинишига эришиш» эканини таъкидлади.

«Яқиндагина Россия ҳарбий-ҳаво кучлари мамлакатнинг жанубий-ғарбий қисмини озод этишда муваффақиятли ҳаракатланишганди. Эндиги босқичдаги асосий вазифа эса - жангариларни Идлибдан сиқиб чиқаришдир. Уларнинг мавжудлиги Сурия халқи ва бутун минтақадаги тинч аҳоли учун тўғридан-тўғри таҳдиддир», деган Путин.

«Биз ўз чақириқларимиз Идлибдагилар учун тушунарли бўлишига умид қиламиз. Умид қиламизки, террорчи гуруҳлар раҳбарларида қаршиликни бас қилиб, қуролларни топшириш учун ақл етарлидир», деган у.

Путин биринчи навбатда Идлибдаги тинч аҳоли вакиллари борлигини ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланиш лозимлигини уқтирган. У Россия ва бошқа давлатлар бундан олдинроқ Суриянинг бошқа ҳудудларидаги жангарилар Идлибга келиб жойлашиши учун шароит яратиб беришгани ва айни вақтда ҳудудда кўп миқдорда қуролланган гуруҳлар жамланганига эътибор қаратган.

«У ерда турли гуруҳлар учувчисиз учиш қурилмалари ясашга ҳам эришишган. Қаердандир уларда зарур воситалар, эҳтиёт қисмлар пайдо бўлиб қолган», дея қўшимча қилган Россия президенти.

У Идлибдаги гуруҳларнинг ўзаро зиддиятига ҳам эътибор қаратган. «Бу бизни ташвишлантиради. Бундай қарама-қаршиликдан алал-оқибат тинч аҳоли вакиллари жабрланишади», деган Путин. Унинг сўзларига кўра, бундай тўқнашувлар тез-тез рўй беради. У АҚШ коалицияси назоратни қўлга олган Раққада бўлиб ўтган воқеаларни мисол қилиб келтирган. «Биз ўшанда эшитгандикки, бунга тинч аҳоли вакиллари орасига яширинган террорчилар айбдор бўлганди», дея қайд этган россияликлар президенти.

Эрон раҳбарининг сўзларига кўра, Идлиб озод этилганидан кейин, Фротнинг шарқий қирғоғидан америкаликларни чиқариб юбориш масаласи кун тартибига кўтарилади. Айни вақтда Суриянинг бу ҳудудида америкалик ҳарбийлар курд бўлинмаларини қўллаб-қувватлашмоқда. «Афсуски, бу ерда катта кучлар жамланган. Лекин биз Суриядан хорижий кучлар буткул чиқиб кетишига эришишимиз керак», деган Руҳоний.

Туркиянинг позицияси
Туркия президенти Идлибга тегинмаслик тарафдори. У бу ҳудудга ҳужум қилинса, бу «хато ҳаракат» бўлиши ва бу хато Суриядаги сиёсий жараёнга путур етказишидан ташвиш билдирган. Эрдўған Идлибни бомбардимон қилишни тўхтатишга чақирган. У Идлибга ҳужумлар қочқинлар оқимини кескин оширишидан хавфсирамоқда. «Идлибдан келаётган қочқинлар оқими ортмоқда. Улар бизнинг чегаралар томон ҳаракатланишмоқда. Идлибни бомбалашни бас қилиш керак», деган туркияликлар раҳбари. «Биз аллақачон 3,5 миллион сурияликни қабул қилдик. Идлиб аҳолиси ҳам 3,5 миллион кишини ташкил этади. Бизда бунча қочқинга жой йўқ», дея огоҳлантирган Эрдўған. У террорчилар билан бошқа самарали усулларда курашишга чақирган.

Эрдўған шунингдек «Анқара расмий Вашингтон Фрот дарёсининг иккинчи қирғоғидаги курдларни қуроллантиришда давом этаётганидан хавотир билдирган».

Россия, Туркия ва Эрон жаҳон ҳамжамиятини Сурияга гуманитар ёрдам ҳажмини оширишга чақирган. 

Саммит иштирокчилари томонларнинг кейинги учрашуви Россияда ўтказилишига келишиб олишган. Бу Сурия масаласидаги ҳисоб бўйича тўртинчи саммит бўлади. Бунгача 2017 йилнинг 22 ноябрида Сочида, 2018 йилнинг 4 апрелида Анқарада уч томонлама саммитлар ташкил этилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид