Ўзбекистон | 12:30 / 26.09.2018
21605
2 дақиқада ўқилади

Ўшда ўзбек телеканаллари кўрсатмай қолди

«KUN.UZ» таҳририятига қўшни Қирғизистоннинг Ўзбекистонга чегарадош бўлган Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги ўқувчилардан мурожаат келди.

Унда, сўнги бир ярим ой давомида Ўзбекистон МТРК тасарруфидаги ҳамда бошқа ўзбек хусусий каналлари трансляцияси узилиб қолгани айтилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозим, айни пайтда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида қўшни давлатнинг «ЭлТР», «ОшТВ», «Ынтымак», «Керемет», «Башат», «КТРК Спорт», жами 15та телеканал кўрсатувларини бемалол кузатиш мумкин.

Маълумки, Ўш ва Жалолобод вилоятларида кўп сонли ўзбеклар, Андижоннинг Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида эса қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Бир сўз билан айтганда, телеканаллар ҳар икки халқ ўртасида маданий кўприк вазифасини ўтаётгани аниқ.

Аналог сигнал узатиш тугатилиб, рақамли телеэшиттиришга ўтилганидан сўнг ҳар икки чегарадош вилоятларда тасвир сифати янада яхшиланиб қолган эди.

«KUN.UZ» ижодкорлари шу йил баҳорида Ўш сафари чоғида маҳаллий аҳоли вакиллари билан айнан шу мавзуда ҳам суҳбат уюштирганди. Мулоқотда ҳудуддаги ўзбеклар эмас, балки қирғиз миллатига мансуб қардошлар ҳам Ўзбекистон телеканаллари дастурларини жуда яхши билиши ва доимий кузатиб боришининг гувоҳи бўлгандик.

Ҳозирги кунда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида Қирғизистон телеканаллари кўрсатмоқда. Лекин ўшликлар Ўзбекистон телеканаллари сигнали етиб келмаётганини билдиришган.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид