Спорт | 10:22 / 22.03.2019
18294
2 дақиқада ўқилади

Бугун Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари Уругвай ва Ҳиндистонга қарши майдонга тушади

Фото: Getty Images

22 март куни Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари 2019 йилдаги илк ўйинларини ўтказишади.

Эктор Купер қўл остидаги миллий терма Хитойнинг Наннинг шаҳрида ўтаётган «China Cup-2019» халқаро турнири доирасида Уругвай терма жамоасига қарши майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 16:35да бошланади.

Уругвайга қарши ўйинни «Спорт» телеканали соат 21:00дан бошлаб ёзиб олинган ҳолда эфирга узатади.

Кеча мезбон Хитой термаси Таиланд билан ўйинда 0:1 ҳисобида ютқазди. Натижада Ўзбекистон–Уругвай ўйини ғолиби финалда Таиландга қарши ўйнайдиган бўлди. Учинчи ўрин учун баҳс ва финал учрашуви 25 мартга белгиланган.

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси эса Любинко Друлович мураббийлигидаги илк расмий учрашувини ўтказади. Осиё чемпионати U-23 саралашининг «F» гуруҳи баҳслари Тошкентда бўлиб ўтади, илк учрашув Ўзбекистон ва Ҳиндистон олимпиячилари ўртасида кечади.

Баҳс «Пахтакор» стадионида соат 17:00да бошланади. Ўйинга кириш бепул.

Ўзбекистон ОТЖ кейинги ўйинини 26 мартда Тожикистонга қарши ўтказади. Ундан аввал 24 март куни тожик ва ҳинд олимпиячилари ўзаро ўйин ўтказишади. Гуруҳ ғолиби 2020 йил Таиландда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритади; шунингдек, 11та гуруҳда энг яхши кўрсаткичга эга иккинчи ўрин соҳибларидан 4таси ҳам финал босқичига чиқади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид