Спорт | 13:56 / 30.04.2019
32838
8 дақиқада ўқилади

ЕЧЛ анонси. Месси Салоҳга қарши ва сенсациячилар тўқнашуви

Сешанба ва чоршанба оқшомларида Чемпионлар лигасининг яримфинали доирасида биринчи учрашувлар ўтказилади. Икки жуфтликда ҳам яққол фаворит йўқ.

«Тоттенҳэм» - «Аякс»: қандай натижани мўъжизавий дейиш мумкин?

Яримфиналда кўпчилик «Манчестер Сити» ва «Ювентус»ни кутганди. Бунинг сабаби оддий: Криштиану Роналдуни Хосеп Гвардиолага қарши кўриш қизиқ эди. «Реал» ва Дортмунднинг «Боруссия»си ҳам турнирни безаб турган бўларди, 6 йил муқаддам Роберт Левандовский немис клуби сафида мадридликлар дарвозасига бир ўйинда тўртта гол йўллаганди.

Аммо «Тоттенҳэм» ва «Аякс» юқорида номлари келтирилган гранд клубларни турнирни эрта тарк этишга мажбур қилишди - халқаро турнирларда кейинги вақтларда кўринмай келаётган бу икки жамоа (мавсум арафасида бу икки жамоа Европа миқёсида ўртамиёналар сифатида кўрилаётганди) кўпчилик учун кутилмаганда яримфиналга қадар етиб келишди ва улардан бири энди мавсумнинг асосий ўйинида майдонга тушиши аниқ.

«Тоттенҳэм» ўз тарихида илк марта ЕЧЛда энг яхши натижани қайд этди. «Шпорлар» мухлислари учун бу мавсум ҳар қачонгидан яхшироқ кечмоқда - жамоа мухлисларида жамоанинг принципиал рақиби «Арсенал» устидан кулишлари учун сабаблар кўп. Ўтган ҳафтада «Тоттенҳэм»нинг ўнлаб фанатлари қўшни жамоа офисига қўнғироқ қилиб, улардан «Арсенал»нинг ЕЧЛ ўйини учун чипталар сўрашгани тасвирланган ҳазил видео тарқалди. Гўшакнинг бир томонидаги шахс афсус билан шундай дейди: «Афсуски, биз Чемпионлар лигасида ўйнамаяпмиз». Қўнғироқ қилувчилар эса заҳарханда кулги билан жавоб қайтаришди: «Биз буни биламиз!».

«Аякс» қачонлардир Чемпионлар лигасининг доимий иштирокчиси бўлган, аммо олтин даврлар аллақачон ортда қолганди. Кейинги йилларда амстердамликлар жамоаси 1995 йилги муваффақиятни қайтариши мумкин бўлган жамоани шакллантиришди, балки бунинг вақти келгандир. Нидерландиядагилар «Аякс»нинг халқаро соврин ютиши нафақат клуб учун, балки мамлакат учун ҳам муҳимлигини англаб туришибди. Шунинг учун, жамоа яримфиналга чиққач, қироллик футбол федерацияси мислсиз қадам ташлади - бутун тур кўчирилди (бу турда барча ўйинлар бир вақтга белгиланганди). Агар бундай қарор қабул қилинмаганида, «Аякс» якшанба куни «Де Графсҳап»га қарши ўйин ўтказиши ва натижада «Тоттенҳэм»га қарши ўйинга тайёрланиш учун вақт қолмаслиги мумкин эди.

«Шпорлар»га эса ҳеч ким қарашгани йўқ, шу туфайли улар шанба куни «Вест Ҳэм»га қарши ўйинни «қурбон қилишди» - учинчи ўринда мустаҳкам жойлашиб олган жамоа ўз уйида ютқазиб берди. «Мен нидерландлар «Аякс» учун шундай шароитлар яратиб беришганини эшитганимда қулоқларимга ишонмадим. Қанийди футбол ассоциацияси ҳам биз учун шундай қадам ташлай олганида», дея муносабат билдирди «Тоттенҳэм» ҳимоячиси Дэнни Роуз.

Аммо «шпорлар» ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилишга мажбурлар. Ҳолбуки, уларнинг муаммолари кам эмас: Кейн жароҳатда, Сон Хин Мин дисквалификацияда, Янссен заявка қилинмаган, «Тоттенҳэм»да ҳужум чизиғи ғариб аҳволда - АПЛнинг жорий мавсумида фақат битта гол урган Фернандо Льоренте асосий таркибда марказий ҳужумчи сифатида ўйнаши кутилмоқда, Почеттино ҳужумкор яримҳимоячилар Алли ва Моурани ҳам олдинроққа жойлаштириши мумкин. Бундай ҳолатда «Аякс» устунликдан фойдалана оладими, бугун кўрамиз.

«Тоттенҳэм» – «Аякс»
30 апрель. Лондон. «Тоттенҳэм» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Матеу Лаос (Испания).
Жавоб ўйини – 8 май.

«Барселона» - «Ливерпуль»: финалдан олдинги финал

Қуръа баъзан адолатли бўлмайди. Ҳозирданоқ айтиш мумкинки, бу мавсумдаги иккинчи яримфинал ўйинлари финални сояда қолдириши мумкин. Шубҳасиз, «Ливерпуль»-«Барселона» жуфтлиги ғолиби Мадриддаги жангда фаворит бўлади.

Кўк-анорранглилар 22 ўйиндан буён мағлубият нималигини билишмаяпти, кейинги 15 ўйиндан 13тасида ғалаба қозонишган ва Испания чемпионлиги тожини ўзиники қилишган. Қизилларда эса 19 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилмоқда, жамоа кетма-кет 10 ўйинда ғалаба нашидасини сурган ва ички чемпионатда очко жамғариш бўйича космик натижа қайд этмоқда - 91 очко. Қуръанинг бундай келганининг яхши томони, мухлислар бу жамоалар иштирокида битта эмас, иккита ўйинга гувоҳ бўлишади.

Дам олиш кунларида «Барселона» «Леванте» устидан ғалабага эришиб, Испания чемпионлиги масаласини ҳал этишди, Испания Кубоги финали эса 25 май куни «Севилья»га қарши кечади. Клуб президенти Жозеп Бартомеу каталонияликлар бу мавсумда требль қайд этишни мақсад қилишганини айтиб ўтди: «Бу жуда қийин бўлади», дея қўшимча қилди у.

Ростдан ҳам, жамоа бу натижага эришишга яқин келган, аммо Чемпионлар лигасида вазифа жуда қийин - «Реал», «Атлетико», «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед»клубларига ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, «Барселона» бу мавсумда ҳали «Ливерпуль» даражасидаги рақибга рўпара келмади. 

Ўйиндан аввал инглиз матбуоти Суарес мавзусини фаол муҳокама қилмоқда. Уругвайлик футболчи «Ливерпуль»да жаҳон юлдузи даражасига чиққанди ва у чоршанба оқшомида собиқ клубига қарши майдонга тушиши керак. «Мен «Ливерпуль»дан барчаси учун беҳад миннатдорман. Аммо майдонда дўстликка, ўртоқчиликка ва ажойиб дамлар ҳақидаги хотираларга ўрин йўқ», деди Суарес.

«Ливерпуль» ҳам собиқ форвардига қарши ўйнашига у қадар эътибор қаратмаяпти, гарчи Суарес кетган йили клуб мухлислари йиғламоқдан бери бўлишганди. Ҳозир жамоада Суарес даражасидаги футболчилар бир нечта. Салоҳ ва Мане жума куни «Ҳаддесфилд»ни аяб ўтиришмади ва иккитадан гол уриб, чемпионат тўпурарлари рўйхатида 20тадан гол билан биринчи ва иккинчи ўринларни бўлишиб туришибди. Ван Дейк эса якшанба куни футболчилар талқинига кўра чемпионатнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилди. Кейинги йилларда бу қадар кучли «Ливерпуль»ни кўрмагандик. Лекин шу жамоа ҳам бу мавсумда совринсиз қолиши мумкин...

«Барселона»да биринчи ўйин олдидан биргина йўқотиш мавжуд - Рафинья кўп вақтдан буён жароҳат туфайли ўйнамаяпти. «Ливерпуль» Фабиньо ва Роберто Фирминьо ўйинга қадар тикланиб сафга қайтишидан умид қилмоқда. Бу жангда Клоппга барча юлдузларнинг ёрдами керак.

«Барселона» – «Ливерпуль»
1 май. Барселона. «Камп Ноу» стадиони. 00.00.
Ҳакам: Куйперс (Нидерландия).
Жавоб ўйини – 7 май.

Мавзуга оид