Спорт | 17:10 / 16.05.2019
5373
8 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари». Антонио Валенсия оғир болалик ва қадрли икки нарса ҳақида

«Манчестер Юнайтед» яна бир футболчиси билан хайрлашди. Сўнгги йилларда жамоа сардори бўлиб келган эквадорлик ҳимоячи Антонио Валенсия ҳам жамоани тарк этади. Эътиборингизга ушбу футболчининг жамоа мухлисларига мурожаатини ҳавола қиламиз.

Бир пайтлар, мен – эквадорлик болакайга биров келиб, келажакда «Манчестер Юнайтед »да 10 йил ўйнашимни айтса, асло ишонмасдим.

Мен ота-онам ва олти нафар ака-сингилларим билан Лаго Агрио яқинидаги қишлоқда катта бўлганман. Ҳаммаси оддий эди. Баъзида байрам қилардик, аммо атрофдаги, ташқаридаги ҳақиқат бироз бошқача эканини билардик. Яшаш учун етарли маблағлар кам эди, шунинг учун болалигимиз жуда оғир ўтган. Отам ва болалар, ҳаммамиз уйга шунчаки, егулик олиб келиш учун ҳар куни курашардик. Онам ҳам.

Шаҳардаги нефть саноати туфайли иш кўп эди. Ишчилар кўп, отам ҳам, акаларим, опаларим ҳам ҳали улғайиб улгурмасдан, шу ерда, заводда ишлашган. Оиламга моддий ёрдам бериш учун мен ҳам ишга киришар, масалан, кўчалардан бутилкаларни тўплардим. Уларни кўпайгач, топшириб қанчадир пул олардим. Мен ҳам бу курашда аскар эдим. 

Нотўғри тушунманг, албатта, ҳар бир болакай каби, менинг ҳам бахтли кунларим бўлган. Уйдагилар билан ўйнаш завқ эди, айтишим мумкинки, болалигимнинг ярми қувонч, қолган ярми ғам билан ўтган. Лекин бу ҳаёт, табиийки, ҳеч қачон ҳаммаси яхши бўлмайди. Масалан, ҳамманинг ҳам уйи рўпарасида футбол майдони бўлмаган, яъни омадлари келмаган. Менинг омадим келган.

Лаго-Агрио жамоаси ўша стадионда ўйнарди. Биз томоша қилгани чиқар, шунингдек, истаган пайтимизда у ерда тўп тепишимиз мумкин эди. Деярли ҳар оқшомимиз ўша ерда ўтар, баъзида стадион ходимлари бизни тўхтатиш учун светни ўчириб қўйишар ёки онам келиб, олиб кетарди. Биз жуда кўп футбол ўйнардик ва албатта, бу фаолиятимни бошлашга катта ёрдам берди.

14 ёшга кирганимда «Эл Национал» клубига кўрикдан ўтмоқчи бўлдим. Бу клуб Эквадорнинг энг кучли жамоаларидан бири, мамлакат пойтахти Кито, бизнинг уйимиздан 250 километр масофада жойлашган. Мени 16 ёшлилар жамоасида синаб кўришди ва мураббий жамоага олишга қарор қилди. Форма беришди ва ёш футболчилар ётоқхонасига жойлаштиришди. Шу тариқа менинг футбол фаолиятим бошланди.

«Манчестер Юнайтед»га қизиқишим ўша пайтларда бошланган. Манчестерда тўп сурадиган америкаликлар – Верон ва Форлан туфайли, бу клуб менга яқин бўлиб қолганди. Мен «Юнайтед»нинг ўсишини, йилдан йилга турли совринлар ютишини кузатдим. Ўша пайтларда бу клуб қандай клуб эканини ҳис қила бошладим. 

Футбол билан шуғулланишни бошлаган йилларим, аввал бирор маҳаллий клубда профессионал равишда ўйнаш, кейин мамлакат терма жамоасида майдонга тушиш ҳақида ўйлаган бўлсам, кейин, бу истакларим амалга ошгач, Европада тўп суриш ҳақида ҳам орзу қила бошладим. Аввалига «Уиган»да, кейин Испанияда ўйнаб, ўз устимда ишлашга ва катта клубларнинг эътиборини қозонишга урина бошладим.

«Бу менинг клубим. Менинг уйим. Бу ерда узоқ йиллар ўйнамоқчиман», – Манчестерга келган илк кунимда ўзимга ўзим шу сўзларни айтдим.

Илк кунларимда, машғулотларимда ҳаяжон жуда кучли эди, ахир атрофимни футбол юлдузлари қуршаб олганди. Бу ерда ҳатто икки йил қолишимга ҳам кўзим етмай қолди.

«Бу – «Манчестер Юнайтед». Ютамизми, ютқазамизми, ҳар бир футболчи тинмай меҳнат қилиши ва шуғулланиши керак. Бу - ғолиблар менталитетидаги жамоа» – деганди илк ойларда Эдвин ван дер Сар. Албатта, менга бу ёқади. Доим ғалаба қозонишни истайман. Курашиш эса, мен учун одат.

Ким учундир бироз ғалати туюлар, аммо мен учун энг эсда қоларли ўйинлардан бири – Чемпионлар Лигасида «Бавария»га қарши бўлганди. Бу менинг «Олд Траффорд»даги илк мавсумимда рўй берган. Биз биринчи ўйинда 1:2 ҳисобида ютқазгандик ва жавоб ўйинида ғалаба қозонишимиз шарт эди. Кайфият ҳам ёмон эмас.

Рио ва Патрис биз бу ўйинни мухлислар учун ютишимиз кераклигини айтиб, ёшларга мотивация беришарди. Майдонга тушдик ва 10 дақиқада иккита гол урдик. Танаффусга яқин ҳисоб 3:0 кўринишига етганди. Бутун жамоа ўйинни жуда зўр ўтказар, муҳит ажойиб эди. Аммо биз ўша босқичдан ўта олмаганмиз, «Бавария» икки гол уриб, сафардаги гол қоидаси бўйича ярим финалга чиққанди. Аммо нима бўлгандаям, ўша ўйин ҳеч ёдимдан чиқмайди. Алам билан эмас, аксинча, майдонда майдонда боримизни бериб, меҳнат қилганимизни эслайман. Натижа ҳар доим ҳам яхши бўлавермайди, мана шундай ҳолатлар эса, мағлубиятдан қатъи назар ижобий ҳиссиётлар қолдиради.

Иккинчи мавсумда оёғимни синдириб олдим ва узоқ муддатга сафдан чиқдим. Касалхонадан қайтганимда эшик тақиллаб, очганимизда, остонада Алекс Фергюсонни кўриб, ҳайрон қолганман. Клуб мени ажойиб шаклда қувватлаган ва хавотирга ўрин йўқлигини айтганди.

«Хотиржам бўл ва тикланиш ҳақида ўйла. Биз сени кутамиз», – деганди Сэр.

Бу мен учун жуда муҳим эди. Олти ой ўтиб, мен Чемпионлар Лигаси финалида майдонга тушдим. Ўша жароҳат олган пайтларимда ҳам куним клуб базасида ўтар, айнан ўша кунлари клуб персонали билан яқиндан танишгандим. Уларнинг ҳар бири ажойиб одамлар.

Мен билан ёнма-ён ўйнаган буюк футболчиларни ҳам унутиш қийин. Гиггз, Руни, Скоулз, Рио, Видич, Эвра... мен ҳозир бирма-бир санашни бошладим, лекин ҳар бирини айтиб ўтишнинг иложи йўқ, уларнинг ичидан энг яхшисини ҳам айта олмайман. Шунчаки, шундай буюк футболчилар билан бирга ўйнаганимдан бахтлиман. Бу ердаги хотираларимни, ўтказган вақтимни ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайди.

Икки нарсани айниқса жуда қадрлайман: Биринчиси, клуб сафида илк бор майдонга тушганимда кийган либосим. Иккинчиси, Жозе Моуриньо менга сардорликни ишониб топширганда, илк ўйинимда таққан сардорлик боғичим. Уларни ҳалигача сақлайман ва айтиш мумкинки, уйимда бутун «Манчестер Юнайтед» музейи бор. Уларнинг баҳоси йўқ.

Қалбим доим «Манчестер Юнайтед» билан боғлиқ. Мен доим ушбу жамоа мухлиси бўлиб қоламан, бу ернинг одамлари мен учун яқин инсонлар бўлиб қоладилар. Қизим ўн йил бу ерда бахтли дамларини ўтказди. Бу ажойиб уй эди.

Жамоа мухлислари эса, мен учун энг яқин инсонлар. Жамоа мухлислари, сизлар доим менга яхши муносабатда бўлдингиз, ажойиб ўтган бу йилларда қувватладингиз, бу учун миннатдорман. Умид қиламанки, сиз клубни қувватлашда давом этасиз ва «Манчестер Юнайтед» келажакда сиз учун янги совринларни ютишда давом этади».

¡Muchas Gracias!”

Антонио Валенсия

Мавзуга оид