Ўзбекистон | 14:20 / 07.06.2019
45348
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда овқатдан заҳарланганлар сони 41 нафарга етди. «Оқтепа лаваш» ҳодиса учун жавобгарликни зиммасига олган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларидаги «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича қўшимча маълумот берди.

«Жорий йил 7 июнь соат 14:00га қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 29 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 8 нафар, шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар бемор кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Овқат токсикоинфекцияси», «Ўткир ичак касаллиги» ва «Ўткир диарея» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилди.

Айни пайтда шифохонада беморлардан лаборатория таҳлиллари учун тегишли барча намуналар олиниб, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Мазкур шифохоналар ва унинг бўлимлари зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир марта ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасига кўра, беморларнинг 16 нафари ўз касалликларини Миробод тумани «Қўйлиқ-5» массивида жойлашган, 19 нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида, 3 нафари Учтепа туманида, 1 нафари Шайхонтоҳур туманидаги Чорсу бозори ҳудудида, 1 нафари Олмазор туманида жойлашган «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични ва яна бир нафар фуқаро буюртма асосида келтирилган маҳсулотни ўз хонадонида истеъмол қилгани билан боғлашмоқда.

Пойтахтимизда юз берган ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Вазирлик томонидан юзага келган эпидемик вазият жойига чиқиб ўрганилиб, беморларга ва мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирда шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқлиги сабаб бугун куннинг иккинчи ярмида уларнинг бир гуруҳига уйларига кетиш учун рухсат берилади ва беморлар ўзлари рўйхатда турган ҳудуддаги оилавий поликлиникалар назоратига олиниб, патронаж хизмати билан қамраб олинади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг Kun.uz’га берган хабарида.

6 июнь куни вазирлик Тошкентда 15 киши овқатдан заҳарлангани, улардан 3 нафарининг аҳволи оғирлиги ҳақида хабар берганди.

«Оқтепа лаваш» компанияси Facebook’даги расмий саҳифасида Сергелидаги заҳарланишга изоҳ берди.

«Биз суҳбат ва музокаралар учун очиқмиз. Бўлиб ўтганлар учун жавобгарликни тўлиқ ўзимизга оламиз. Бироқ ҳозир энг муҳими – жабрланганларга ёрдам бериш», — дейилган хабарда.

Шунингдек, саҳифада компания раҳбарияти заҳарланган беморлар аҳволидан хабар олиш учун касалхонага боргани, ҳамда келтирилган маънавий зарар ва даволаниш харажатларини қоплаганини хабар қилган.

Компания вакили заҳарланиш сабаблари ҳозирча 100 фоиз аниқланмаганини ва ушбу ҳолат юзасидан текшириш ўтказилаётганини айтган.

Мавзуга оид