Спорт | 11:40 / 04.12.2019
24230
14 дақиқада ўқилади

Моуриньонинг «Олд Траффорд»га қайтиши ва Ливерпулда дерби. Кун ўйинлари анонси

Европада midweek. Баъзи чемпионатларда мамлакат кубоги баҳслари ўтказилмоқда, Англия ва Францияда эса навбатдаги тур ўйинлари айнан шу кунларга белгиланган. Бу учрашувлар ичида эътиборли, топ-ўйинлар ҳам борки, масалан, «Манчестер Юнайтед» бу турда «Тоттенҳэм»ни қабул қилади. Бу ўйин ўтказиб юбормаслик керак бўлган тўқнашувлар сафига киради.

Мураббийлар

Жозе Моуриньо «Олд Траффорд»га ўзининг бешинчи жамоаси билан меҳмон бўлмоқда. Аввалига, «Порту»нинг зафарли юриши ва Жозенинг дунё томонидан тан олиниши айнан шу ердан бошланганди. Сўнгги дақиқалардаги гол «Олд Траффорд» устидан муздек сув қуйган, мураббий эса, тиззаси билан ерга ўтириб, ғалабани нишонлаганди. Кейин, «Челси» айнан Моуриньо бошчилигида «МЮ»га рақобат қилди. 2009 йилда «Интер», 2013 йилда «Реал» Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичида Манчестерга келганида, биринчисида мезбонлар устун келган бўлишса, Мадрид жамоаси керакли ҳисобга эришиб, чорак финалга чиққанди. «Тоттенҳэм» – Жозе Моуриньонинг янги жамоаси, лондонликлар ушбу мураббий билан ўтказилган уч ўйинни ғалаба билан якунлаган бўлсалар-да, ҳақиқий синов бугун бошланади.

Жозе Моуриньо «Тоттенҳэм»га тайинлангандан кейин ҳам гўёки «МЮ» ҳақида кўпроқ гапираётгандек ёки журналистлар бу мавзуни кўпроқ сўрашмоқда. Бу табиий, чунки жамоага келган позитив Моуриньодан сарлавҳабоп фикрлар чиқиши қийин. Жозе эса тайинловдан сўнг Манчестердан элликдан ортиқ табриклар қабул қилгани, манчестерлик мухлислар, ўтган йили саратонга чалиниб, тузалган «МЮ» футболчиси Макс Тайлор ва яна турли мавзулар орқали собиқ жамоаси ҳақида фикр билдирди. Аммо бугунги ўйин олдидан барчаси жиддий.

«Менинг «Олд Траффорд» билан муносабатим яхши, Sky Sports эксперти сифатида ташриф буюрганимда жуда илиқ кутиб олишди. Ўйлайманки, бу сафар ҳам шундай бўлади, лекин ўйин пайтида, албатта, менинг ва уларнинг истаклари тескари бўлишини тушунишса керак. Улар «МЮ» ғалаба қозонишини исташади, мен эса «МЮ»ни ютишга ҳаракат қиламан. Ҳозир барча бошқа масала кейинги планга ўтган – муҳими, биз ниманинг ҳисобига юта оламиз-у, «Манчестер Юнайтед» ниманинг ҳисобига бизни енгиши мумкин? Шу ҳақида бош қотиряпман», – деди Жозе матбуот анжуманида.

Оле Гуннар Сульшернинг Манчестердаги ҳолати эса, ўтган йилнинг шу пайтидаги Жозеники билан ўхшаш. Португалиялик ҳамкасбидан фарқли равишда Сульшер ҳали жамоани йўқотмади, футболчилар билан алоқалар ёмон эмас. Шундай бўлса-да, сўнгги ўйинлардаги ёмон натижалар, ғалаба қозониш шарт бўлган учрашувлардаги очко йўқотишлар жамоани қийин аҳволга солиб қўйди. Тўрт кун ичида кетма-кет «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити» билан ўйнайдиган «МЮ» бу тўқнашувларда очко олиши шарт.

Айнан мана шу тақвимдан келиб чиқиб ва «Арсенал», «Уотфорд» каби клубларда мураббий алмашганидан, кўпчилик Сульшернинг ҳам истеъфосини тахмин қила бошлади. Вазиятни ўнглаш учун рақиблар қийин, бу ўйинлардаги мағлубиятлар эса, «МЮ»ни яна турнир жадвалининг иккинчи ярмига тушириб юборади. Ниҳоят барчаси изига тушиб, «МЮ» ўз ўйинини топиб олгани ҳақидаги тасаввур йўқолади. Бошқатдан бошлаш учун ишончни қайтадан уйғотиш осон эмас, беқарор натижалар эса, клуб боссларини ҳам шубҳалар гирдобига ташлайди. Ичкарида нима бўлаётгани номаълум, лекин Сульшернинг айтишича, АПЛдаги истеъфолар у учун ёқимсиз, шу билан биргаликда, унда бундай хавф йўқ. Раҳбарият уни тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.

Вудворд Манчестерга олиб келишни истаган Маурисио Почеттино билан боғлиқ янги хабарлар балки, Сульшернинг ҳар қандай ҳолатда мавсум охиригача ишлашига сабаб бўлиши мумкин. Маълум бўлишича, агар Почеттино мавсум давомида янги иш бошласа, «Тоттенҳэм»дан олиниши керак бўлган 12,5 миллион фунт миқдоридаги товон пулини ололмайди. Яъни, Почеттино эркин агентдек кўринса-да, мавсум ўртасида уни тайинлаш клубга қимматга тушиши мумкин.

Хуллас, бугун биз икки хил шароит, икки хил босимга эга бўлган мураббийлар тўқнашувини кўрамиз.

Жамоалар формаси

Юқорида айтилганидек, «Тоттенҳэм» Жозе бошчилигидаги уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Бу ғалабаларнинг бири ЕЧЛда жамоани плей-офф иштирокчисига айлантирган бўлса, жамоа АПЛда 5-ўринга кўтарилиб олди. Умуман олганда, барча мусобақаларда «Тоттенҳэм» олти ўйиндан бери мағлуб бўлмаётганини таъкидлаш керак. Сўнгги 9 ўйинда фақат бир марта «Энфилд»да, ўйин охирларидаги пенальти ҳисобида мағлубиятга учралганди, холос. Лекин Жозе бошчилигидаги АПЛ ўйинларида бошқа тенденция кузатилмоқда – ҳар икки ўйинда ҳам «Тоттенҳэм» аввалига учта гол уриб, ҳисобни хотиржам кўринишга олиб келди, аммо кейин иккитадан гол ўтказиб ҳам юборди. Ўтказилган голлар 73 ва 90+6 дақиқаларга тўғри келаётгани эса, чинданам қизиқ ҳолат. Прагматизм ва ўйинни ўлдиришга уста бўлган Жозе учун бундай сценарийлар қандайдир бегонадек худди.

Терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг, «Манчестер Юнайтед» «Шеффилд» ва «Астон Вилла» билан ўйнади ва ҳар икки ўйин ҳам жанговор дуранг билан якунланди. Бу ўйинларда «Манчестер Юнайтед» ҳисобда ортда ҳам борди, олдинга ҳам чиқди, лекин у қадар кучли бўлмаган рақибларга қарши бу қадар беқарорлик хавотирларни ошириши табиий. Мавсум бошида «МЮ» ҳимояда лиганинг энг ишончли жамоаларидан бири бўлган, асосий муаммо позицион ҳужумлар ва вазиятлардан фойдалана олмаслик эди. Сўнгги ўйинлар эса, ҳимоядаги хатоларни ҳам намойиш қилди. Балки бу марказий яримҳимоячи Скотт Мактоминей майдонга туша олмагани билан боғлиқ ҳам бўлиши мумкин.  

Таркиблар

Мезбонлар сафида сўнгги бир ойни ўтказиб юборган Скотт Мактоминей қайтмоқда. Ушбу футболчининг майдон марказидаги ўрни ҳатто Погбаникидан ҳам баланд экани айниқса, сўнгги турларда кўриниб қолди. Скоттсиз «МЮ» икки ўйинда бешта гол ўтказиб юборгани ҳам кўп нарсадан дарак бермоқда, зеро ундан олдинги 12 учрашувнинг фақат 2тасида «МЮ» биттадан ортиқ гол ўтказганди, холос. Лекин Сульшернинг айтишича, Поль Погба бу сафар ҳам майдонга туша олмайди. У жамоа билан шуғулланишни бошлади, лекин оптимал спорт формасига кириш учун яна бир муддат кутишга тўғри келади. Умуман, Погбанинг жароҳати ва бу ҳақидаги мавҳум фикрлар бошқа тахминларни ҳам ўртага чиқармоқда – франциялик футболчи жамоада узоқ қолмаслиги аниқ, у қишдаёқ кетиши мумкин, шунинг учун Погбани шошилтиришмаяпти ҳам. Неманья Матич ҳам шунга ўхшаш вазиятда турибди. Сербиялик яримҳимоячи аллақачон жароҳатдан қутулган бўлса-да, Сульшер унга ишонч билдирмаяпти. Лекин Перрейранинг сўнгги ўйинлардаги ишончсиз ҳаракатлари, айнан шу сафар Сульшернинг Матични ҳам тилга олиши балки, мажбуран унинг майдонга қайтишидан ҳам далолат қилиши мумкин. Ҳар ҳолда Матичнинг шартномаси бор, январда нима бўлишидан қатъи назар, ҳозирча ундан фойдаланиш мумкин.

Ўйин арафасида Антони Марсиял ҳам майдонга туша олмаслиги маълум бўлди. Сульшернинг айтишича, франциялик ҳужумчи машғулотлар пайтида жароҳат олган.

«Тоттенҳэм»да Кристиан Эриксен ҳам Погба ва Матичнинг ҳолатида. У Почеттино даврида ҳам клубда қолиш нияти йўқлигини маълум қилганди. Моуриньо келиши ҳам вазиятни ўзгартирмади, у мураббийга янги шартномага имзо чекмаслиги ҳақида маълум қилди. Бу ҳолат эса, Эриксенни асосий таркибдан узоқлаштиради. Жозе АПЛдаги икки ўйинда фақат бир марта, ўйин охирида Эриксенни туширди, Чемпионлар Лигаси ўйинида эса, Дайернинг жароҳати туфайли, Эриксен 29-дақиқадан бошлаб ҳаракат қилди, холос. Катта эҳтимол билан бугун ҳам Жозе уни захирада қолдиради.

Бундан ташқари, Эрик Ламела ва Бен Девисда жароҳат бор. Дарвозабонлар Уго Льорис ва Мишель Ворм эса камида яна бир ой «Тоттенҳэм»га ёрдам бера олишмайди.

Марсиялнинг жароҳати Сульшерга яна уч марказий ҳимоячи билан ўйнашга мажбур қилиши мумкин. Жамоаларнинг тахминий таркиби қўйидагича:
«МЮ»: Де Хеа, Ван-Бисакка, Линделоф, Магуайр, Жонс, Шоу, Мактоминей, Фред, Перрейра, Жеймс, Рэшфорд
«Тоттенҳэм»: Гассанига, Орье, Санчес, Алдервейрелд, Вертонген, Уинкс, Дайер, Ндомбеле, Алли, Сон, Кейн    

Ўзаро ўйинлар

2014 йилдан бери ўзаро ўйинларда дуранг қайд этилмаяпти. Бу рақиблар ўйинида анъанавий равишда мезбонлар ғалаба қозониб келаётганди. Фақат ўтган йили тартиб бироз бузилди – мавсум бошида «Тоттенҳэм» «Олд Траффорд»да 3:0 ҳисобида устун келган бўлса, аксинча, Лондондаги ўйинда Рэшфорднинг голи меҳмонларнинг ғалабасини таъминлаганди. Сўнгги 20 учрашувга қарасак, бу ўйинларнинг ярмида «МЮ» ғалаба қозонган, 6 ўйин «Тоттенҳэм»нинг муваффақияти билан тугаган. Тўғри, 10 ғалабадан 2тасини «МЮ» АПЛдан ташқарида қўлга киритган: 2018 йилги Англия кубоги ярим финалида, ҳамда шу йилнинг ёзида Халқаро Чемпионлар кубогида манчестерликлар бир хил – 2:1 ҳисобида зафар қучишган.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН

15-турга яна бир марказий ва қизиқарли ўйин белгиланган. Мерсисайд дербиси. «Эвертон» қандай кўринишда ва қандай формада бўлмасин, «Ливерпуль»га қарши ўйинда бор имкониятини ишга солиши шубҳасиз. Масалан, «Ливерпуль»нинг айнан «Эвертон»га қарши учрашувда йўқотган очкоси ўтган йили чемпионликдан маҳрум қилди, зеро шундан кейинги барча ўйинларда Клопп шогирдлари ғалаба қозонишганди.

Аслини олганда, умумий статистикада ҳам «Ливерпуль» яққол устун – сўнгги 19 ўйинда «Эвертон» бирор марта ҳам ғалаба қозонмаган. «Кўклар»нинг «Ливерпуль» устидан қозонган охирги ютуғига келаси йили 10 йил тўлади. Аммо бошқа жиҳат бор, АПЛда мана шу ўйиндан кейинги 18 учрашувнинг 10таси дуранг билан якунланган. 4 учрашув «Ливерпуль»нинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан тугаган. Яъни юқоридаги фикрнинг исботи, «Эвертон» ҳар қандай шароитда ҳам «Ливерпуль»га бор имконияти билан қаршилик кўрсатади ва аксарият ҳолларда рақибни очко йўқотишга мажбур қилади. «Энфилд»даги охирги 7 ўйиннинг 3тасида «Эвертон» бир очко олиб кетишнинг уддасидан чиққан. Ишонаверинг, нафақат ўртамиёна, балки кучли клублар учун ҳам бу осон эмас.

Бунинг устига «Эвертон» АПЛда сўнгги икки ўйинни бой берди ва турнир жадвалида 17-ўринга тушиб кетди. Ҳозирда жамоани «хавфли зона» билан 2 очко ажратиб турибди, холос. «Саутҳэмптон» ҳам, «Норвич» ҳам сўнгги ўйинларда ғалаба қозонганликлари, «Уотфорд» мураббийини алмаштирганини эътиборга олсак, паст ҳам тинч эмас, «Эвертон» бугундан ҳаракат қилмаса бўлмайди. Шунингдек, бу учрашув бош мураббий Маркус Сильванинг келажагига ҳам ойдинлик киритиши турган гап.

Таркиблар борасида «Ливерпуль» марказидаги муҳим фигура Фабиньо бир ойга сафдан чиқиши катта йўқотиш. «Брайтон»га ўхшаш жамоаларга қарши бу сезилмас, лекин дербида бразилиялик яримҳимоячининг ўрни билиниши мумкин. Шунингдек, Алиссон Бекер ўтган турда қизил карточка олди ва дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Ҳар ёмоннинг ҳикмати бўлганидек, асосий посбоннинг августдаги жароҳати ва икки ой давомида Адрианнинг ишончли ўйини бугунги муаммони ҳал қилди – дарвозабон позициясида «Ливерпуль» қийин ҳолатда эмас. Меҳмонлардан эса Фабиан Дельф, Тео Уолкотт ва Симус Коулман жароҳатдан тикланиб улгурмаган. Андре Гомеш учун эса, мавсум аллақачон тугаганини яхши биламиз.

Дербидаги тахминий таркибдан қўйидагича:
«Ливерпуль»: Адриан, Александр-Арнолд, Ловрен, ван Дейк, Робертсон, Милнер, Ҳендерсон, Вейналдум, Салоҳ, Мане, Фирмино;
«Эвертон»: Пикфорд, Сидибе, Мина, Кин, Динь, Шнайдерлин, Дэйвис, Ивоби, Сигурдссон, Ришарлисон, Келверт-Левин.

15-турнинг қолган ўйинлари.

«Челси» – «Астон Вилла», «Лестер»- «Уотфорд», «Саутҳэмптон» – «Норвич», «Вулверҳэмптон» – «Вест Ҳэм».

Ушбу учрашувлар 5 декабрга ўтар кечаси, Тошкент вақти билан соат 00:30да бошланади.

Қолган икки ўйин эса эртага бўлиб ўтади. «Шеффилд Юнайтед» «Ньюкасл»ни, «Арсенал» «Брайтон»ни ўз майдонида қабул қилади.

3 декабрь оқшомида ушбу тур доирасида икки учрашув бўлиб ўтган. «Кристал Пэлас» «Борнмут» устидан 1:0 ҳисобида устун келиб, 5-ўринга кўтарилиб олган бўлса, «Манчестер Сити» сафарда «Бёрнли»ни йирик ҳисобда енгди – 4:1. 

Мавзуга оид