Ўзбекистон | 14:13 / 11.12.2019
18529
3 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшунос мулкни олиб қўйиш ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилиши бўйича муносабат билдирди

Нуриддин Муродов/Фото: Халқаро пресс-клуб

Сиёсий партиялар вакиллари иштирокида суратга олинаётган «Демократик дебат» ток-шоусининг 10 декабрь кунги сонида Хусусий мулк дахлсизлиги, тизимда қонун ва ҳуқуқий-механизмлар қай даражада ишлаётгани масалалари муҳокама қилинди.

Дебатда қатнашган Kun.uz мухбири муҳокама мавзусидан келиб чиққан ҳолда, мулкни олиб қўйиш ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилиши юзасидан савол берди.

«Албатта, давлат раҳбари томонидан бу масала ўртага ташланди. Аммо ҳуқуқшунос сифатида бу фикрга қўшилмайман. Сабаби, бугунги кунда халқ депутатлари туман, вилоят кенгашлари бу ваколатни бажаришга тайёр эмас. 

Бугунги кунга қадар ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига оид 5 мингдан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган. Лекин бу борада ҳокимларга жавобгарлик белгилаш механизми ҳали мавжуд эмас.

Ҳозир биз бу ваколатни кенгашларга бериб қўядиган бўлсак, уларда биринчидан ҳуқуқшунослар мавжуд эмас, шунингдек, депутатлар ҳам ҳамма сессияларга келяпти деб айтолмаймиз», деди ЎзЛиДеП партияси вакили Нуриддин Муродов маҳаллий кенгашлар бу ваколатни бажаришга қанчалик тайёрлиги ҳақидаги саволга жавобан.

x6sI-fIsGgJYZuhWaqSwb9Uc6FwhAsns.jpg (1151×745)

Партия вакили ўз фикрини далиллаш учун президент администрацияси бу таклифни чуқур қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтди:

Президент администрацияси бу таклифни чуқур қайта кўриб чиқиш мақсадларимизга мувофиқ бўлади. Чунки:

  1. Кенгаш раислари ҳокимлардир;
  2. Кенгашлар қарорлари устидан судга мурожаат қилишнинг аниқ механизми мавжуд эмас;
  3. Жойларда судлар Кенгашларга ҳисобот бериши йўлга қўйилган. Шу асосда ҳам судлар Кенгашларнинг нотўғри қарорларини ҳам бекор қилмаслиги мумкин;
  4. Бу ташаббус шартномавий муносабатлар талабларига ва шунга доир қонунлар нормаларига ҳам мувофиқ эмас;
  5. Бундай қарор мулкдор норози бўлса фақат  одил судлов томонидан ҳал этилиши керак;
  6. Амалда ҳокимнинг бу каби ноқонуний қарорини ҳақиқий эмас деб топиш (шу йилни  ўзида минглаб шундай қарорлар судларда ҳақиқий эмас деб топилди) осон бўлмаяпти;
  7. Вакиллик органининг бундай қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш унданда қийинлашади; 
  8. Ҳокимликлардаку яхшими ёмонми ҳуқуқшунослар бор. Лекин маҳаллий кенгашларда улар йуқ.

Бошқа партиялар вакиллари бу ваколатни катта ишонч сифатида баҳолаган ва депутатлик кенгашлари бу вазифани бажара олишига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида янги йилдан ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид