Жамият | 10:15 / 26.01.2020
1304
2 дақиқада ўқилади

Ижтимоий сўровнома: Ёшлар ўз ҳуқуқини қай даражада билади?

Ёшлар орасида ўз ҳуқуқини билмайдиганлар 36,5 фоизни, ҳуқуқларининг аксариятини биладиганлар 50,6 фоизни ташкил этади. Фақатгина 1,7 фоизи ёшларгина ўз ҳақ-ҳуқуқлари хусусида тўлиқ маълумотга эга. Мазкур статистик маълуотлар «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан «Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятга мойил ёшларни аниқлаш» мавзусида ўтказилган тадқиқот натижалари сифатида тақдим этилди. Тадқиқот давомида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлик, жиноятчилик ҳақидаги тасаввурлари сўровнома асосида таҳлил қилинди.

Сўровнома натижаларига кўра, ёшларнинг 41,3 фоизи ҳуқуқ ҳақидаги билимларини оммавий ахборот воситаларидан, 38,5 фоизи ўқитувчи ва устозларидан, 35,1 фоизи ҳуқуқ фани ўқитилиши давомида бериладиган маълумотлардан олади.

Тадқиқотда иштирок этган респондентларнинг 72,4 фоизи баъзи ҳолларда ўз ҳуқуқини билмаслигини ҳис қилишини кўрсатиб ўтган.

«Жиноят қилишга мойил бўлган ёшларнинг асосий хусусияти нима?» деган саволга 47 фоиз респондент кўп вақтини кўчада ўтказиш, 42,1 фоизи алкоголь ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, 34,9 фоизи агрессивликни асосий хусусият сифатида қайд этган.

Шунингдек, тадқиқот давомида ҳуқуқий саводхонликнинг пастлигига сабаблар ҳам санаб ўтилган. Ёшларда ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслигига тадқиқот иштирокчилариннг 43,9 фоизи шахсий қизиқишнинг йўқлигини, 22,8 фоизи ҳуқуқий тарбия тизимининг номукаммалигини, 14,2 фоизи ёшларни ҳуқуқий маълумотлар билан таъминлаш тизимининг самарасиз эканлигини сабаб сифатида кўрсатиб ўтган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид