Light | 18:00 / 30.01.2020
22226
5 дақиқада ўқилади

Вьетнамга саёҳат: Ханойнинг бориш шарт бўлган 5та асосий жойи

Вьетнам пойтахти Ханойда ўзингизни худди ўтмишда юргандек ҳис этасиз. Эски шаҳарнинг тор ва қаровсиз кўчалари, транспорт воситаларининг тартибсиз ҳаракати, қадимий бинолар, тарихий ибодатхоналар, тиним билмай меҳнат қилаётган оддий одамлар  – буларнинг бари Ханойда ҳар бир қадамингизда дуч келишингиз мумкин манзарадир.

Бироқ Ханойда кўркам шаҳар қиёфаси, замонавий мегаполис андозаси ҳам йўқ эмас. Пойтахтнинг ҳар бир бурчагида кичик бўлса ҳам дўконларни топасиз. Одамлар кун-у тун тиним билмай сайёҳларга қандайдир хизматни таклиф қилиш билан овора: кимдир ўз ошхонасини очган, яна кимдир қўлда ясалган бош кийимларини сотади ёки йўловчиларни аравада манзилига етказади, баъзилар янги узилган мевалардан муздеккина шарбат тайёрлайди... Хуллас, бу ерда тадбиркорлик яхшигина ривожланган.   

Вьетнам ҳақида аввалроқ алоҳида мақола тайёрланган эди. Бугун эса унинг дунёга машҳур, сайёҳлар билан доимо гавжум пойтахти Ханой ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Ханойга борсангиз, зерикмаслигингиз аниқ, лекин ташрифдан аввал қаерга бориш мумкинлиги ҳақида режа қилиб олиш мақсадга мувофиқ. Биз Ханойда бориш қатъий тавсия этиладиган 5та энг асосий масканлар рўйхатини тузиб чиқдик.

1. Old Quarter – Эски мавзе

Old Quarter – Ханойнинг энг асосий ташриф қоғози, десак ҳам бўлади. Ўз номи билан эски шаҳар руҳини ўзида мужассам этган бу ҳудудда кўплаб ресторан, меҳмонхоналар, савдо нуқталари мавжуд. Кўп сонли кўчалар бўйлаб пиёда юриб, маҳаллий аҳолининг одатий ҳаётини кузатиш мумкин.

Old Quarter сувенир ва эсдалик совғалар харид қилиш учун ҳам яхши жой. Фақатгина бир муаммо: кўчада мотоцикл ва скутерлар кўплигидан оёқ босишга жой топа олмайсиз.

2. Хоанкием кўли

Биргина кўлнинг ўзида учта диққатга сазовор жой бор – Тошбақа қалъаси, Хук қизил кўприги, Нефрит тоғи ибодатхонаси.

Бу ер маҳаллий аҳоли ва туристларнинг энг севимли масканларидан биридир. Хоанкием кўли ҳақида бир қанча афсоналар бор. Айтишларича, бир вақтлар бу кўлдан вьетнамлик қаҳрамон Ле Лой қилич топиб олади. Кейинчалик эса айнан шу қилич ёрдамида Хитой босқинчиларига қарши курашиб, уларни мағлуб этади. Ле Лой кўлга миннатдорчилик билдириш учун борганида қилич сувга қалқиб тушади ва уни баҳайбат тошбақа кўл тубига олиб кетади.

Хоанкием кўлига келиб, унинг ёнидаги қаҳвахоналардан бирига киришни, мазали ширинликлардан татиб кўриб, атрофни кузатишни тавсия қиламан.

Хук қизил кўприги

Нефрит тоғи ибодатхонаси
Тошбақа қалъаси

3. Халонг кўрфази

Сайёҳлар орасида Halong Bay номи билан танилган кўрфазга туристик агентликлар орқали бориш мумкин. Халонг бўйлаб кемада саёҳат қилиш барчада унутилмас хотира бўлиб қолишига ишонаман. Бу ер ЮНЕСКО бутунжаҳон мерослари рўйхатига бежиз киритилмаган.

Халонг кўрфази 3000дан зиёд ороллар, кичик қоялар, жарликлар ва ғорлардан иборат. Круиз саёҳати кемада сайр қилишдан ташқари, мазали денгиз таомларини ҳам ўз ичига олади.

4. Сувдаги қўғирчоқ театри намойишлари

Ханойда бўлганимда «The Quintessence of Tonkin Show»га киришга муваффақ бўлдим. У Вьетнамдаги энг катта ва машҳур жонли томошалардан бири. Агар санъат ишқибози бўлсангиз, бу намойиш айнан сиз учун. Очиқ осмон қўйнида Вьетнамнинг тарихи, мусиқаси, шеърияти, урф-одатлари билан танишиш имконига эга бўласиз.

Бу ерда юзга яқин театр усталари, кичик болалар сувда ажабтовур рақслар, тасвир санъат намуналарини намойиш этишади, тарихий достон ва қўшиқларни ижро қилишади.

Фақатгина бир нарса сизни зериктириши мумкин буларнинг бари вьетнам тилида бўлиб, тушуниш қийин.

Яна бир эслатма: ҳаво ҳарорати иссиқ ва нам бўлгани сабабли чивинлар жуда кўп. Шунинг учун сайёҳларга устни ёпувчи кийимлар кийиш ва чивин чақишига қарши спрей сепиш тавсия қилинади.

5. Усталар ибодатхонаси

Chùa Thầy – яъни Усталар ибодатхонаси XI асрда барпо этилган бўлиб, Вьетнамдаги энг қадимий диққатга сазовор жойлардан бири саналади. У Сай Сон тоғи яқинида, сунъий кўл қирғоғида қад ростлаган. Бу ерда дарахтларда ўсувчи қовунларни кўришингиз мумкин.

Усталар ибодатхонаси

Ханойда яна бошқа кўплаб кўнгилочар манзилларни топиш мумкин. Мен бор-йўғи сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган бешта манзилни санаб ўтдим, холос. Саёҳатни ўз талаб ва истакларингизга мўлжаллаб, режалаштиришингиз мумкин. Биз эса сизларга турли манзилларни таништиришда давом этамиз.

Феруза Авазова,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид