Ўзбекистон | 02:58 / 01.03.2020
53460
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Жанубий Кореядаги фуқароларини олиб келишни бошлади

Ўзбекистон Жанубий Кореядаги 182 нафар фуқаросини олиб келди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

1 март куни куни Тошкент вақти билан соат 2:40да Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY514 рейси Сеулдан Тошкентга етиб келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, рейс орқали келган самолётда жами 253 йўловчи бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича тажрибали мутахассис ва эпидемиолог-шифокорлари йўловчиларни самолётдан чиқиш вақтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказишди.

Сеулдан олиб келинганлардан 182 нафари Ўзбекистон фуқаролари, 71 нафари хорижий мамлакатлар фуқароларидир. Хорижий фуқаролардан 49 нафари Ўзбекистонда қолади, 22 нафари эса транзит йўловчилардир.

Эндиликда йўловчиларнинг 231 нафари (182 ўзбекистонлик ва 49 нафар хорижлик) коронавирус Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасасига жойлаштирилади ва икки ҳафта давомида карантинда сақланади. 22 нафар транзит йўловчилар эса белгиланган тартибда изоляция қилиниб, кейинроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси рейси орқали ўз мамлакатига учиб кетади.

Маълумот учун, 1 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши ва Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатган.

Аввалроқ, Тошкентдан Жидда ва Мадинага рейслар тўхтатилгани, у ердаги ўзбекистонликларни қайтариш учун рейслар ташкиллаштирилиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати февраль ойи бошида Хитойдан учта рейс орқали 600га яқин фуқаросини эвакуация қилганди. Улар ҳам икки ҳафта мобайнида карантин ҳудудларида сақланди, уларнинг бирортасида коронавирус аниқланмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид