Сенатор - кластер раҳбари: «Фермерлик тизими замон талабларига жавоб бермай қўйди»
Ҳозирга келиб фермерлар замонавий ривожланиш талабларига жавоб бермай қўйган, Шу сабабли ҳам қишлоқ хўжалигида кластер тизимига ўтилмоқда, деди Қуйи Чирчиқдаги кластер раҳбари Муртазо Раҳматов.
2 март куни ОАВ ходимлари учун Қуйи Чирчиқ туманидаги «TCT cluster» корхонасига пресс-тур ташкил қилинди.
Кластер раҳбари – Ўзбекистондаги биринчи пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси, сенатор Муртазо Раҳматов туманда пахта тўқимачилик кластерига ўтишдаги илк натижалар бўйича тақдимот қилиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Муртазо Раҳматов дастлаб Ўзбекистонда ер бошқарувининг кластер тизимига ўтаётгани борасида ўз фикрларини билдирди.
Унга кўра, давлат қишлоқ хўжалигида ўз ижтимоий-сиёсий ривожланиш режаларидан келиб чиққан ҳолда кластер, фермерлик ва ёки деҳқон хўжалиги бўлсин, маълум ишлаб чиқариш услубини ташкил қилади.
«Бизда шу пайтгача фермерлик тизими амал қилиб келди ва бу тизимда ҳам катта ишлар қилинди. Лекин ҳозирга келиб фермерлар замонавий ривожланиш талабларига жавоб бермай қўйди. Нима учун? Чунки бизда катта муаммо аҳолини иш билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни техника билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларини жорий қилиш ва бошқа ўнлаб ижтимоий муаммолар ҳисобланади.
Бу муаммоларни фермерлар ҳал қилолмай қолди. Шунинг учун ҳам президент Шавкат Мирзиёев бундан икки йил аввал қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда кластер усулини жорий қилиш талабини қўйди.
Биз эса биринчилардан бўлиб кластерни ташкил этдик», – деди у.
Қуйи Чирчиқ туманида фаолияти йўлга қўйилган «TCT cluster»да бугунги кунда 10га яқин йўналишда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган.
Хусусан, кластерда шоли етиштириш ва уни қайта ишлаш заводи, чорвачилик комплекси, ёпиқ усулда балиқ етиштириш комплекси, био гумс ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекслари ишлаб турибди.
Маълумки, уруғни ерга қадашдан бошлаб, ундан юқори ва қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга йўналтиришгача бўлган ишларни бирлаштирувчи тизим бу – кластердир.
Айни пайтда дунёнинг бир қанча давлатларида бу тизим қўлланилади. Масалан, кластер тузилмалари енгил саноатда Швейцария, Австрия, Италия, Дания, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Покистон, Хитой ва Туркияда, кимё ҳамда машинасозлик саноатида Германияда, озиқ-овқат ва косметика саноатида Францияда жорий этилган.
Кластер усули сўнгги вақтларда Жануби-Шарқий Осиё, Хитой, Сингапур, Японияда ҳам кенгайиб бормоқда.
«BCT Cluster» – Ўзбекистондаги илк кластерлардан ҳисобланади. Муртазо Раҳматовга кўра, «BCT Cluster» унинг раҳбарлигидаги иккинчи кластер ҳисобланади.
«Бухорода ҳозирги «BCT Cluster»га қарашли 8 минг гектар ерда 2 йил аввал ҳам пахта етиштириларди. Етиштирилган пахта ҳосили эса хомашё сифатида тахминан 8-9 млн. доллар миқдорида сотилган.
Бу майдонлар кластер бошқаруви тизимига ўтгандан кейин етиштирилган тайёр маҳсулотлар биринчи йили (2018) 50 млн. доллар, иккинчи йили (2019) 150 млн. долларга сотилди. Биз бу йил етиштирилган тайёр маҳсулотларимизни 250 млн. долларга сотишни режалаштиряпмиз.
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун биз 2500га яқин машина трактор ва бошқа турдаги асбоб-ускуналарини олиб келдик. Бу бизга 45 млн. долларга тушди», – деди у.
Кластер раҳбари тақдимот давомида «BCT Cluster»да ишлаб чиқарилаётган «Деним классик» ва «Деним стрейч» номли импорт ўрнини босувчи ва экспортга чиқариладиган эркаклар жинси шимларининг дастлабки намуналарини ҳам намойиш қилди.
Унга кўра, кластерда жинсининг 16 хил рангли ва турли моделлари тайёрланмоқда. Кийимларнинг 80 фоизи эса экспортга йўналтирилади.
Пресс-тур давомида кластер раҳбарига кластерлар бутун дунёда фермерларнинг ихтиёрий бирлашуви асосида бўлиши, Ўзбекистондаги айрим ҳудудларда, масалан, Қуйи Чирчиқ туманида фермер хўжаликларини мажбурий тугатиш ҳисобига кластерлар ташкил этилгани борасида савол берилди.
«Фермерлардан ери тортиб олинди, деган гап нотўғри. «Фермер хўжаликлари тўғрисида»ги қонунда фермер ўз ер майдонига тўғри қараб, уни тўғри озиқлантириб, давлат режасини тўлиқ бажарса, фаолиятини давом эттиравериши белгилаб қўйилган.
Мен кластеримиз ташкил қилинаётганда фермерларга айтганман: «Агар қайси фермер биз каби иш ўрни ярата олса, биздай ишлай олса, марҳамат давом эттираверсин.
Беш йиллаб режалар бажарилмасдан, 10-11 центнердан ҳосил олинган бўлса, у қаерга сиғади?
Туманда фермерлар фаолиятига жавоб берадиган ташкилот бор (Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши – таҳр.). Уларнинг ўзи айтди, фермерлар фаолияти талабга жавоб бермайди. Ерларнинг аҳволи бузилиб кетган деди улар.
Қайтараман, кимки, биз қилган ишларни қила оламан деса, мард бўлса, ёнимга келсин, мен еримни ажратиб бераман», деди иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Муртазо Раҳматов.
Мавзуга оид
08:10 / 23.11.2024
3,7 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди
08:10 / 20.11.2024
Салкам 1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди
11:10 / 02.11.2024
Фермер хўжалиги 382 млн сўмлик қум-шағал аралашмасини қазиб олгани аниқланди
16:26 / 16.10.2024