Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада илк ҳолат, Кореяда «вирусга қарши уруш ҳолати». Сўнгги маълумотлар
Шимолий Корея Covid-19 касаллиги глобал миқёсда тарқала бошлагач, мамлакатни тарк этиш истагини билдирган хорижлик дипломатларга кетишга рухсат берди. Сешанба куни Украина ҳудудида коронавирус тарқалишининг илк ҳолати қайд этилди.
Сўнгги маълумотларга кўра 19-NCoV коронавируси билан зарарланганлар сони дунё бўйича 92 165 нафарни ташкил қилмоқда. Уларнинг 80 151 нафари Хитойнинг материкдаги қисмида. Вирус қурбонлари сони 3127 нафар, яна 48 002 киши соғайиб кетган.
Сешанба куни яна 5 мамлакатда - Саудия Арабистони, Сенегал, Тунис, Марокаш ва Украина коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолатлари ҳақида эълон қилди. Хитой вирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича биринчи ўринда қолмоқда, аммо бугунги кунга келиб вирус тарқалиши Хитойда секинлашган, Хитойдан ташқарида тезлашган.
Ҳаага суди MH-17 рейси ҳалокати иши бўйича кейинги ҳафтада Украинада бошланадиган жараёнга келишни режалаштирган журналистлар ва кузатувчиларга судга келмасликни тавсия қилган. Суд сайти баёнотида айтилишича, суднинг биринчи йиғилиши www.courtmh17.com сайти орқали трансляция қилинган.
Европадаги вазият
Италия ҳамон Европада вирусдан энг кўп зарарланган давлат бўлиб турибди - 2036 бемор ва 52 қурбон. Лекин бу давлатда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ янги ҳолатлар кузатилмади.
ОАВда Рим папаси Франциск ҳам 19-NCoV вирусидан зарарлангани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Понтифик бир неча кун муқаддам диний маросим вақтида ўзини ёмон ҳис қилган, кейинги маросимлар бекор қилиниб, папанинг ўзи жамоатчиликка кўриниш бермаганди.
Сешанба куни Италиядаги нашрлар 83 ёшли понтифика коронавирусни аниқлаш бўйича тест топширгани ва унда вирус аниқланмагани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ватикандагилар бу маълумотлар бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Бу вақтда вирус юқишининг илк ҳолати Украинада қайд этилган, бу ҳақда бош санитар шифокор Виктор Ляшко хабар берди.
«Кеча мен сизларга тўрт киши вирус юқтиришда гумонланаётгани ҳақида айтгандим. Бугун улардан бирида вирус борлиги тасдиқланди», - дея унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.
Февраль ойи охирида Полтава областида яшовчилар Хитойдан эпидемия коронавируси туфайли эвакуация қилинган фуқароларни маҳаллий санаторий ҳудудига олиб киришга тўсқинлик қилишган. Вирус назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотирга тушган одамлар баррикадалар ўрнатган ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувлар рўй берганди.
Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок бир неча ҳафтадан кейин мамлакатдаги мактаблар вақтинча ёпилиши мумкинлигини маълум қилган.
Британия ҳукумати сешанба куни коронавирусга қарши кураш режасини эълон қилди. Ҳукумат прогнозига кўра, вирус авж олиши ўз чўққисига чиқса, мамлакатдаги меҳнатга яроқли аҳолининг бешдан бир қисми вирусдан зарарланиши мумкин. Бугунги кунда мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 51 нафарни ташкил этмоқда.
Бош вазир Борис Жонсон режани тақдим этар экан, алоҳида вазиятларда тиббиёт ходимларига ҳарбийлар ҳам ёрдам бериши кўзда тутилгани, кўплаб оммавий тадбирлар, шу жумладан, футбол учрашувларида чекловлар ўрнатилиши мумкинлигини маълум қилди.
Аммо бу чоралар фақат Британияда коронавирус тарқалиши кескин ортгудек бўлса қўлланади.
«Кўпчилик британияликлар ҳаёт тарзига бу чоралар таъсир кўрсатмайди», деган Жонсон.
Порт учун жанг ва шифокор ўлими
Франциянинг Ҳинд океанида жойлашган Реюньон оролида маҳаллий аҳоли вакиллари бортида 2000 киши бўлган «Сан Принцесс» лайнери портга киришига тўсқинлик қилишди. Ушбу лайнер ҳам февраль ойида Япониянинг Йокогама порти яқинида икки ҳафтадан ошиқ давомида карантинда турган ва коронавирус тарқалишининг жаҳондаги ўчоқларидан бирига айланган «Даймонд принцесс» лайнер круизи тегишли бўлган компанияга қарашлидир.
Лайнер Таиланддан келганди ва маҳаллий аҳоли вакиллари унда ҳам коронавирусдан зарарланганлар борлигидан хавфсирашган. Аввалроқ бу кемани Мадагаскардаги портлардан бири ҳам қабул қилишдан бош тортган, аммо кема кейинроқ ЖАРдаги портлардан бирига кирганди.
Ўнлаб намойишчилар Пуан-де-Гале портини тўсиб қўйишган ва йўловчилари вирус бўйича текширувдан ўтмагунича уни порт ҳудудига киритишдан бош тортишган.
Жаҳонда вируснинг яна бир ўчоғига айланган Эронда айни вақтда расман 2336 кишида вирус аниқланган, 77 киши вафот этган. Ушбу мамлакат вирус юқтирганлар сони кўплиги бўйича Хитой (80 мингдан ошиқ, 2943 ўлим) ва Жанубий Кореядан (5186, 28 ўлим) кейинги учинчи ўринда. «Франс пресс» агентлиги хабарига кўра, душанба куни ҳукумат 24 кишини интернетда коронавирус тўғрисида «миш-миш тарқатиш»да айбланиб қўлга олган, яна 118 киши полиция суҳбатида бўлган.
Мамлакат парламентининг 23 нафар депутати коронавирусга чалингани аниқланган, шунингдек, тез ёрдам хизмати раҳбари ўринбосари ҳам вирусдан зарарланган. Аввалроқ парламент депутатларидан бири — Муҳаммад Али Рамазоний Дастак коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Эроннинг Ватикандаги собиқ элчиси Хади Хисравшоҳий коронавирус билан касалланиб вафот этган.
Эрон ҳукумат вакиллари орасида коронавирус эпидемияси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ираж Харирчидан бошланган эди. Шундан сўнг Эрон вице-президенти Маъсума Эбтекарда ҳам коронавирусга чалингани хабар қилинди.
Хитойда Уҳандаги марказий шифохонанинг яна бир шифокори коронавирус туфайли вафот этди. Мэй Чжунмин коронавирус ҳақида илк бор хабар берган ва бунинг учун полиция томонидан огоҳлантирилган Ли Вэньлян каби офтальмология бўлими раҳбари эди.
КХДР хорижликларни Владивостокка қўйиб юборди, Жанубий Корея «ҳарбий ҳолат»да
Шимолий Кореяда 1 март куни юзлаб хорижликлар учун 30 кунлик карантин якунланган. NKnews хабарига кўра, карантинга жойлаштирилган хорижликлар орасида дипломатлар ҳам бор.
Кетишга рухсат берилган дипломатлар сони очиқланмаган, аммо Япониянинг Киодо цусин агентлиги маълумотларига кўра, КХДРдан кетишни истаганлар Air Koryo авиакомпаниясининг махсус рейси орқали Владивостокка олиб борилади.
КХДР мамлакат ҳудудида коронавирусдан зарарланганлар йўқлигини тасдиқлаган.
Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин мамлакат коронавирусга «уруш эълон қилгани» ҳақида гапирди. Сешанба куни мамлакатда вирусдан зарарланганлар сонида кескин ўсиш кузатилди: 851та янги ҳолат. Мамлакатда жами 5186 кишида вирус аниқланган, бу борада жаҳонда Хитойдан кейинги иккинчи ҳолат.
«Тэгу шаҳри ва Кёнсан-Пукто провинциясидаги вазият ўзининг чўққисига чиқди ва бутун мамлакат юқумли касалликка қарши урушга кирди», деди президент.
Унинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши курашга 30 трлн вон (25 млн доллар) йўналтирилади. Президент шунингдек барчани тиббиёт ниқоблари билан қисқа муддатда таъминлаш имкони йўқлиги учун мамлакат фуқароларидан узр сўраган.
Хитойда ҳам хорижликлар учун карантин жорий этилган. Бу тартиб бир неча шаҳарларга тааллуқли. Пекин, Шанхай ва Гуандун шаҳарларида инфекциянинг йирик ўчоқлари - Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Италиядан келувчилар 14 кунлик карантинга жойлаштирилиши маълум қилинган.
Хитой ҳукумати мамлакат бўйлаб ўз фуқаролари ҳаракатланишида қатъий чекловлар ўрнатган, аммо хориждан келувчилар инфекция олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
10:43 / 26.05.2025
“Кореяда олган тажрибани қишлоғимда қўлламоқчиман” – бўш ерларни ўзлаштираётган шаҳрихонлик йигит
00:47 / 24.05.2025
Жанубий Корея лоукостери Сеул—Тошкент йўналиши бўйича мунтазам қатновларни йўлга қўйди
23:21 / 15.05.2025
Осиёда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кескин ошди
17:25 / 07.05.2025