Light | 16:12 / 21.06.2020
44899
7 дақиқада ўқилади

Энг машҳур кўзи ожиз инсонлар

Кўз нуридан айрилиб ҳам башарият хотирасида ўчмас из қолдира олган шундай инсонлар борки, уларнинг амалга оширган ишлари, ҳаёт йўллари ҳаммага ўрнак бўла олади.

Гомер

Фото: Wikipedia

Антик дунёнинг энг машҳур достонлари бу шубҳасиз «Илиада» ва «Одиссея»дир. Гарчи бирор бир аниқ ҳужжат ёки ёзма манба қолмаган бўлса-да, бу икки достоннинг муаллифи Гомер исмли сўқир инсон бўлганлиги оғиздан оғизга кўчиб, бугунги кунгача етиб келган. Кўҳна дунёнинг энг машҳур кўзи ожиз инсони номи ҳам шу тарзда Гомерга насиб қилган.

Лекин шунга қарамай унинг ҳаёти ҳақида айтарли маълумотлар йўқ, тахминларга кўра у милоддан аввалги VIII асрларда яшаган, ҳалигача унинг ватани номи учун етти шаҳар даъвогарлик қилади.

Гомер омма олдида достонларни ёддан ўқиб берган ва йилдан йилга қизиқарли воқеалар билан бойитиб бораверган. Бу достонларнинг аҳамияти шундаки, улар ўша давр руҳияти, маданияти ҳақида беқиёс қўлланма бўлиш билан бирга жуда кўп бошқа асарлар яратилишига ҳам туртки бўлган. Жаҳонга машҳур «Троя» бадиий фильми ҳам Гомер достонлари сюжетлари жамланмасидир.

Луи Брайль

Фото: Wikipedia

Бугун деярли ҳар бир кўзи ожиз инсон ўқишни билади ва бунинг учун улар яна бир шундай тақдир эгаси – Луи Брайлдан миннатдор бўлишлари лозим.

1809 йилда Франциянинг Кувре шаҳарчасида туғилган Луи 3 ёшида отасининг устахонасига киради ва бир асбобдан жароҳатланади. Жароҳат оғир асорат – кўзи ожизликка сабаб бўлади.

У пайтларда кўзи ожизлар учун мактаблар бўлмагани учун ота-онаси Луини оддий мактабга беришади. Дастлаб ўз хотирасига суяниб амаллаб ўқиган Луи 10 ёшида кўзи ожиз болалар учун махсус стипендия соҳиби бўлади.

Брайлда ҳарбийлар қоронғида фойдаланувчи ёзув тизимини ўзи кабилар ўқиши учун қўллаш фикри туғилади ва шунинг устида иш бошлайди. 20 ёшли Луи 6 нуқтали кодга асосланган, бугунги кунда бутун дунёда фойдаланиладиган алифбони яратишга муваффақ бўлади.

Бу ёзув нафақат ёзув, балки илмий рамзларни ҳам ифодалаш имконини берарди. 1834 йилда Брайл ўз ихтиросини Париж санъат кўргазмасида намойиш қилади ва кейинги 20 йил ичидаёқ бу алифбо бутун дунёга тарқалиб улгуради. Бугунги кунда ҳам бу ёзув бутун дунёда кўзи ожизларнинг расмий ёзуви ҳисобланади.

Андреа Бочелли

Фото: Getty Images

Италиялик бу санъаткор истеъдоди ҳатто машҳур Павороттини ҳам ҳайратга солган.

Андреа болалигидан кўзи билан боғлиқ муаммоларга дучор бўлган ва 12 ёшига қадар 12 марта турли-туман операциялар ўтказиб, охир-оқибат бутунлай кўзи ожиз бўлиб қолган.

Дастлаб қаттиқ тушкунликка тушган болакай қўшиқ айтиш орқалигина таскин топарди. Қишлоқда, ферма яқинида яшаган Бочелли одамлар бор ёки йўқлигига қарамай бор овозда куйлайверган.

Ўсмирлигида у бир неча мусиқа фестиваллари ғолиб бўлган Андреа маълум муддат санъатдан чекиниб, Пиза университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради.

Аммо унинг тақдирига ҳуқуқшунослик эмас, санъат битилганди. Италиялик тенор Франко Корелли билан ҳамкорлиги унга машҳурлик эшикларини очади. Кундузлари ўқиган Андреа кечалари ресторанларда қўшиқ айтиб пул топарди. 90-йилларда унинг қўшиқларини кимсан Лучано Паворотти эшитади ва фестивалга таклиф этади. Шу-шу Бочелли минглаб томошабинлар олдида куйлай бошлайди. Бу томошабинлар орасида ҳатто Рим папаси ҳам бўлган.

Дэвид Бланкетт

Фото: yorkshirepost.co.uk

Кўзи ожизлар баланд мартабаларга эриша олмасликлари бўйича тушунчаларнинг хатолигини Дэвид Бланкетт исбот қилган. Туғма кўзи ожизлигига қарамай бу инсон Тони Блэр ҳукуматида Буюк Британия ички ишлар вазири бўлган.

Ота-онаси ҳамиша ўзига ишонган йигит қилиб улғайтирган Дэвид сиёсий ва ижтимоий фанларни ўзлаштиради ва Шеффилд шаҳар кенгаши аъзосига айланиш орқали сиёсатга кириб келади. 1987 йилда парламент аъзосига айланган Бланкетт кейинчалик вазир даражасига кўтарилади.

Энг муҳими, у бу даражага кўпчилик ўйлаганидек юқоридагиларнинг ачиниш ҳисси туфайли эмас, ўзининг меҳнаткашлиги ва ақл бовар қилмас хотираси орқали эришган.

Жозеф Пулитцер

Фото: Library of Congress/via JTA

Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир журналист «Пулитцер» мукофотини олишни орзу қилади. Аммо ўзидан сўнг номида шу қадар машҳур мукофот қолишига сабаб бўлган инсон фаолиятининг айни гуллаган даврида кўзи ожиз бўлиб қолганини кўпчилик билмайди.

1847 йилда Венгриянинг Мако шаҳрида туғилган Жозеф 17 ёшида бахт излаб АҚШга жўнайди ва мухбирлик фаолиятини бошлайди. Кейинчалик у сиёсий иродасини мустаҳкамлаб боради ва Миссури штати қонунчилик кенгашида ўрин эгаллашга муваффақ бўлади.

У порахўрликка қарши курашдаги қарашлари билан омма эътиборини қозонади. 1872 йилда Пулитцер Сент-Луисдаги икки газетани сотиб олади ва уларни бирлаштириб, кучайтиради. Журналистик суриштирувлар асосида қатор коррупцион гуруҳларни фош қилиш ортида унинг обрўси ортиб кетади.

1883 йилда у «New York World» нашрини сотиб олади ва ўз имкониятларини янада оширади. Ҳукумат даражасидаги фирибгарларнинг кирдикорларини фош қиладиган бу газетада юмор ҳам, реклама ҳам, мақола-ю ҳикоялар ҳам бор эди.

Кенг оммага мўлжалланганлик ўз ишини берди ва Пулитцер қўлига тушгунга қадар 15 минг ададда чиқадиган газета миллион нусхагача чоп этилади ва сотилади.

Аммо Жозеф ўз меҳнатларидан кўнгилдагидек қувона олмайди. Чунки у 1887 йилда, ижоди айни гуллаган чоғда кўриш қобилиятини деярли бутунлай йўқотади ва бош муҳаррирлик ўрнини бўшатишга мажбур бўлади.

1911 йилда вафот этган Жозеф Пулитцер ўзининг 2 млн доллар бойлигини Колумбия университетига, журналистлар олий мактаби тузиш учун қолдиради. Журналистика соҳасидаги энг нуфузли мукофот унинг номидалиги ҳам бежиз эмас.

Шунингдек кўриш қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотган Галилео Галилей, Клод Моне, Николай Лобачевский, Гарриет Табмен, Хелен Келлер, Стиви Уандер каби инсонлар ҳам борки, уларнинг ҳам инсоният тарихига ўз номларини ёзиб қўя олганлар.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид