Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лицензия ва рухсат беришни қисқартириш натижасида тадбиркорларнинг қарийб 40 млрд сўм маблағлари иқтисод қилинади — вазир
Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг маълум қилишича, лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сонини сезиларли равишда қисқартиришда «тартибга солиш гильотинаси» усули қўлланди.
Соҳада «тартибга солиш гильотинаси» усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди.
- Гильотина – мавжуд тартиб-қоидаларни тубдан қисқартириш масаласи бўлиб, инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш, хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказилишида акс этади.
Лицензия бериш тартиби қайта кўриб чиқилиб, 115та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди. 14 турдаги фаолиятлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди. Масалан, кредит бюросини очиш учун лицензия олишда камида 10та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талаби бекор қилинди, айрим фаолият турлари учун устав фонди миқдорига қўйиладиган минимал талаблар олиб ташланди ҳамда туроператорлар хизматларини сертификатлаштиришни ихтиёрий этиб белгиланди.
Вазирнинг таъкидлашича, буларни йўлга қўйиш орқали ягона стандарт, ягона талаб асосида иш олиб борилади: бюрократиядан воз кечилади. Натижада тадбиркорлар ўзини нима кутаётганини билади ва шунга қараб ишни режалаштира олади. Ҳар бир давлат органидаги амалиёт бир хиллашади.
«Тенгликни таъминлаш мақсадида давлат унитар корхоналари ҳам фаолиятнинг лицензияланадиган турлари билан шуғулланганда лицензия олиши шарт бўлди. Илгари уларда давлат корхонаси бўлганлиги учун лицензиясиз фаолият юритиш имконияти бор эди.
Маълумот ўрнида айтмоқчиманки, ҳозирда «Лицензия» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари якунланмоқда. Бу тизим 2021 йилнинг 1 январидан ишга туширилади. Бу орқали аввало биз учун янги институт бўлган хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилмоқда», деди Русланбек Давлетов.
Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 40 млрд сўм маблағлари иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади.
Мавзуга оид
12:02 / 16.05.2025
Умра лицензияси берилган турфирмалар сони 2 тага кўпайди
16:23 / 30.04.2025
Турагентлик фаолияти учун лицензия талаби бекор қилинади
18:33 / 18.04.2025
Минерал ўғитлар ва пестицидлар савдоси учун энди лицензия талаб қилинади
15:04 / 08.04.2025