Жамият | 18:00 / 14.04.2021
4878
2 дақиқада ўқилади

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида бўлди

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси раҳбарияти ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи шу кунларда Самарқанд вилоятидаги саноат корхоналар фаолияти, амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларининг бугунги ҳолати билан жойларга чиққан ҳолда танишмоқда.

Фото: Ўзсаноатқурилишматериаллари

Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар, инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши кутилаётган ишлар “корхонабай” усулда тўлиқ ўрганилди, шу билан бирга керакли тавсия ва кўмаклар берилди.

Мутахассислар дастлаб Самарқанд шаҳрида ўтган йили фойдаланишга топширилган, умумий қиймати 568,6 млрд сўм бўлган “Азия металл проф” МЧЖда бўлишди. Корхона йилига 600 минг тонна металл ўрамлар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилган. Ишчи гуруҳ корхонадаги барча бўлимларда бўлиб, замонавий технологиялар асосидаги ишлаб чиқариш жараёнлари, хом-ашё масаласи, эндиликда бу йўналишда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалар бўйича таклиф ва муаммоларни тўлиқ ўрганди. Уюшма мутасаддилари жамиятнинг маҳсулот турлари, унинг сифати, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Уюшма вакиллари шунингдек, йилига 500 минг тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга “Indigo sand trade” МЧЖда ҳам бўлишди. Бу ерда ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишишди. Цемент заводи Пастдарғом туманида жойлашган бўлиб, лойиҳа қиймати 25 млн долларни ташкил этади. Эътиборлиси корхона фаолиятини бошлагач 178 та янги иш ўрни яратилган.

Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлар ва саноат корхоналари мутахассислари билан учрашиб, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини ўз муддатида ва сифатли ишга тушириш, мавжуд ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, соҳага илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий қилиш, атроф-муҳит мухофазаси масалаларининг таҳлили бўйича ҳамкорликда фаолият олиб бориш ва мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этиш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олишди. Уюшма томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятидаги қурилиш материаллари корхоналар фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси
Матбуот хизмати

Мавзуга оид