Жамият | 09:03 / 07.05.2021
41141
8 дақиқада ўқилади

Фирибгар телефон қилса, танимай алданиб қолманг!

SMSда келган махфий кодни бировга айтиб ёки фирибгарлар яратган сайтга ишониб пулидан айрилган одамлар сони кундан кунга кўпайяпти.

Фото: Alamy stock

Одамларнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими ходими сифатида таништириб, мобил илова бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтирган ҳолда дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, одамларнинг пулларини ўғрилаш ҳолатлари кўпаймоқда.

Блогер Шаҳноза Соатова обуначиларидан бири билан рўй берган ҳолат ҳақида қуйидагича ёзади.

«Менга телефон қилиб, бир ёш йигит ўзини Артём деб таништирди. Суҳбат рус тилида бўлди. «Мен сизни Марказий банкдан безовта қиляпман. Ҳозиргина сизнинг картангиздан мобил илова (Сlick, Payme, тижорат банклари иловалари) орқали OLX.UZ учун 2 млн сўм тўлов амалга оширишга уриниш бўлди. Шу сизмидингиз? Ҳозир сизнинг мобил тизимига доступингиз борми, текшириб кўрамиз».

Мен дарров: «Шошманг, сиз қайси Марказий банкдан телефон қиляпсиз?» деб сўрадим. «Тошкент шаҳар Марказий банкидан», деди Артём. «Қайси бўлимдан?» деб сўроқни давом эттирдим. Озгина ўйланиб «Хавфсизлик бўлимидан», деди ҳурматли Артём.

– Кечирасиз, Артём, сизнинг мобил тизимга қандай алоқангиз бор?

– Ахир биз Марказий банкмиз, бизнинг ҳамма тизимга доступимиз бор.

– Хўп, унда қайси карта орқали тўлов қилишга уриниш бўлди? (Картам 2 талиги боис шу саволни бердим, чунки суҳбат қизиқлашиб бораётган эди).

– Марказий банк томонидан чиқарилган карта орқали.

– Марказий банк қачондан бери карта чиқаряпти экан? Марказий банк карта чиқармайди, Артём, дейишим биланоқ гўшакни қўйиб қўйди.

Суҳбат давомида орқа фонда колл-марказнинг овози эшитилиб турарди. Жумладан, ёш овозларнинг рус тилида кимларгадир нималарнидир тушунтираётгани билиниб турарди. Прокуратура деган сўзлар ҳам қулоққа илинди.

Назаримда, фирибгарлар Ўзбекистонга ҳам кириб келишди ёки мобил иловаларнинг маълумотлар базаси чиқиб кетди. Чунки суҳбат давомида менинг исмим, фамилиям ва отамнинг исмини ҳам тўлиқ айтди бу «ақлли» Артём. Адашганларни тўғри йўлга бошласин. Артёмга инсоф берсин».

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган обуначилардан бири эса электрон ҳамёнидан пул ўғирланганини айтди.

«Мобил ҳамёнимни текшириб кўраётганимда, бегона рақамга 40 минг сўм маблағ туширилганини кўрдим. Менинг мобил ҳамёнимнинг коди ҳеч кимда йўқ эди, ҳеч кимга бермаганман, ҳайрон қолдим. Аниқлик киритиш мақсадида ўзимга тегишли мобил ҳамёнимнинг ходимларига Telegram орқали мурожаат қилдим. Улар хавфсизлик созламаларига кириб, ўзимдан бошқа яна кимдир уланганини текшириб кўришимни айтишди. Текшириб кўрганимда мендан бошқа ҳеч кимга ҳамёним уланмаганига амин бўлдим.

Шубҳаланиб, пул туширилган рақамга телефон қилганимда, у одам маблағ ўтказилганини инкор қилиб, телефонни қўйиб қўйди ва қайта бу рақам билан боғлана олмадим. Орадан 15 кунлар вақт ўтгандан кейин дадамнинг пластик картасидан ҳам асоссиз пул ечиб олингани юз берганини кўрдик, аммо маблағ катта бўлмагани сабабли тегишли ташкилотга арз қилишни лозим деб топмадим.

Data privacy деган тушунчани булар қўполлик билан бузишмоқда. Қанчадан қанча одамлар мобил иловасига ишониб карталарини тизимга киритганлар», – деди суҳбатдошимиз.

Бошқа бир ҳамюртимизнинг таъкидлашича, худди ўша Артём унга 4 май куни 12:58 да телефон қилиб, OLX.UZ мобил иловасидаги эълон бўйича карта маълумотларини сўраган. Аммо фуқаронинг пластигида пул йўқлиги, қаердан бунақа уриниш бўлганини сўроқлай бошлаши натижасида гўшакни қўйиб қўйган.

Қайта телефон қилинганда, рақам билан боғланишнинг иложи бўлмаган. Мурожаатчининг айтишича, Артём унинг ҳам барча шахсий маълумотларини айтиб ўтган.

Кузатувларга кўра, фирибгарлар кўп ҳолларда интернет орқали олди-сотди қилинадиган сайтлар воситасида сотувчиларни алдаб, уларнинг картасидаги пулларни ечиб олишмоқда.

«Пластик карталардаги фирибгарлик ҳолати менда ҳам кузатилди. Телефонимни сотиш мақсадида OLX.UZ мобил иловасига эълон жойлаштирган эдим. Эълон жойлаштирилганда табиийки, телефон рақамимни қолдирганман. Исми адашмасам Лола бўлган, ўзини Бухороданман, деб таништирган қиз телеграмимга ёзди. Телефоним ёққанини айтиб, пулини онлайн узатмалар орқали картамга тушириш учун линк ташлади.

Линкни текшириб кўрганимда у ерда пластик карта рақами амал қилиш муддати ва деярли барча маълумотлар сўралаётган эди. Мен «мижозим» Лоладан анъанавий пул ўтказиш усуллари Payme ёки Click мобил иловаси орқали пул ўтказсагина у билан савдо қилишим мумкинлигини айтганимда, у мени блоклаб қўйди.

Шундай мижозлардан яна иккитаси телеграмимга мурожаат қилган. Менимча, улар OLX.UZ мобил иловасини фаол кузатишмоқда ва у ерда эълон жойлаштирганлар билан алоқага чиқишмоқда», – дейди бошқа бир обуначи.

OLX.UZ мобил иловаси раҳбари Дониёр Турғунов шундай фирибгарликлар кўпайганини тасдиқлади.

Дониёр Турғунов

«Фуқаролар ўз нарсасини сотиш учун сайтга эълон беришади. Бироздан сўнг эълон бўйича харидор чиқади ва сизга ёзади. Сиз билан савдолашади. Шундан сўнг товар пулини юборганини, ҳисобни текшириб кўриш кераклигини айтиб, ҳавола юборишади.

Ҳавола фирибгарликнинг янги кўриниши бўлиб, ҳаволага улар сизнинг картангиздаги пулни ечиб оладиган тизимни ўрнатишган. Ҳаволага кирсангиз, бизнинг сайтга ўхшаш бўлади. Лекин бизга умуман алоқаси йўқ. Чунки бизда етказиб бериш хизмати йўқ. Иккинчидан, бизда карталарнинг маълумотлари сўралмайди. Умуман олганда, биз тўлов тизими эмасмиз.

Бу – фирибгарликнинг бир тури. Тelegram'дан ёзишади. Ҳаволага кирасиз. Кирганингиздан кейин пулингизни ечиш учун карта рақамингизни сўрашади. Карта рақамини ёзганингиздан кейин ҳеч қандай пул кўринмайди. Кейин сотувчи пул йўқлигини, кўринмаётганини айтади. Шундан сўнг улар махфий кодни телефонингизга юборишади ва шу орқали картангиздаги ҳамма маблағни ечиб олишади», – дейди Дониёр Турғунов.

Марказий банк ахборот хизмати мобил телефонга келган бир марталик SMS-код, мобил иловалар, веб-иловаларга кириш ҳуқуқини берувчи логин ва пароллар банк ходимлари томонидан сўралмаслиги, шу боис ҳеч кимга бундай маълумотларни бермасликка чақирган.

Хулоса

Кўпчилик ҳолатларда фуқаролар ҳушёр бўлмагани сабаб фирибгарлар бундан устомонлик билан фойдаланмоқда. Шу сабабли банк картаси орқали онлайн операциялар бажаришда эътиборли бўлиш, карта ҳақидаги маълумотларни киритишдан олдин платформанинг ҳақиқийлигини текшириш, махфий кодларни ҳеч кимга бермаслик лозим.

Шубҳали ҳолат сезилдими, албатта, қўнғироқ қилиб, аниқлик киритиш талаб этилади.

Чунки ечиб олинган маблағни қайтариб олиш, уни ким ечганини аниқлаш жуда қийин ва кўплаб ҳолатларда имконсиздир.

Пластик картадаги маблағларнинг ечиб олиниши – кўп учрайдиган ҳолат. Аммо ҳайратланарли томони, интернетдаги айни бир хил фирибгарликдан бир эмас, бир неча марта алданаётган одамлар ҳам кўп. SMS тарзида келган махфий кодни бировга бергани оқибатида пулидан айрилган одамлар вақт ўтиб яна шу хатосини такрорлашлари ҳам кузатиляпти.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид