Жаҳон | 23:40 / 20.06.2021
22535
7 дақиқада ўқилади

Ливандаги инқироз: оч қолган армия, ҳокимиятдаги бўшлиқ ва генералнинг илтимоси. Европа эса ислоҳот талаб қилмоқда

Ливан ҳарбийлари шу ҳафтада жаҳон державаларига мурожаат қилиб, аскарларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини сўради. Мамлакатда ҳалокатли молиявий-сиёсий инқироз тугамаяпти, бош қўмондон Жозеф Ауннинг маълум қилишича, қуролли кучлар ходимларига яшаш ва хизматни давом эттириш учун озиқ-овқат ва дори-дармон етишмаяпти.

Фото: Reuters

Армия Ливанда бетараф куч сифатида қаралади, ҳарбийлар деярли бир йилдан буён ҳукуматсиз яшаётган ва фуқаролик уруши ёқасига келиб қолган давлатда амалда тартибни сақлаб келмоқда.

2019 йил билан таққослаганда миллий валюта 90 фоизлик қийматини йўқотган, бу эса армия бюджети ва аскарларнинг маошини деярли йўққа чиқарган.

Бу вақтда Евроиттифоқ Ливан президенти Мишель Аун билан (армия бош қўмондони билан фамилиядош) шанба кунги музокараларда ҳукумат шакллантириш йўлида тўсиқлар яратишни тўхтатишга чақирди, янги ҳукуматсиз халқаро ҳамжамият ушбу мамлакат тараққиёти учун молиявий ёрдам ажрата олмайди.

Пайшанба куни Франция Ливан ҳарбийлари учун маблағ тўплашга қаратилган виртуал донорлик конференцияси ўтказди. Унда 20 давлат, шу жумладан, АҚШ, Россия, Европа ва араб давлатлари иширок этди.

«Франс пресс» агентлиги хабар қилишича, Ливан армияси раҳбари дўстона давлатлардан қурол-яроғ ёки ҳарбий машғулотлар ўрнига «муайян нарсалар» тақдим этишни сўраган: сут, ун, дори-дармон, ёқилғи, жами қиймати бир неча ўн минг евро чиқадиган ҳарбий техника қисмлари.

Ливан армияси бетарафлик сақлайди ва мамлакатдаги 18та диний гуруҳлар ҳамда кўп сонли сиёсий фракциялар ўртасида катта обрўга эга ҳисобланади.

Ғарб давлатлари ҳам армияни мамлакатда катта таъсирга эга бўлган эронпараст «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши тура оладиган куч сифатида кўради. АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва қатор давлатлар ушбу ҳарбийлашган ташкилотни тўлиқ ёки қисман террорчи ташкилот сифатида тан олган.

«Ливан армияси - Ливан таянчи, ҳарбийлар мамлакатдаги хавфсизлик  билан боғлиқ вазият ёмонлашиб кетишининг олдини олади, шундай экан, уларга ушбу вазифани бажаришлари учун ёрдам кўрсатишимиз керак», деган журналистларга Франция қуролли кучлари вакили.

Март ойида генерал Жозеф Аун бутун дунёга ливанлик аскарлар худди мамлакатнинг бошқа фуқаролари каби очликдан қийналаётгани ҳақида маълум қилгач, Париж донорлик конференциясини ташкиллаштиришга киришганди.

«Мамлакат таянчи»
Генерал қарийб бир йилдан буён кабинетни шакллантира олмаётган сиёсатчиларни ҳам очиқ танқид қилиб чиққан. Аввалги бош вазир Ҳасан Диаб 2020 йил августида Байрутнинг катта қисмини вайрон қилган улкан портлаш рўй бериши ва бу туфайли коррупция кўлами фош бўлиши ортидан бутун кабинети билан истеъфо берганди.

«Биз қаёққа кетяпмиз? Сиз нима қилишни режалаштиряпсиз?», - дея ҳаракатсиз қолаётган сиёсий етакчиларни сўроққа тутади генерал Аун. Сешанба куни у Ғарбдаги дўстона давлатларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлгани, «армия оёқда туриб қолиши учун барча нарсага тайёрлиги» ҳақида маълум қилди.

«90 доллардан ошмайдиган маоши билан аскар қандай қилиб оиласини боқиши мумкин?», дейди у армиянинг твиттердаги саҳифасида эълон қилинган видеомурожаатида.

«Агар чора кўрилмаса, иқтисодий ва молиявий инқироз туфайли давлат институтлари, шу жумладан, қуролли кучлар, мамлакат таянчи ҳам ҳалокатга юз тутади», дея қўшимча қилган генерал Аун.

2020 йил августида Байрут портида селитра сақланаётган омборда портлаш рўй бергач, қарийб 200 киши ҳалок бўлган, шусиз ҳам қийин иқтисодий шароитда яшаётган мамлакат чуқур инқирозга тушиб қолганди.

Ўшанда Ливанни иқтисодий ва сиёсий инқироздан олиб чиқиш вазифасини ушбу мамлакат билан Яқин Шарқдаги собиқ мустамлакалари туфайли алоқаларни сақлаб қолган Франция ўз зиммасига олганди.

Ливан армиясининг асосий ҳомийси - АҚШ, яқинда америкаликлар мамлакат армиясини молиялаштиришни йиллик 105 миллион доллардан 120 миллион долларга оширишни ваъда қилганди.

Аммо улкан инфляция ва ноқулай валюта курслари туфайли бу пулнинг қиймати пасайишда давом этмоқда, шу туфайли генерал Аун халқаро ҳамжамиятни ҳарбийларга пул эмас,  конкрет предметларни инсонпарварлик ёрдами сифатида юборишга чақирмоқда.

Ҳукумат йўқ - ёрдам ҳам йўқ
Шанба куни ЕИ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Ливан президенти Мишель Аун билан «очиқ мулоқот» қилиб, унга Ливан молиявий коллапс ёқасида қолгани, сиёсатчилар бир дақиқани ҳам бой бермасдан сиёсий бошбошдоқликка чек қўйиб, ҳукуматни шакллантиришлари кераклигини билдирган.

«Ливан бошдан кечираётган инқироз - ички масала. Бунга маҳаллий ҳукуматнинг ўзи сабаб бўлган», деган Борелль.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ йирик миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиши мумкин, фақат бир шарт билан - ҳукумат тузилиши, ислоҳотлар дастури келишилиши ва Халқаро валюта жамғармаси билан келишувга эришилиши керак.

Боррель Ливан президентини янги ҳукумат шакллантирилиши яна кечикадиган бўлса, молиявий санкциялар кўриб чиқилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.

Тарихий инқироз
Жаҳон банки яқинда Ливан оғир ва узоқ вақтга чўзилган иқтисодий таназзулга учраганини маълум қилиб, бу инқироз XIX аср ўрталаридан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган энг жиддий инқироз бўлишини таъкидлаганди.

Банк баҳоларига кўра, 2020 йилда мамлакат ЯИМи 20,3 фоизга пасайган, 2019 йилда қисқариш 6,7 фоизга тенг бўлганди. Жорий йил учун прогнозлар пасайиш давом этиши ва 9,5 фоизни ташкил этишини кўрсатмоқда.

Ливан фунти қадрсизланиши инфляция даражаси ортишига олиб келди, халқаро ташкилот ҳисоботига кўра, ўтган йили бу кўрсаткич 84 фоизга етган.

Мамлакат аҳолисининг ярмидан ортиғи ҳаддан ташқари қашшоқлик шароитида яшайди, маҳаллий валютанинг харид қобилияти кескин пасайиши ишчилар ва хизматчилар синфига оғриқли зарба берди. Асосий хизматлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳаси хизматларидан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлган оилалар сони янада кўпайди.

Ливан армиясидаги оддий аскар ойига 1,25 миллион Ливан фунти миқдорида маош олади. Бу расмий алмашув курси бўйича тахминан 800 долларга тенг, аммо кўчадаги курс бўйича 80 доллар бўлиб қолади. Шу туфайли йил бошидан буён уч мингга яқин ҳарбий хизматчи армияни тарк этган. Карнеги марказининг Яқин Шарқ бўлими маълумотига кўра, ҳозирда армияда 81 мингдан камроқ аскар қолган.

Мавзуга оид