Ўзбекистон | 08:20 / 20.08.2021
37037
2 дақиқада ўқилади

«Aziz-ayol.uz» миллий платформаси ўз фаолиятини бошлайди

Фото: iStock

Вазирлар Маҳкамаси “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Қарор билан “Aziz-ayol.uz” ягона интерактив миллий платформаси доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро электрон ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда “Aziz-ayol.uz” миллий платформасининг асосий вазифалари белгиланган. Хусусан, ушбу платформа орқали:

  • хотин-қизлар, шу жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этишга ёрдам берилади;
  • вазирлик ва идоралардан хотин-қизлар билан боғлиқ маълумотлар тезкор йиғилади ва реал вақт режимида таҳлил қилинади;
  • хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини таъминланиши бўйича мурожаат қилишлари учун янада қулайликлар яратилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига Миллий платформани узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш топширилди. Сўровга асосан вазирликлар, давлат органлари ва ташкилотлари Миллий платформада жойлаштирилиши лозим бўлган ахборотни тақдим этадилар.

Қарорга асосан, 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга 24 соат ичида тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилади.

Мавзуга оид