Жаҳон | 23:45 / 01.08.2024
5712
2 дақиқада ўқилади

Россияда YouTube’нинг муқобили сифатида яратилган платформа ишдан чиқди — ОАВ

Мамлакатда олдинроқ учта видеохостинг ишга туширилган — RuTube, ВК ва Nuum. Аммо улардан бирортаси YouTube’га сезиларли рақобат туғдира олмади.

Фото: Россия ОАВ

Россияда YouTube видеохостинги муқобили сифатида ишлаб чиқилган «Платформа» мамлакатда Google сервислари блокланиши бошлангач ишламай қолди. Россия видеохостингига кириб бўлмаяпти, унинг асосий саҳифасида эса «Сайтда техник ишлар олиб борилмоқда» ёзуви пайдо бўлган.

«Платформа» Россияда 2024 йилнинг июнида YouTube’нинг ўрнини босувчи видеохостинг сифатида ишга туширилган. Rteam компанияси дастурчилари янги видеосервиснинг интерфейси ва функционаллигини максимал даражада YouTube’га ўхшаш қилиб яратган.

«Платформа»да Россия қонунчилигини бузадиган контент ҳамда «Россияга қарши қаратилган» видеороликларни чеклайдиган модерация тизими мавжуд.

Rteam 2022 йилда рўйхатдан ўтказилган. Унинг асосчиси ТВ-Новости ҳисобланади — нотижорий ташкилот Маргарита Симоньяннинг Russia Today телеканалини ҳам бошқаради.

Россияда олдинроқ учта видеохостинг ишга туширилганди: RuTube, ВК ва Nuum. Давлат думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Антон Горелкинга кўра, улардан бирортаси YouTube’га сезиларли рақобат туғдира олмаган.

Аввалроқ Мурманскдан Владивостоккача бўлган фойдаланувчилар YouTube'га кириш ва видеоларни томоша қилишда муаммолар борлигидан шикоят қилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Июль ойи ўрталарида «Ростелеком» оператор тармоқ инфратузилмасида фойдаланиладиган Google ускунаси ишлашидаги техник носозликлар туфайли Россиядаги фойдаланувчилар учун YouTube’даги эҳтимолий узилишлар ҳақида огоҳлантирган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид