Роналду «МЮ»га қайтди. Кутилмаганда рўй берган трансфер тафсилотлари
Бу ҳайратланарли ёзнинг яна бир супертрансфери амалга оширилди! Роналду Манчестерга қайтмоқда. «Сити»га эмас, «Юнайтед»га.
2021 йилнинг ёзи тарихга кириши аниқ. Аввалига — Лео Месси «Барселона» билан хайрлашиб, «ПСЖ»га ўтганига гувоҳ бўлдик. «Реал» «ПСЖ»дан Мбаппени олиш учун тинмай ҳаракат қилмоқда ва мақсадга яқин. Клуб раҳбарлари келиша олишса, бу трансфер камида 160 млн евродан қимматроққа амалга ошади. Энди — Криштиану Роналдунинг «Ювентус»дан ўзи 2003-2009 йилларда ҳам ўйнаган «Манчестер Юнайтед»га трансфери рўй берди.
Кун давомида тарқалган янгиликларни кузатиб адашиб кетган, ҳар 15 дақиқада твиттер лентасини янгилаб ўтиришдан чарчаганлар ёки шунчаки сўнгги кунларда тарқалган хабарларни кузатмаганлар учун қуйида воқеалар хронологияси келтириб ўтилади.
1) Роналду «Ювентус»дан кетиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар ўтган мавсум якунланиши биланоқ чиқа бошлаганди. Португалиялик футболчи мавсумнинг сўнгги турида «Болонья»га қарши ўйинда захирада қолдирилди, бу ўйин натижасига кўра «Кекса синьора» бир амаллаб Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритди. Аммо Криштиану билан боғлиқ вазиятни аллақачон сенсацияга айлантиришганди. Қолаверса, у жамоа билан ЕЧЛни қаторасига икки мавсумда 1/8 финалдаёқ тарк этди. Ниҳоят Макса Аллегри жамоа бош мураббийлигига тайинланди — уларнинг 2018/19 йилги мавсумдаги ҳамкорлиги икки томонда ҳам ёқимли таассуротлар қолдирмаганди. «Реал», «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ» ва Роналдунинг илк жамоаси Лиссабон «Спортинг» клуби унинг кейинги манзили бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқди... «Сити»ни эса дастлаб ҳеч ким тилга олмаётганди.
2) Ёз хотиржам ўтди. Август ойи бошида Криштиану «Ювентус»нинг «Барселона»га қарши ўртоқлик учрашувида бошланғич таркибда майдонга тушди.
3) Аммо сўнгги икки ҳафтада воқеалар ривожи кескин ривожланиб кетди. 16 август куни кечқурун бир неча соат фарқи билан Криштианунинг келажаги борасида учта нашрдан уч хил ёндашув тарқалди. Римнинг Corriere dello Sport нашри форварднинг агенти Жорже Мендеш «Манчестер Сити»га мурожаат қилиб, уларга ўз мижозининг хизматларини таклиф этди, футболчининг нархи аслидан анча арзон бўлиши айтилди. Испанияда El Chiringuito нашри «Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Роналду билан яна ҳамкорлик қилишга қарши эмаслигини айтгани ҳақида хабар тарқалди, улар италиялик мутахассиснинг Мадридга аввалги келишида муваффақиятли ишлашганди. Marca нашри эса Кришнинг келажагини «ПСЖ» билан боғлади.
Кейинги кун Роналду Instagram саҳифасида пост жойлаб, унинг номини трансфер миш-мишлари ҳақидаги хабарларда ишлатишни бас қилишни сўради — у бу ўзига ва номи тилга олинаётган клубларга ҳурматсизлик ҳисобланишини эслатди.
4) 22 август куни кечқурун яна шов-шувли хабарлар оқими кузатилди. Таниқли инсайдер Фабрицио Романо твиттерда «Удинезе»га қарши мавсумнинг биринчи ўйинида ҳам Роналду захирада қолганини футболчи клубдан кетмоқчилиги билан изоҳлади. Шу билан бирга, журналист Туринга ушбу 36 ёшли португалиялик трансфери борасида бирорта сўров келмаганини қўшимча қилганди.
«Ювентус» вакиллари бу хабарларни дарҳол инкор этишга киришишди. «Биз Криштиану билан келишган ҳолда уни захирада қолдирдик. Барчаси жойида. Роналду қолади — бу 100 фоизга аниқ», деди клуб вице-президенти Павел Недвед DAZN нашрига.
Аллегри эса бошқачароқ изоҳ берди - у ўйиндан олдин футболчига ўз қарорини тушунтиргани ва иккинчи бўлимда майдонга тушишга тайёр туришни тайинлаганини айтди.
5) Яна бир неча кунлик жимлик кузатилди, 25 август куни кечқурун итальян журналисти Никола Шира твиттерда «Манчестер Сити» Кришга икки йиллик шартнома таклиф этаётганини хабар қилди. Худди шу вақтда Италия медиаси португалиялик агент Жорже Мендеш «Ювентус» билан музокаралар ўтказиш учун Туринга келганини хабар қилди. Бу вақтда Ҳарри Кейн «Тоттенҳэм»да қолишини эълон қилган, уни қўлга киритиш умидида бўлган «Сити» энди бошқа вариантларга юзланишга мажбур эди.
6) Кейинги куни учрашувлар бўлиб ўтди. Sky Sport нашри маълумотига кўра (уни кейинроқ бошқа инсайдерлар ҳам тасдиқлашди), «Ювентус» Роналдуни қўйиб юборишга рози бўлган, фақат бир кун ичида 28-30 миллион евро тўлайдиган харидор топилиши шарти билан. Клуб янги ҳужумчи олишга улгуриши керак эди. Позиция максимал аниқ эди — тўланг ва олиб кетинг. Лекин бу вақтда «Сити» шартномаси кейинги йил ёзида тугайдиган 36 ёшли футболчини текинга қўлга киритиш ёки бирор футболчисига алмаштириш ҳақида ўйлаётганди. Аммо бу борадаги музокаралар самарасиз якунланди.
7) Кўп ўтмай Италиядаги барча етакчи спорт журналистлари, трансферлар ва инсайдларга ихтисосланганлар — Жанлука Ди Марцио, Шира, Романо — деярли бир вақтда хабар беришди: Роналду «Ювентус»дан кетиш ҳақида қарор қилган ва бу ҳақда раҳбариятни ҳамда жамоадошларини огоҳлантирган. Унга асосий даъвогар «Сити» бўлиб қолганди, энди фақат Манчестердан расмий таклиф келишини кутишарди.
8) 27 август куни тонгида ҳам «Сити» ҳамон «Ювентус»га таклиф тайёрлаётгани, Мендеш эса бу вақтда Манчестер клуби билан футболчининг шахсий шартномасини муҳокама қилаётгани ҳақида хабарлар чиқиб турарди. Туринда Роналду йилига 31 миллион евро олган. Энди эса камроқ сумма ҳақида гап кетарди. Шира бу миқдорни бир мавсум учун 20 миллион евро атрофида кўрсатди, Романо ва The Guardian — 15 миллион ҳақида ёзди. Sky Italia ҳам шунга яқин рақам келтирди.
9) Криштианунинг ўзи тонгда «Ювентус» базасига келди, у ерда 40 дақиқача вақт ўтказди, жамоадошлари ва клуб ходимлари билан хайрлашди, машғулотда қатнашмасдан базани тарк этди. Португалиялик юлдуз аэропортга йўл олди, у ердан хусусий самолёт орқали Лиссабонга учди.
10) Кейинроқ Аллегри «Эмполи»га қарши ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида — Роналду кетаётганини тасдиқлади. «У кеча менга «Ювентус»дан кетишини ва клубда бошқа ўйнамаслигини айтди. У бугунги машғулотда қатнашмади. Мен ундан хафа эмасман, бу унинг танлови. Бу ҳаётнинг бир қисми», деди у.
11) Кун давомида воқеалар ривожида кутилмаган бурилиш ясалди. Кўплаб манбалар — Англияда ҳам, Италияда ҳам — Криштиану учун курашга «Манчестер Юнайтед» қўшилгани ҳақида хабарлар беришди. Мендеш пайшанба куни кечқуруноқ улар билан музокара бошлаб юборгани айтилди. «МЮ» бош мураббийи Оле Гуннар Сульшер АПЛ доирасида «Вулверҳэмптон»га қарши навбатдаги ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида бу футболчини жамоасида кўришни истаётганини яширмади: «Криштиануми? Биз у билан ҳамиша гаплашиб турамиз. Бруну Фернандеш яқиндагина Роналду билан гаплашган ва у биз нимани ўйлаётганимиздан хабардор. Агар у «Ювентус»дан кетаётган бўлса, у билади — биз шу ердамиз. У — «МЮ» афсонаси, барча замонларнинг буюк футболчиси».
12) Кейинроқ «Сити» Роналду бўйича музокараларни тўхтатгани маълум қилинди. «МС» «Ювентус»га расмий оффер жўнатмагани, шунингдек, Криштиану билан ўзаро шартнома бўйича ҳам келишув бўлмагани маълум бўлди. Контактлар бўлган, аммо музокаралар келишувгача бориб етмаган. Бу ҳақда Sky Sports куннинг биринчи ярмидаёқ ёзганди — музокаралар бўлиб ўтаётгани, аммо келишувгача ҳали узоқлиги айтилганди. Шундай ҳам бўлиб чиқди.
13) Кечга яқин «Манчестер Юнайтед» «Ювентус»га расмий сўров юборгани маълум бўлди. Романо ва The Guardian трансфер 25 миллион евро ва қўшимча бонуслар эвазига амалга ошиши ҳақида хабар тарқатди. La Gazzetta dello Sport вакили Карло Лаудиза трансфер суммаси 28 миллион евролигини айтди. The Athletic эса дастлаб 15 миллион евро, кейин эса 8 миллион евро тўланиши ҳақида маълумот берди.
14) Ниҳоят, Тошкент вақти билан соат 20:51да «МЮ» матбуот хизмати тасдиқлади — Роналду қайтади. Португалиялик футболчи билан 2023 йилга қадар амалда бўлувчи шартнома тузилади. ОАВ хабарига кўра, унинг йиллик маоши миқдори 25 мииллион фунт.
Мавзуга оид
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024