Ўзбекистон | 22:52 / 15.11.2021
111724
2 дақиқада ўқилади

Рустам Иноятов президент маслаҳатчиси лавозимидан кетди

Президент Бахтиёр Исломовни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлади. Бунгача ушбу лавозимда Рустам Иноятов фаолият олиб бораётганди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли фармони билан Бахтиёр Жаҳонгирович Исломов Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Бахтиёр Исломов 2020 йил ноябридан буён президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхан Худайбергеновнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Бахтиёр Исломов Фото: KUN.UZ

У муқаддам Фарғона ва Тошкент вилоятларида судьялик қилган, 2020 йил ноябригача жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси бўлган. 

Айни вақтда Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати рўйхатида ҳам Исломов президент маслаҳатчиси сифатида кўрсатилган. Дониёр Қодиров унинг ўринбосари ҳисобланади.

Маълумот учун, 2018 йил августидан буён президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида Рустам Иноятов ишлаётганди. У муқаддам кўп йиллар мобайнида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) раиси лавозимида бўлган. Унинг кейинги иш жойи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Мавзуга оид