Жамият | 21:55 / 02.08.2022
29111
4 дақиқада ўқилади

«Ё баланд тоғда яша ёки шаҳри азимда» – Қашқадарёнинг гўзал манзаралари (фоторепортаж)

Доно халқимизда «Ё баланд тоғда яша ёки шаҳри азимда» деган ибора бор. Бу гап бежизга айтилмаган. Шаҳарда яшаш қулайлигини барча билади. Шу каби тоғларда яшашнинг ҳам ўз гашти бор. Марказларга тушиб-чиқишдаги бироз машаққатларни айтмаса тоза ҳаво, зилол сувли булоқлар, кенг яйловлари бор жойларда яшаш ҳам маза.

Kun.uz ходимлари 30-31 июн кунлари дам олиш кунларидан унумли фойдаланиб, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталаридан бири бўлган Ҳазрати Султон чўққисига саёҳат қилдик.

Саёҳат давомида ўқувчиларни ҳам юртимизнинг ажойиб гўшалари билан таништириш мақсадида табиатнинг ранг-баранг манзараларини, тоғларни ва тоғликларни фотосуратларга муҳрладик.

Ўзбекистондаги энг баланд нуқталардан бири бўлган Ҳазрати Султон чўққисига борадиган йўл Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларидан бошланади. Бу икки шаҳардан чўққи остигача бўлган масофа 100 километрдан ошиқроқни ташкил этади.

Йўлда энг аввал Мираки шаҳарчаси ва унинг юқори қисмида Ҳисорак сув омбори жойлашган. Бу сув омборига Ҳазрати Султон чўққиси жойлашган тоғлардан оқиб келувчи Оқсув дарёси келиб қуйилади.

Бироз юрилгандан сўнг йўл Ҳисорак қишлоғи олдидан тоғ дараси бўйлаб кетади. Шу ердан Кўлгача 50-60 километр масофа бор.

Тор даранинг икки томони тоғлар билан ўралган. Ҳисорак қишлоғидан ўтиб бошланадиган машаққатли йўл чўққи яқинидаги Кўл қишлоғигача дарё ёқаси бўйлаб кетади.

Аммо дара бўйлаб оқадиган Оқсув дарёси ва унинг қирғоғига туташ тоғлар манзараси кишининг ҳар қандай чарчоқларини унуттириб юборади.

Сафаримизнинг илк манзили тоғлар орасида, денгиз сатҳидан қарийб 3 минг метр баландликда жойлашган Ғилон қишлоғи бўлди.

Бу қишлоққа 2021 йил 20 март куни ҳам чиққан эдик ва ўшанда қишлоқ оппоқ қорлар билан қопланган, ҳаво ҳарорати анча совуқ эди. Бу сафар борганимизда ҳаммаёқ кўм-кўк, қишлоқ одамлари турли юмушлар билан банд экан.

Ғилон қишлоғида мингтача хўжалик бор ва у ерда 6 минг кишидан ошиқ одам яшайди. Қишлоқ аҳолиси асосан чорва боқиш, картошка етиштириш ортидан кун кечиради.

Кейинги манзилимиз Кўл қишлоғи бўлди. Бу қишлоқ Ҳазрати Султон чўққисига чиқиш йўлидаги энг охирги аҳоли маскани ҳисобланди. Қишлоқда 1,5 минг нафарга яқин аҳоли бор. Улар ҳам ғилонликлар сингари асосан чорва боқади ва картошка етиштиради.

Бундан ташқари ҳар икки қишлоқ аҳолиси тоғдаги қир-адирларда лалми буғдой, жавдар, арпа етиштиради. Доривор гиёҳларни терадиганлар ҳам бор экан.

Ҳар икки қишлоқда ҳам бизни энг ажаблантиргани одамларнинг ниҳоятда меҳнатсеварлиги бўлди. Ғилон ва Кўлни айланар эканмиз, одамлар жуда катта ва олис ҳудудларгача кимдир пиёда, кимдир эшак ёки тоғда юра оладиган йўлтанламас машиналарда бориб меҳнат қилаётганига кўзимиз тушди.

Шунингдек, аксарият оилада «Иж» русумли мотоцикл бор. Кўл ва Ғилон аҳолиси баланд тоғлар бағридаги деҳқончилик қилинадиган ерларга улар ёрдамида чиқиб боради.

Кимдир пичан ўраяпти, кимдир картошкани чопиқ қилаяпти. Бошқалар эса ўриб боғлаб қўйилган пичанларни эшакларда ташиб келяпти. Оддий одамлар шунчаки айланиб келиш учун чиқиб боришга эринадиган узоқ қирларда ишлаётган тоғликларнинг машаққатли меҳнати таҳсинга сазовор.

Кўл ва Ғилонда эътиборимизни тортган ҳолатлардан бири, ҳар икки қишлоқда одамлар ҳанузгача уйларни синчли қилиб тиклашаяпти. Тоғликларининг айтишича, кучли шамол, ёғингарчилик ва тоғларда тез-тез содир бўлиб турадиган зилзилалар пайтида синчли уйлар чидамкор бўлишади.Ҳар иккала қишлоқда кичик савдо дўконлари, меҳмон уйи, мактаб, врачлик пункти бор. Шунингдек, Ғилон ва Кўлда ёғингарчиликлар пайтида яроқсиз ҳолга келган йўлларни текислаб туриш учун махсус техника берилган. Улар қишда қалин ёғган қорларни, баҳор ва кузда ёмғир сувлари ювиб кетган йўлларни текислашда асқатади.

Ғайрат Йўлдош
Фотосуратлар муаллифлари:
Руслан Сабуров ва Фахриддин Ҳотамов

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид