Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталаридан бирига саёҳат – Қашқадарёнинг гўзал манзаралари (фоторепортаж)
Ўзбекистондаги энг баланд тоғлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятида эканини кўпчилик билавермаса керак. Улар орасида Шаҳрисабз туманида жойлашган Ҳазрати Султон зиёратгоҳи номи билан аталадиган чўққи энг машҳури ҳисобланади. Денгиз сатҳидан 4 минг метрдан баландроқ бўлган бу чўққига ҳар йили бир неча минг одам чиқиб тушади.
Kun.uz ходимлари 30-31 июн кунлари дам олиш кунларидан унумли фойдаланиб, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталаридан бири бўлган Ҳазрати Султон чўққисига саёҳат қилдик. Саёҳатимиз давомида Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонаси ходимлари бизга ҳамроҳлик қилишди.



Ҳазрати Султон чўққиси Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларидан 100 километр узоқликда жойлашган. Чўққи остонасигача йўлтанламас машиналар бора олади.


Чўққигача бўлган масофада табиатнинг гўзаллигига тил ожиз қолади. Тоғ дараларидан зилол сувли дарё оқади. Тоғ ёнбағирлари арчалар билан қопланган. Ҳамма ёқ ям-яшил бўлиб турибди.






Чўққи атрофи йил давомида қор билан қопланиб туради ва улар июл ойига келиб эриб кетади. Шу сабабли чўққига чиқиш учун июл-август ойларида 30-40 кунга рухсат берилади.






Чўққига асосан тунда чиқилади ва қуёш чиқиши ўша ердан кузатилиб, сўнг қайтиб тушилади. 30 июл куни соат 19:00 ларда чўққи остонасига етиб борганимизда у ерда 30-40 тача йўлтанламас машиналар ва 200 нафардан ошиқ одам бор эди. Уларнинг орасида хотин-қизлар ҳам анча эди.
Қоронғи тушгач одамлар чўққига олиб чиқувчи сўқмоқ бўйлаб ҳаракатни бошлашди. Қўриқхона ходимлари тоғ тепаси жуда совуқлигини, мўлжалдан аввал чиқилса совқотиб қолиш мумкинлигини айтишди. Биз маслаҳатлашиб соат 22:00 дан юришни бошлашга келишиб олдик.




2019 йилда ҳам чўққига чиққаним учун шерикларимга йўл бошловчи бўлдим. Тоғ тепасига қараб чиқар эканмиз, аввалига иссиқ кийимлар оғирлик қилиб, исиб кетдик. Бироз тепага чиққач совқота бошладик.
Чўққига чиқадиган сўқмоқнинг асосий қисми жуда тик, бунинг устига оёқ ости шағал эди. Ҳаракатланиш жуда оғир бўлгани учун тез-тез тўхтаб дам олдик.
Юқорига чиққан сари кислород камайиб боравергани учун нафас олиш қийинлаша бошлади. Шундан сўнг биз озроқ юриб, кўпроқ дам ола бошладик.
Йўлда давом этар эканмиз, чўққига чиқмоқчи бўлганларнинг бир қисми йўл машаққатига чидай олмай ортга қайтишганига гувоҳ бўлдик.



Саҳар пайти соат 4:00 ларда чўққи яқинида эдик. Сўқмоқ энди тик эмас, қиялаб кетгани учун юриш анча осонлашганди.
Тик қояда бир киши юра оладиган йўл қилинган. Унда ҳаракатланиш жуда хавфли бўлгани учун чўққига чиқиш бироз қийин бўлди. Амаллаб чўққига чиққанимизда у ерда биздан аввал чиққан 60-70 киши бор экан.
Орадан 10 минут ўтиб қуёш чиқди. Қуёш чиқишини томоша қилиб бўлгач ҳамма чўққидан туша бошлади. Қуёш чиқишигача чўққига улгурмаганлар биз пастга тушаётганда ҳам чўққи томон ҳаракатланишаётганди.




2019 йилдан сўнг нималар ўзгарган?
Ҳазрати Султон чўққиси Тожикистон билан чегарада жойлашгани учун бу давлат билан алоқалар совуқлашган йилларда узоқ йиллар давомида унга чиқиш ёпиб қўйилганди.
Қўшни давлат билан дўстона алоқалар қайта тиклангандан сўнг 2019 йилда чўққига чиқиш очилди. Ўша йили борганимизда чўққига чиқиш истагида у ерга бораётганлар сони анча кам эди. Бу сафар борганимизда уларнинг сони кескин ошиб кетибди.
Одамлар кўп бораётгани учун чўққи остидаги майдончада елим пакетлар ва пластик идишлар тартибсиз равишда улоқтириб кетилган. Ҳатто чўққига олиб чиқадиган сўқмоқ атрофида ҳам пластик идишларга кўзимиз тушди. Тозаликка унча ҳам эътибор беравермаслигимиз ва табиатга беписанд муносабатда бўлишимиз яққол кўриниб қолган.
Бундан ташқари, 2019 йилда ҳаво жуда тоза эди, бу сафар ғубор бор. Назаримда жорий йил ёзда содир бўлган қум бўронлари тоғлар орасига ҳам кириб борган.
Энг аҳамиятлиси, 2019 йилда чўққи атрофида ҳам, унинг теграсидаги бошқа тоғларда ҳам анча музлик бор эди. Бу сафар иқлим ўзгаришлари ўз сўзини айтган. Қуёш нури тегмайдиган айрим жойларни айтмаганда баланд тоғларда умуман музлик йўқ. Барчаси эриб кетган.








Тоғ тепасига чиқаётган пайтдаги қийинчиликлар одамни бироз ҳолдан тойдиради. Ҳатто ортга қайтиш истаги ҳам уйғонади. Аммо чўққига чиқилгач атрофдаги манзара гўзаллигини кўриб, барча чарчоқлар унутилади.


Ғайрат Йўлдош
Фотосуратлар муаллифлари:
Руслан Сабуров ва Фахриддин Ҳотамов