Ўзбекистон | 14:50 / 17.01.2023
45889
1 дақиқада ўқилади

“Свет” йўқлиги учун тармоқ ходимини сўйиш билан таҳдид қилган аёлга нисбатан жиноят иши очилди

Воқеа 16 январ куни Чирчиқ шаҳрида, бир гуруҳ аҳоли электрдаги узилишлардан шикоят қилиб диспетчерлик пунктида йиғилган вақтда содир бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқаролар электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норози бўлиб, электр таъминоти корхонасига бориб, жанжал кўтаргани акс этган видео тарқалди. Воқеа пайтида бир аёл корхона ходимига пичоқ билан таҳдид қилгани кўринган.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳодиса турли каналларда ёзилганидек Қашқадарё вилоятида эмас, Тошкент вилоятида, 16 январ куни содир бўлган.

Шу куни Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонасининг диспетчерлик пунктида бир гуруҳ аҳоли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норозилик билдирган вақтда, 35 ёшли аёл безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чораларини кўрган корхона электромонтёрига қаршилик кўрсатиб, ўзидаги ошхона пичоғи ёрдамида уни ўлдириш билан қўрқитиб, таҳдид қилган.

Ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов бошланган.

Мавзуга оид