Жўрабек Мирзамаҳмудов Хитой билан энергетик лойиҳалар бўйича келишувларга изоҳ берди
Хитой компаниялари Ўзбекистонда қурадиган ФЭСлар бўйича кафолатли харид нархи музокаралар якунида инвесторлар билан келишган ҳолда очиқланади, тарифлар охирги тендерларда аниқланганидан юқори бўлмайди, дея Kun.uz'га маълум қилди энергетика вазири. Унинг сўзларига кўра, аввалроқ эълон қилинган келишувлардан бири нарх қимматлиги сабабли бекор қилинган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги вазирлик делегацияси бир ҳафта давомида Хитойда бўлиб қайтди. Ўзбекистон делегатлари қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича Хитой компаниялари билан музокаралар ўтказмоқда.
Айни пайтгача иккита келишувга эришилгани ҳақида хабар берилди:
- Хитойнинг CEEC Energy давлат корпорацияси билан Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича меморандум имзоланди.
- “Huaneng Renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорциуми билан Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 MW бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Ҳар иккала лойиҳа бўйича ҳам инвесторлар 2 млрд доллардан (иккита лойиҳага 4 млрд доллар) тўғридан тўғри инвестиция киритиб, илк қувватларни йил охиригача, режадаги барча қувватларни эса 2024 йил охиригача ишга туширишини маълум қилган.
Эътиборлиси, охирги йилларда шаклланган анъана – қуёш ва шамол электр станциялари бўйича лойиҳаларни халқаро тендер орқали аниқлаш тартиби бу лойиҳаларга нисбатан татбиқ этилгани йўқ. Хитой компаниялари тўғридан тўғри танлаб олинмоқда. Боз устига, улар қурадиган станциялар ишлаб чиқарган электр энергиясини давлат қанча нархда кафолатли сотиб олиши расмий хабарларда очиқланмади.
Kun.uz бу борадаги айрим саволларга энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовдан жавоб олди. Унинг сўзларига кўра, кафолатли харид тарифлари очиқланмаганига сабаб – дастлабки келишувларга эришилган бўлса-да, нарх борасидаги музокаралар давом этяпти. Вазир музокаралар якунланиб, асосий битимлар имзолангач, битим шартлари инвесторлар билан келишган ҳолда эълон қилинишини билдирди.
Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, инвесторлар олдига кафолатли харид нархини охирги тендердаги тарифдан оширмаслик шарти қўйилган. Kun.uz охирги тендерда (2022 йил декабр ойидаги) маъқулланган нархлар 1 KW-соат учун 3 центгача бўлганидан келиб чиқиб, айни кунлардаги музокараларда мана шу нарх чегараси қўйилганми, деган саволига вазирлик раҳбаридан тасдиқ жавобини олди.
“Асосий талаблар – муддат, сифат ва энг арзон тариф. Агар тендер қилсак, 3-4 йил кетади. Биз эса 1 йилда ишга тушириш шартини қўяяпмиз”, – дея инвесторлар тендерсиз танланаётганига изоҳ берди Мирзамаҳмудов.
Вазир яшил энергетика бўйича декабр ойида тугаган охирги учта тендер қачон бошлангани, эълон қилинганидан бери қанча вақт ўтгани ва амалий ишлар қачон бошланишига эътибор беришни сўради.
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, учта вилоятда жами 500 MW қайта тикланувчи қувватларни ишга тушириш бўйича тендерлар 2021 йилда бошланиб, унинг биринчи босқичи (RFQ) 2021 йил 31 августгача давом этган. Учта босқичдан кейинги якуний ғолиблар эса 2022 йил декабр ойида аниқланди. Учала лойиҳа бўйича битимларни 2023 йил 1-чорагида имзолаш, қурилиш ишларини 2023 йил 4-чорагида бошлаб, станцияларни 2024 йил 4-чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Бу – тендер жараёнлари бошланганидан станциялар ишга тушгунгача бўлган вақт қарийб 4 йил бўлишини кўрсатади.
“Ҳозир эса биз келишган лойиҳалар буйича амалий ишларни шу йилданоқ бошлаш шартини қўйганмиз”, – дея тушунтирди Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Kun.uz ҳукумат аъзосидан GD Power ва Powerchina компаниялари консорциуми берган нарх ҳақида ҳам сўради. Декабрда Хитойнинг бу консорциуми Наманган вилоятида 150 MW қувватга эга лойиҳа бўйича 4,828 цент таклиф билан тендер ғолиби деб топилган, лекин Энергетика вазирлиги бу таклифни жуда қиммат деб ҳисоблаб, нархни пасайтириш чоралари кўрилишини билдирганди.
“Ҳа, биз бу тендер натижасини бекор қилдик. Ҳозирда манфаатлироқ таклифларни муҳокама қиляпмиз”, – дея ҳолатга аниқлик киритди энергетика вазири.
Мирзамаҳмудов республика бўйлаб давлат ташкилотлари, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиш кампанияси кетаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
“Бу кампанияга старт берилишидан олдин нега панел бозорида таклифни кўпайтириш, рақобатни қўллаш орқали нархни тушириш чоралари кўрилмаяпти? Аҳоли ва бизнесга қайта тикланувчи энергияга ўтиш учун яққол афзаллик яратиб, сўнг бу афзалликни фаол ва эффектив тарғиб қилиш ҳозиргидек маъмурий буйруқбозлик ва директив кредитлашдан кўра самаралироқ эмасми?” деган саволга жавобан ҳукумат расмийси вазирлик делегациясининг Хитойга ташрифидан асосий мақсадлардан бири ҳам шу эканини айтди.
“Хитойга айнан шу масалаларни ҳал қилиш учун бордик. Мақсадимиз – рақобатни ошириш, кўпроқ ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ва энг мақбул таклифларни олиш”, – деди Энергетика вазирлиги раҳбари.
Маълумот учун, 17 феврал куни эълон қилинган президент қарорига асосан, 2023 йилнинг ўзида умумий қуввати 4 300 MW бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Режадаги 4 300 MW қувватдан 2 100 MW – йирик қуёш ва шамол электр станциялари, 1 200 MW – ижтимоий соҳа объектлари, хўжалик субъектларининг бино ва иншоотлари ҳамда хонадонларда ўрнатиладиган қуёш панеллари, 550 MW – тадбиркорлар томонидан барпо этиладиган кичик фотоэлектр станциялари ҳиссасига тўғри келиши ҳисоб-китоб қилинган.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш орқали 2023 йилда қўшимча 5 миллиард KW-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш кўзда тутилган.
Бу мақсадларга жами 15,4 миллиард доллар йўналтирилади. Шундан 13,4 млрд доллари – инвесторлар маблағлари, 1,1 млрд доллар – тижорат банклари кредитлари, 610 млн доллар – корхоналарнинг ўз маблағлари, 150 млн доллар – хорижий молиявий ташкилотлар маблағлари ва 100 млн доллар эквивалентидаги Давлат бюджети маблағлари бўлиши назарда тутилган.
Мавзуга оид
16:56 / 16.11.2024
«Ҳам масъулият, ҳам жавобгарлик белгиланди» — энергетика вазири
21:31 / 14.10.2024
Президент Тошкент вилоятида жами 2 млрд долларлик 9 та лойиҳага старт берди
19:38 / 08.10.2024
“2030 йилга бориб газ импорти 10-11 млрд куб метрга етиши мумкин” — энергетика вазири
20:45 / 07.10.2024