Наманган халқаро университети лицензияси бекор қилинди
Нодавлат олий таълим муассасаси фаолиятида бир қатор камчиликлар аниқланган.
«Наманган халқаро университети» нодавлат олий таълим муассасаси лицензияси суд томонидан бекор қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан NAMXU OTM масъулияти чекланган жамиятига 2023 йил 10 февралда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун берилган 062797-сонли лицензияси бекор қилинган. Бўлиб ўтган суд мажлиси муҳокамаларида олий таълим ташкилоти фаолиятида аниқланган қўпол қоидабузарликлар асосли ҳужжатлар билан судга тақдим этилиб, ўз исботини топган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Наманган халқаро университетида текширув ўтказилганида таълим ташкилоти, таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисидаги маълумотлар HEMIS ахборот тизимига киритилмагани, ташкилотда ректор маслаҳатчиси штат бирлиги жорий этилмагани, талабаларнинг ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ишлаб чиқилмагани, барча таълим йўналишлари бўйича адабиётлар, шу жумладан 95 фоиз адабиётларнинг электрон вариантлари етишмаслиги, университет ўқитувчиларининг 23 нафари илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар ҳисобланса-да, 15 нафарининг асосий иш жойи Наманган давлат университетида экани, лицензия талаби бўйича бакалавриат таълим йўналишлари учун 35 фоиз илмий салоҳият белгиланган бўлса-да, таълим ташкилотида 17 фоизни ташкил этиши, ичимлик суви ва канализация билан таъминланмагани, таҳсил олаётган 858 нафар талабага нисбатан таълим ташкилотининг ҳудуди етишмаслиги каби ҳолатлар аниқланган.
Университет матбуот хизмати вазирлик хабарига муносабат билдирган.
«Вазирлик томонидан Наманган халқаро университетида ўрганиш ўтказилиб, аслида мавжуд бўлмаган камчиликлар далолатномага киритилиб, шу далолатномага асосланиб судга ариза киритилган.
Бироқ, НамХУ ОТМ томонидан текширувчилар хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш ва далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан маъмурий судларга ариза киритилган ҳамда ушбу маъмурий иш судда кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий суд жараёнлари ҳам давом этмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, НамХУ ОТМга берилган лицензия айни дамда бекор бўлмаган ва фаол ҳолатда.
Шу ўринда мутасаддиларга амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилиш лозимлиги эслатилади», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
18:33 / 28.10.2024
1-курс талабаларига контракт тўлаш муддати узайтирилди
20:41 / 24.09.2024
“5 октябрдан Умра турфирмалари амалдаги лицензияси билан ишлай олмайди” – Дин ишлари бўйича қўмита
11:58 / 04.09.2024