Спорт | 13:40 / 21.09.2023
29302
21 дақиқада ўқилади

Беллингҳем яна қутқарди, «МЮ» учта гол уриб ҳам ютқазди. ЕЧЛда кун ўйинлари

«Арсенал» кучли қайтиш қилди. Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида 1-тур якунланди. Чоршанба оқшомидаги ўйинларда урилган голлар ва гуруҳ жадвалларида юзага келган вазият.

А гуруҳи

Мюнхенда голларга бой ўйин

 

«Бавария» — «Манчестер Юнайтед» 4:3
Голлар:
Сане (28), Гнабри (32), Кейн (53, пеналти), Тел (90+2) — Ҳойлунд (49), Каземиро (88, 90+5). 
Бавария – Улрайҳ, Упамекано, Ким, Дэвис, Горетцка, Киммиҳ, Лаймер, Сане (Тел, 87), Мусиала (Шупо-Мотинг, 75), Кейн (Мюллер, 87), Гнабри (Коман, 63).
Манчестер Юнайтед – Онана, Далот, Линделёф, Мартинес, Регилон, Эриксен (Мактоминей, 69), Каземиро, Фернандеш, Пелистри (Гарначо, 81), Рэшфорд, Ҳойлунд (Марсиял, 81). 
Огоҳлантиришлар: Мартинес (62), Горетцка (62).

Қуръа ташланганидан кейин барчанинг эътибори биринчи навбатда мазкур жамоалар қарама-қаршилигига қаратилди. Кўпчилик ЕЧЛ-1999 финалини эслади (ўшанда «МЮ» қўшимча дақиқаларда «Бавария» дарвозасига икки гол урган ва совринга эга чиққанди) ва бу жамоаларнинг шунча йил ўтгандан кейинги тўқнашуви қандай кечишини кута бошлади.

Аммо бу учрашув арафасида бошқа интригалар ҳам етарлича эди. Масалан, Томас Тухел ўтган мавсумдаги дисквалификация туфайли бу ўйинни трибунада кузатишга мажбур эди. Эрик тен Ҳаг захира ўриндиғида ўтирган бўлса-да, қатор муаммоларни ҳал этиши талаб этиларди — Санчонинг демарши ва Антони манзилига айбловлардан тортиб, жамоа футболчиларининг жуда ёмон формасигача. Шу туфайли инглизлар ЕЧЛ стартига ички чемпионатдаги муваффақиятсизликлар фонида кириб келди. Бешта турдан учтасида ютқазган жамоа турнир жадвалида 11-ўринга тушиб кетган.

Бу жамоалардаги яна бир умумлаштирувчи фигура Ҳарри Кейн эди. Англия миллий жамоаси ҳужумчиси ҳеч қачон «Манчестер Юнайтед» сафида ўйнамаган бўлса ҳам, кўп йиллар давомида унинг номини «қизил иблислар» билан боғлаб келишаётганди. Ярим йил олдин ҳам «МЮ» мухлислари «Тоттенҳэм»га қарши ўйин вақтида шундай қўшиқ куйлашганди: «Кейн, июнда кўришамиз».

Улар июнда кўришишмади, бу сентябрда рўй берди. Бу вақтга келиб Кейн аллақачон «Бавария»га мослашиб улгурган ва бундеслига стартидаги тўрт турда тўрт гол уришга эришганди, аммо Чемпионлар лигаси — бутунлай бошқа турнир.

Мюнхенликлар — асосий еврокубокдаги асосий фаворитлардан бири саналади, Кейн эса — «Бавария»нинг янги юзи. Албатта, ундан ўзи яхши биладиган рақибга қарши ўйинда ўзини кўрсатишини кутишарди. Аммо биринчи бўлимда саҳнага бошқа футболчилар чиқишди.

Улардан бири — Андре Онана. Оёқда яхши ўйнайдиган ушбу дарвозабон «Манчестер Юнайтед»га келганидан кейин тўпни ўйинга киритишда қўшимча ҳимоячига айланмоқда ва жамоадошларига прессингдан чиқишда ёрдам бермоқда, аммо камерунлик посбон биринчи галдаги вазифасини яхши уддалай олмаяпти. Онана бутун ўйин давомида асабийлашди, 28-дақиқада эса қайтариши керак бўлган зарбани ўтказиб юборди — Саненинг зарбаси у қадар яхши чиқмаганди аммо дарвозабоннинг яқин бурчагига борган тўп унинг қўллари орасидан ўтиб дарвоза тўрига бориб тушди.

Биринчи голга қадар «Юнайтед» ҳозирги даражаси учун ёмон ўйнамаётганди. Меҳмонлар иккинчи рақам остида ҳаракатланган бўлишса-да, ўйиндаги биринчи голли вазият айнан улар томонидан юзага келтирилганди: Пеллистри ва Эриксен комбинациясидан кейин ҳисоб 4-дақиқада очилиши ҳам мумкин эди. Аммо Улрайҳ яқин масофадан берилган зарбани қайтарди, «Бавария» эса биринчиси ортидан иккинчи голни ҳам урди — Мусиала жарима чап қанотдан жарима майдонига ёриб кирди, унинг уриниши бесамар кетиши ҳам мумкин эди, аммо Далот ишончсиз ҳаракат қилди ва якунда тўп қулай позицияда турган Гнабрига бориб тушди, у тахминан 11 метр масофадан дарвоза тўрини ишғол этди. Бу вазиятда Онанага эътироз бўлиши мумкин эмас, «МЮ» ҳимоячилари рақиб ҳужумчисини ёлғиз қолдиришганди.

Иккинчи бўлимнинг бошланиши интриганинг алдамчи иллюзиясини берди: «МЮ»нинг жуда оддий ҳужуми вақтида «Бавария» жуда бўш ҳимояланди ва Ҳойлундга ЕЧЛдаги дебютида гол уришга имкон беришди, бу унинг янги клубидаги илк голи бўлди. Аммо умид узоқ яшай олмади: беш дақиқа ўтмасдан Эриксен ўз жамоаси жарима майдонида тўпни қўл билан ўйнади, Кейн эса ўзи барибир ўтмаган жамоа дарвозасини совуққонлик билан ишғол этди.

Агар рақамларга қаралса, «Бавария» бутун ўйин давомида устунлик қилмаганини кўриш мумкин: Ҳойлунднинг голига қадар дарвозага берилган зарбалар сони тенг эди (5:5), тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам яққол устунлик кўзга ташланмади. Аммо ўтказиб юборилган голдан кейин «Бавария» ғазаб отига минди ва тўлиқ куч билан ҳаракат қила бошлади: 50-дақиқадан кейин мюнхенликларнинг тўпга эгалик қилиш бўйича устунлиги 7 фоизга кўпайди ва зарбалар сони бўйича рақибни бир неча баробарга ортда қолдирди.

«Бавария» йирик ҳисобда ғалаба қозониши ҳам мумкин эди. Мусиала ва Санеда иккитадан голли вазият бўлди, захирадан майдонга тушган Шупо-Мотинг Онанани сейв амалга оширишга мажбур қилди, аммо кутилмаганда ўйин охирида мюнхенликлар гол ўтказиб юборишди — Каземиро жарима майдони ичидаги тартибсизликдан фойдаланиб, газонда ётган ҳолда зарба бериб, ҳисобни қисқартирди ва «Юнайтед» мухлисларига яна бир умид берди. Лекин буниси ҳам алдамчи ҳиссиёт бўлиб чиқди.

Иккинчи бўлим бошидаги сценарий такрорланди: «Бавария» яна рақибнинг кўзини очирмасдан ҳужумлар уюштирди ва ҳисобни тенглаштириш ҳақида ўйлашга имкон бермади, Мюллернинг зарбаси устунга тегди. Лекин Каземиронинг голидан атиги уч дақиқа ўтиб мезбонларнинг яна бир ажойиб ҳужуми самара келтирди: Тел Киммиҳнинг аъло даражадаги пасидан кейин тўртинчи голни урди.

Ҳали бу якун эмасди — қўшимча дақиқаларга қўшилган дақиқада «Юнайтед» жарима зарбаси ижро этиш ҳуқуқига эга бўлди, Бруну Фернандеш тўпни узатди, Каземиро боши билан тўпга бироз тегиниб, дарвозабонни доғда қолдирди. Шундан кейин ўйин якунланди.

«МЮ» Мюнхенда дарвозасига қамалиб олмасдан, очиқ футбол намойиш этди. Бу таваккалчилик экани олдиндан аниқ эди. Кутилган нарса рўй берди. Аслида 4:3 умуман майдондаги ҳаққоний вазиятни ифодаламайди — «Бавария» йирикроқ ғалабага ҳақли ўйин кўрсатганди.

«Галатасарой» — «Копенҳаген» 2:2
Голлар:
Боэ (86), Тете (88) — Элюнусси (35), Гонсалвеш (58). 
Галатасарой – Муслера, Боэ, Бардакчи, Нелссон (Ндомбеле, 76), Анхелинио, Демирбай (Сержиу Оливейра, 59), Зиёш (Йилмаз, 66), Торрейра, Оқтуркўғли (Заа, 66), Мертенс (Тете, 59), Икарди.
Копенҳаген – Грабара, Йелерт, Вавро, Дикс, Мелинг, Фалк, Лерагер, Гонсалвеш (Классон, 70), Элюнусси (Ҳойлунд, 90+3), Ашури (Лунд, 75), Ларссон (Оускарссон, 70; Анкерсен, 75).
Огоҳлантиришлар: Лерагер (11), Зиёш (39), Йелерт (52), Дикс (73), Оливейра (77), Мелинг (82).
Четлатиш: Йелерт (73).

Турнинг у қадар афишали бўлмаган ўйинларидан бирида ақл бовар қилмас сюжетлар рўй берди. 86-дақиқага қадар «Галатасарой» умидсиз ҳолатда ютқазаётганди, аммо икки дақиқа ичида икки тўп фарқи йўққа чиқарилди. Ва бу камбэк ўйин мантиғидан келиб чиқди. Турклар ҳисоб 0:0 эканида ҳам қатор голли вазиятлар яратишганди, қолаверса, мезбонлар 72-дақиқадан бир киши кўп бўлиб ўйнай бошлашди. Уларга шунчаки масъулиятни зиммасига оладиган қаҳрамон керак эди ва бу Тете бўлиб чиқди. Захирадан туширилган бразилиялик футболчи аввалига тўпни икки ҳимоячи орасидан ўтказиб, ажойиб голли пас берди, кейин эса ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан дарвоза тўрига жойлади. Бу истанбулликлар клуби учун ЕЧЛда икки тўп фарқидан чиқиб кетиш билан боғлиқ учинчи ҳолат — бунгача бу каби ҳолат 22 йил муқаддам «Реал»га қарши ўйинда кузатилганди (3:2).

3 октябр. Копенҳаген — Бавария, Манчестер Юнайтед — Галатасарой.

В гуруҳи

Олти йиллик кутиш

«Арсенал» — «ПСВ» 4:0
Голлар:
Сака (8), Троссар (20), Жезус (38), Эдегор (70). 
Арсенал – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 58), Эдегор, Райс (Жоржинио, 76), Ҳавертц, Троссар (Нелсон, 58), Сака (Виейра, 69), Жезус (Смит-Роу, 69).
ПСВ – Бенитес, Тезе, Боскали, Белла-Кочап (Рамало, 76), Дест, Сҳаутен, Верман, Ланг (Вертессен, 76), Сайбари (Тиллман, 66), Бакайоко (Лосано, 66), де Йонг (Пепи, 90). 
Огоҳлантиришлар: Уайт (42), Боскали (47), Тиллман (80), Шутен (87). 

Лондоннинг «Арсенал» учун мухлислик қиладиган қисми 2388 кун кутиш режимида бўлди. Бу вақт ичида «канонирлар»нинг Чемпионлар лигасидаги сўнгги голи муаллифи Уолкотт фаолиятини якунлашга улгурди, аммо энди «Эмирейтс»да янги авлод жавлон урмоқда. Эдегорнинг зарбасидан кейин қайтган тўпни дарвозага жойлаган Сака учун ҳам, унинг пасидан кейин узоқ масофадан дарвозани ишғол этган Троссар ҳам шу куни асосий еврокубокдаги илк ўйинида майдонга тушганди.

Иккинчи голдан кейин ПСВ да ўйинда бурилиш учун шунчаки имкон қолмади. Габриэл Жезус ижросидаги учинчи гол — биринчи бўлимда рўй бериши мумкин бўлган энг минимал натижа эди. Агар лондонликлар қулай вазиятларда хато зарбалар бермаганда ва Бенитеснинг сейвлари бўлмаганида, дастлабки 45 дақиқаликда 5:0 бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмаган бўларди. Шу оқшом майдонда тўлиқ доминантлик қилган Микел Артета жамоаси тўрт гол билан кифояланди, Эдегор эса жамоанинг Чемпионлар лигасида голлар ҳисобини очган учинчи футболчисига айланди.

«Севиля» — «Ланс» 1:1
Голлар:
Окампос (9) — Фюлжени (24). 
Севиля – Дмитрович, Рамос, Гудел, Педроса, Ракитич (Сусо, 74), Фернандо, Ламела (Лукебакио, 63), Окампос, Соу (Сумаре, 63), Хуанлу Санчес (Навас, 80), Ан Носирий (Мариано, 80).
Ланс – Самба, Гради, Данзо, Медина, Мачадо (Айдара, 85), Франковски, Менди (Диуф, 71), Фюлжени (Томассон, 76), Абдул Самад, Сотока, Ваи (Гилавоги, 71).
Огоҳлантиришлар: Медина (14), Сотока (17), Самба (18), Фюлжени (30), Гудел (37), Рамос (70), Окампос (73), Айдара (90).

«Ланс» Чемпионлар лигасида қачондан буён ўйнамаётганини тушуниш учун бир фактни келтириш етарли: шу куни бошланғич таркибда тушган ҳужумчи Ваҳи французларнинг ЕЧЛдаги сўнгги ўйинидан 50 кун ўтиб дунёга келган. Лекин халқаро ўйинларда тажриба йўқлиги ҳам, мавсум стартида ўйин борасидаги муаммолар ҳам «Севиля»га муносиб қаршилик кўрсатишга халал бера олмади. Окампоснинг тезкор голига Фюлжини жарима зарбасини аниқ ижро этиб жавоб қайтарди. Бу Европа Лигаси ўйини эмас, андалусияликлар магияси бу ерда ишламайди.

3 октябр. Ланс — Арсенал, ПСВ — Севиля.

С гуруҳи

«Реал» — «Унион» Берлин 1:0
Гол:
Беллингҳем (90+4). 
Реал – Аррисабалага, Начо (Гарсия, 73), Рюдигер, Алаба, Модрич (Диас, 81), Тчуамени (Валверде, 66), Камавинга (Кроос, 66), Беллингем, Васкес, Родриго, Хоселу.
Унион Берлин – Реннов, Юранович, Бонуччи (Йеккел, 80), Лейте, Дуки, Гозенс, Крал, Тузар (Кемляйн, 83), Лаидуни (Ааронсон, 66), Беккер (Фофана, 80), Беренс (Фолланд, 66).
Огоҳлантиришлар: Тузар (1), Тчуамени (37).

Асосий еврокубокда дебютант эканига қарамай, «Унион» биринчи бўлимда кураш таклиф қилишга тайёр эканини намойиш этди. Берлинликлар бўлим давомида «Реал»га ўз устунликларидан фойдаланишга имкон бермади. Тузар эса 40-сониядаёқ сариқ карточка олиб, жамоаси ўйинга қандай кайфиятда тушганини намойиш этди.

Иккинчи бўлимга келибгина мезбонларда чинакамига хавфли вазиятлар юзага келди, ҳужумлардан бирида Родригонинг зарбасини дарвозабон кўкрак қисми билан қайтарди, иккинчи уринишда зарба устунга тегди. Шу куни қатор имкониятлардан фойдалана олмаган Ҳоселунинг ҳам бир зарбаси дарвоза тўсинига тегди, агар бу вазиятда дарвозабон тўпга қўллари билан етишга улгурмаганда ҳисоб очилиши ҳам мумкин эди. Берлинликлар девори ўйин охиригача кетма-кет зарбаларга дош берди.

Карло Анчелотти якшанба кунги Мадрид дербиси учун асраган футболчиларини ҳам жангга ташлади ва қўшиб берилган дақиқаларда бу иш берди. Кроос бурчакдан тўпни тезда ўйинга киритди, Валверде зарба берди, тўп Кралнинг оёғидан бўш дарвоза қаршисида турган Беллингҳемга борди. «Реал» ва қаймоқранглилар жамоасидаги олти ўйинда 6 гол урган (шундан учтаси ғалаба голи) Жуднинг сеҳри давом этади. Мезбонлар бу ғалабага ҳақли эди, чунки «Унион» Кепа қўриқлаган дарвоза соҳасига бирорта аниқ зарба йўлламади. Статистика нуқтайи назаридан ҳам немисларнинг мағлубияти муқаррардек эди, мадридликлар бу турнирда дебют қилган жамоаларга қарши ўйинларининг барчасида ғолиб бўлган.

«Брага» — «Наполи» 1:2
Голлар
: Брума (84) — Ди Лоренцо (45+1), Ниакате (88, автогол). 
Брага – Матеус, Гомес, Фонте, Ниакате, Борха (Марин, 85), Ал Мусрати, Карвальо (Саласар, 67), Брума, Орта, Жало (Банза, 77), Руис (Пицци, 85).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани (Эстигор, 13), Оливера, Лоботка, Зелински (Натан, 90), Замбо-Ангисса, Политано (Распадори, 67), Кварацхелия (Элмаз, 66), Осимҳен (Симеоне, 90).
Огоҳлантиришлар: Замбо-Ангисса (19), Осимҳен (41), Жало (44), Фонте (55), Политано (56), Борха (66), Распадори (79), Оливера (86), Жезус (90+3).

«Наполи» узоқ вақт давомида португаллар ҳимоясидан ўта олмади. Осимҳеннинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси эса дарвоза тўсинига тегди. Меҳмонлар фойдасига қўйилган пеналти ҳам бекор қилинди, арбитр монитор қаршисига бориб, нигериялик футболчига қарши фолни эмас, унинг ўзи томонидан қоида бузилганини қайд этди. Аммо ушбу тўпурар футболчининг тиришқоқлиги бўлим охирида барибир натижа келтирди, у Кварахцхелиянинг узатмасидан кейин тўп учун курашда устун келди ва тўпга эга чиққан Ди Лоренцо ҳисобни очди. «Наполи» сардори ўтган мавсум ҳам қўшиб ҳисобланганда, ЕЧЛда энг кўп гол урган ҳимоячи (3 гол) бўлиб олди.

Статистика нуқтайи назарида бу «Брага» учун ҳукм ўқилиши эди. Асосий еврокубокда бу жамоа ҳеч қачон ҳисобда ортда бораётганида ўйинни қутқара олмаган, бу сафар ҳам шундай бўлди — Брума ўйин охирида ҳисобни тенглаштирганди — лекин унинг голи натижага таъсир қила олмади. Шу кеча мезбонларнинг очиқчасига омади келмади. Аввалига Ниакате ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди, кейин эса Пиццининг ҳакам ҳуштаги янграши арафасида берган зарбаси устунга тегди.

3 октябр. Наполи — Реал, Унион — Брага.

D гуруҳи

Иккинчи «ўлим» гуруҳи

«Реал Соседад» — «Интер» 1:1
Голлар:
Мендес (4) — Мартинес (87). 
Реал Соседад – Ремиро, Траоре, Ле Норман, Субелдия, Тирни (Мунос, 62), Мендес (Пачеко, 85), Мерино, Субименди, Кубо (Одриосола, 72), Ойарсабал (Содиқ, 72), Барренечеа (Чо, 62).
Интер – Зоммер, Думфрис, де Врей (Ачерби, 76), Павар, Бастони (Димарко, 55), Аугусто, Мхитарян (Санчес, 69), Барелла, Аслани (Фраттези, 55), Арнаутович (Тюрам, 55), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Аслани (13), Мхитарян (60), Фраттези (70), Мерино (70), Траоре (89), Субелдиа (90+6). 

«Реал Соседад» мавсумни яхши бошлай олмади: ички чемпионатда атиги бир ғалабага эришилган — ла лига аутсайдери «Гранада» устидан. Аммо «Интер»га қарши ўйин арафасида ўзига хос интрига бор эди — оқ-ҳаворанглар жамоаси 10 йиллик танаффусдан кейин Чемпионлар лигасига қайтди, бу эса доим алоҳида воқеа саналади.

Мезбонлар барча параметрлар бўйича андердог сифатида кўрилаётганди — биринчи турда турнирнинг ўтган мавсуми финалчиси рақиб бўлганди. Лекин «Соседад» футболчилари илк дақиқаларданоқ италияликларни жарима майдони ичида қамаб қўйиб, бир неча хафвли зарбалар беришди. «Интер» бу босимга дош беролмади ва 4-дақиқадаёқ Зоммер Мендеснинг зарбаси қаршисида ожиз қолди

Испанлар тезкорроқ, кескинроқ, қунт билан ҳаракат қилишди — «Интер» футболчилари яккакурашларни бой берди, вақти-вақти билан хавфли ҳужумларни ўтказиб юборди. Биринчи бўлим зарбалар бўйича 8:1 ҳисобида «Реал Соседад» фойдасига ҳал бўлди. Шу кунларда «Милан»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этган жамоа учун бу жуда даҳшатли натижа эди.

Иккинчи бўлим бошланганидан 10 дақиқа ўтибоқ Индзаги бирданига уч футболчини алмаштирди — Димарко, Фраттези ва Тюрам майдонда пайдо бўлди. Аммо бу ҳам ёрдам бермади. 65-дақиқада эса Бареллага қизил карточка кўрсатилди. Бош ҳакам Майкл Оливер видеотакрордан кейин қарорини бекор қилди, лекин бу италияликларнинг умумий кайфиятини кўтара олди, дейиш қийин. Меҳмонлар қийналишда давом этишди.

Майдонда Алексис Санчес пайдо бўлгандан кейингина миланликлар жонланиб қолишди ва дарвоза томон зарбалар берила бошланди. Индзаги бешинчи алмаштиришни ҳам амалга ошириб, Ачерби ҳам майдонга тушганида эса ўйинда бурилиш юзага келди — мезбонлар ташаббусни тўлиқ рақибга топшириб қўйишди.

80-дақиқада нерадзурри ҳисобни тенглаштирганди, аммо Оливер офсайд қайд этди. Лекин 87-дақиқада италияликлар барибир ҳисобга олинган голни уришди. Бу Мартинеснинг мавсум стартидаги олтинчи голига айланди.

«Бенфика» — «Залцбург» 0:2
Голлар:
Шимич (15, пеналти), Глуҳ (51).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Конате, 3
Бенфика – Трубин, Ба, Отаменди, Антониу Силва, Эурснес, Ди Мария (Нерес, 72), Мариу (Морато, 16), Рафа Силва (Гувейя, 84), Кўкчи (Шикиню, 72), Невеш, Муса (Тенгстедт, 84). 
Залцбург – Шлагер, Дедич, Павлович (Пятковски, 89), Байду (Соле, 72), Терзич, Бидструп, Киергор, Гурна-Дуат, Глуҳ (Сучич, 71), Шимич (Ратков, 71), Конате (Койта, 59).
Огоҳлантиришлар: Трубин (2), Гурна-Дуат (21), Р.Силва (54), Байду (58), Шимич (67), Отаменди (69).
Четлатиш: А.Силва (13).

Плей-офф учун имконияти юқорироқ баҳоланган «Бенфика» учун бу ўйин даҳшатли тушга айланди. Иккинчи дақиқадаёқ дарвозабон Трубин тўп ўрнига рақибнинг бўйнига муштлари билан зарба берди ва бу пеналти қўйилишига сабаб бўлди. «Залцбург»нинг энг яхши тўпурари Конате тўпни трибуналар томонга қаратиб тепган бўлса-да, меҳмонларга шу куни омад ҳам кулиб боқди.

Ҳисоб 0:0 эканида Жоау Мариу ва Мусанинг зарбалари дарвоза устунига тегди. Кейин эса Антониу Силва билан бахтсиз ҳодиса рўй берди, у дарвоза тўсинидан қайтган тўпни қўли билан ўйнади. 13-дақиқадаёқ қизил карточка, иккинчи, бу сафар аниқ ижро этилган пеналти — бу «Бенфика»га иккиталик зарба бўлди. Лекин жамоа умидини сўндирмади, масалан, Ди Мария бурчак зарбасидан гол уришига бир бахя қолди. Аммо иккинчи бўлимда ҳимоядаги қўпол хатодан куейин Шимич дарвоза қаршисида бўш турган Глуҳга голли пас берганидан кейин лиссабонликлар учун ҳукм ўқилди. Жамоа бунгача гуруҳ босқичини етти бор мағлубият бошлаган ва ҳар сафар гуруҳда қолиб кетган.

3 октябр. Залцбург — Реал Соседад, Интер — Бенфика.

Кун статистикаси

  • Томас Мюллер ЕЧЛда 100-ғалабасига эришиб, бу борада Криштиану Роналду ва Касилясдан кейинги 3-футболчи бўлди.
  • «Бавария» ҳужумчиси Гнабри Англия клублари билан сўнгги олти ўйинда 7 гол урган.
  • Лаутаро Мартинес ЕЧЛдаги голлари сонини 11 тага етказди. «Интер»нинг ушбу турнирдаги энг яхши тўпурарлари рўйхатида у Креспога етиб олди ва рекордчи — бразилиялик Адрианодан учта гол фарқи билан ортда бормоқда.
  • 21 ёшу 183 кун — «Залцбург» Чемпионлар лигаси тарихидаги энг ёш (ўртача) бошланғич таркибни туширди.
  • Рикарду Орта «Брага» учун 335-ўйинини ўтказди ва бу борада клуб тарихидаги учликка кирди.

Мавзуга оид