Спорт | 21:25 / 03.10.2023
12928
6 дақиқада ўқилади

Хвича кумирларига, «МЮ» туркча дрим-тимга қарши, «Лейпциг» қасос олмоқчи. ЕЧЛ ўйинлари анонси

3-4 октябр кунлари Европа Чемпионлар лигасида 2-тур доирасида 8 гуруҳда 16 та учрашув ўтказилади.

Чоршанбага ўтар кечаси бўлиб ўтадиган ўйинлар:

Турнинг энг кўп қизиқишга сабаб бўлаётган тўқнашувлари

«Наполи» — «Реал»

Хвича — Осимҳен боғлами ниҳоят уйқудан уйғонди ва Мадрид мудофааси мустаҳкамлигини текширишга тайёр. Бу мудофаа қўрғонида эса барчаси жойида  эмас: «Реал» Анчелотти даврида ҳеч қачон намунали катеначчо намойиш эта олмаган, ҳозир эса жароҳатлар ҳам кўпайиб кетган. Италиялик мутахассис бир вақтлар «Наполи»ни можароли тарзда тарк этганди, бугун у собиқ клубидан ўч олиш имконига эга. Бу ўйиндаги интригалардан бири Кварацхелия ўзини қандай кўрсатиши билан боғлиқ. Ушбу гуржистонлик футболчи ёшлигидан мадридликлар жамоасига мухлислик қилади ва қачондир ушбу жамоа футболкасида тўп суришни орзу қилади — у олдиндаги икки ўзаро ўйинда Флорентино Пересда яхши таассурот қолдира олиши керак. Хвича ниҳоят мўлжалини тўғрилаб олди: ярим йиллик танаффусдан кейин сўнгги икки ўйинда бир гол уриб, икки голга узатма берди.

«Манчестер Юнайтед» — «Галатасарой»

Ҳозир «Юнайтед»дан исталган натижани кутиш мумкин. Шу билан бирга, буни истанбуллик меҳмонларга ҳам қўлласа бўлади, бу жамоа «Олд Траффорд»га юлдузли таркиб билан ташриф буюрган: Икарди, Мертенс, Ндомбеле, Муслера, Зиёш, Заа ва бошқалар. «Галатасарой» бу мавсумда ҳали мағлубиятга учрамагани, «МЮ» эса ўтган турда «Кристал Пэлас»га ўз уйида мағлуб бўлгани факти интригани кучайтиради, мезбонлар мухлислари қаршисида ўзини оқлаши керак.

«Нюкасл» — «ПСЖ»

«Нюкасл»нинг ЕЧЛга қайтиши ҳозирча яхши таассурот қолдирмаяпти. «Милан» ўтган турда «Сан-Сиро»да кечган ўйинда инглизларга шунчаки ўйин бермади, аммо мезбонларнинг вазиятлардан фойдалана олмаслиги меҳмонлар очко билан қайтишига имкон берди. Парижликлар билан ўйинда мухлислар «Манчестер Сити»ни ҳам қийнаб қўйган прессинг-машинасини кўришни истамоқда. Бу қарама-қаршиликни икки давр тўқнашувига менгзаш мумкин: «ПСЖ» Энрике даврида оддий тики-така намойиш этмоқда (тўпга эгалик қилиш бўйича 70 фоизлик устунлик, аммо томошабоплик йўқ), бу ўйинда улар тўпни қанчалик яхши ушлай олиши синовдан ўтади. Парижликларда ҳали бундай синов бўлмаган.

«Интер» — «Бенфика»

Ўтган мавсум чоракфинали ремейки. Ўшанда миланликлар қийинчилик билан бўлса-да, Рожер Шмидт жамоаси прессингини енгиб ўтганди. Қизиғи шундаки, ўшанда лиссабонликлар фаворит мақомида эди, аммо Индзаги «Бенфика» босимини моҳирлик билан қарши турганди ва уни қарши ҳужумларда жазолаганди. Португаллар жамоасига ўшанда Энцо Фернандес қишки трансферлар доирасида кетиб қолгани катта таъсир кўрсатганди, аммо 10 ой ичида Шмидт таркибдаги муаммоларни ҳал қилгандек кўринмоқда. «Бенфика» ички чемпионатда етакчилик қилаётган «Спортинг»ни бир очколик билан таъқиб қилмоқда, жамоага қайтган Ди Мария деярли ҳар ўйинда гол урмоқда, «Интер» эса А серияда барчадан ишончлироқ ўйнаётган жамоа бўлиб турибди.

«Боруссия» Д — «Милан»

«Боруссия» Дортмунд ҳозирча бу мавсумда нимагадир даъвогарлик қилишини намойиш эта олмаяпти. Ҳимояда муаммолар бор, ЕЧЛнинг биринчи тури эса немисларга тўп тепишга ҳам имкон бермаган «ПСЖ»дан ожизона мағлуб бўлиш билан бошланди. Ҳимоядаги кучсиз ўйинни голлар эвазига қоплаш мумкин, аммо «Боруссия»да ҳужум чизиғида ҳам барқарор футболчи топилмаяпти. Санчо, Беллингҳем ва Ҳоланд даври ўтмишда қолди — энди эса барча умид Ройс ва яна бир тажрибалироқ футболчи Аллердан. Вундеркиндлар у қадар кучли ўйнай олмаяпти: Адейеми кўпроқ кўчадаги ҳаёти билан банд, Мукоко билан боғлиқ вазият эса умуман тушунарсиз. «Милан»да эса барчаси аъло даражада: ёзги трансферлар тўғри бўлиб чиқди, ҳужум чизиғида эса аввалгидек Леау ва Жиру жавлон уришмоқда.

«Лейпциг» — «Манчестер Сити»

Баҳорда Гвардиола бор ғазабини «Ред Булл»га сочган ва «Этиҳад»да 7:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Бу Чемпионлар лигаси плей-оффида бўлганди. Ҳоланд пента-трик қайд этганди. Аммо Розе ўша ўйиндан маълум хулосалар чиқаргани аниқ, қолаверса, жамоада анча ўзгаришлар бўлди. Гвардиол Гвардиоланинг олдига, Собослаи Клоппнинг олдига кетди, Нкунку «Челси»да даволанмоқда, Лаймер «Бавария»да. Шу билан бирга жамоага вундеркинд Хави Симонс келган ва чемпионат стартидаги олти ўйинда гол ва пас тизимида 3+4 балл ишлаган, ўтган мавсум кашфиёти Лои Опенда ва тезкор форвард Бенямин Шешко ҳам шу ерда. «Сити» гуруҳ босқичи ўйинларига плей-оффдагидек тайёрланмайди, шундай экан, Пеп қаторасига учинчи бор мағлуб бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Мавзуга оид