Иқтисодиёт | 22:52 / 21.10.2023
35105
8 дақиқада ўқилади

Нархи “ошмаган” АИ-80, юпқалашаётган “хавфсизлик ёстиқчаси”, қимматлашган Lacetti ва Cobalt — “Иқтисодий таймлайн”

UzAuto Motors сотувда йўқ автомобиллар нархини оширди, олтин-валюта захиралари кетма-кет 6 ойдирки камаймоқда, АИ-80 бензини нархи ошмади, аммо топилиши қийин бўлиб қолди. Humo’да яна муаммо. Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа иқтисодий янгиликлари – “Иқтисодий таймлайн”да.

4,7 млрд долларга қисқарган  “хавфсизлик ёстиқчаси”

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет олтинчи ой ҳам камайди. 1 октябр ҳолатига, халқаро активлар 31,04 млрд долларгача қисқарган. Бу – 2020 йил 1 апрелдан буён қайд этилган энг минимум кўрсаткичдир. 

Сентябр ойи давомида расмий захиралар таркибидаги хорижий валюта миқдори 8,7 млрд доллардан 7,4 млрд долларга камайган. Бу Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори эълон қилина бошлаган 2018 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Олтиннинг физик ҳажми эса 12,1 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга кўпайган бўлса-да, қиймати 23,43 млрд доллардан 23,05 млрд долларга қисқарган. Бу бевосита жаҳон молия бозорида олтин нархининг арзонлашиши билан боғлиқ. 

Ўсиб бораётган савдо тақчиллиги ва бюджет дефицити сабабли жорий йил бошидан бери захира активлари умумий ҳисобда 4,7 млрд долларга қисқарган.

Нархи қимматлашган, аммо сотувда “йўқ” автомобиллар

UzAuto Motors бир қатор оммабоп автомобилларнинг нархларини оширди. Хусусан, Lacetti, Damas, Labo вa Cobalt каби моделлари нархлари 4,7 млн сўмдан 9 млн сўмгача қимматлашди. Бироқ компания бу ҳақида ҳалигача расмий маълумот бермади.

Комплектацияларнинг нархлари қуйидагича оширилган:

  • Lacetti L-Style Plus AT — 160 млн 868 минг сўмдан 169 млн 118 минг сўмга;
  • Damas D2 DLX Style Plus — 92 млн 204 минг сўмдан 96 млн 932 минг сўмга;
  • Labo LB2 Plus: 91 млн 669 минг сўмдан 96 млн 370 минг сўмга;
  • Cobalt GS-Style Plus MT — 113 млн 711 минг сўмдан 119 млн 542 минг сўмга;
  • Cobalt GX-Style Plus AT — 134 млн 294 минг сўмдан 141 млн 181 минг сўмга.

2023 йилдан бошлаб UzAuto Motors’нинг яширин имтиёзлари бекор қилиниб, барча солиқ ва йиғимларини тўлашга ўтиши тахмин қилинганди. Аммо, бу борада олдинга қадам ташланмади. Биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойида бюджетга тўланмаган утилизация йиғимининг миқдори бир неча трлн сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, компания оммабоп моделлари сотувини 8 ойлик танаффусдан кейин шу йил август ойи бошида қайта тиклаган, ўшанда автосалонларда кузатилган ажиотаж фонида 50 мингдан ортиқ автомобил учун шартномалар бир сутка ичида тарқатиб бўлингани айтилганди. Кейинроқ, 18 сентябр куни қўшимча шартнома бериш бошлангани хабар қилинди, бироқ орадан 2 соат ўтар-ўтмас 28 мингта шартнома тугагани, жараён эса тўхтатилгани маълум бўлди.

Иссиқхоналарга газ етказиб бериш давом эттирилади

Совуқ кунлар яқинлаша бошлаши билан иссиқхоналарни газдан узиш ва кўмирга ўтказиш масаласи яна кун тартибига қайтди. Иқтисодчи Юлий Юсупов бу тадбир иссиқхоналарнинг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, тармоқнинг қарз юкини янада ошириши мумкинлиги ҳақида ёзди. Ижтимоий тармоқдаги турли муҳокамалар фонида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Унга кўра, 2023-2024 йилги куз-қиш мавсуми учун аҳоли газ тармоғига уланмаган иссиқхоналарга газ етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ишларини бошланган. Бунда тадбиркор газ таъминотидан фойдаланиши учун рақамли ўлчов ҳисоблагич ўрнатиши, захира ёқилғига эга бўлиши ҳамда олдиндан бўнак тўловини амалга ошириши талаб қилинади. Етказиб бериладиган газ нархи эса 1 куб учун 1500 сўмни ташкил қилади.

Нархи “ошмаган” АИ-80 

Рақобат қўмитаси АЁҚШларга биржадан АИ-80 бензинини харид қилишида кунига 10 тонналик лимит белгилангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Бунинг ортидан тармоқларга 1 ноябрдан бошлаб ушбу маркадаги бензин нархининг қимматлашиши ҳақидаги постлар жойлаштирилади.

“Ўзбекнефтгаз” бу хабарлар асоссиз эканини, жамият тасарруфидаги АЁҚШларда нархлар эски белгиланган тартибда амалга оширилишини маълум қилди. Ўз навбатида, Рақобат қўмитаси ҳам айни пайтда товар-хомашё биржаси орқали ёқилғи сотишга ҳеч қандай чекловлар киритилмаганини билдирди. Расмий доираларда инкор қилинаётган бўлса-да, охирги кунларда айрим АЁҚШларда АИ-80 бензини билан боғлиқ тақчилликлар кузатилмоқда.

Маълумот учун, 2022 йил декабр ойида газ “заправка”лар фаолиятига чеклов қўйилиш ортидан бензинга талаб кескин ошиб кетганди. Шундан сўнг 2022 йил 10 декабрдан АИ-80 автобензини учун аксиз солиғи нол ставкада қўлланиши ва биржада нархлар ўсиш даражаси чекланиши белгиланганди. Кейинроқ, солиқ имтиёзларини қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Шундай бўлса-да, бир муддат 5500 сўмгача арзонлашган АИ-80 маълум муддатдан сўнг яна 6800 сўмгача қимматлашди.

“Тўлиқ бўлмаган 10 ойда брент котировкаларига умуман алоқаси йўқ 80 бензин 24 фоизга қимматлади, аксизнинг ноллаштирилиши эффекти баҳор тугамай ҳавога учди. Бюджет 4 трлн сўм ютқазгани қолди холос. Бошқача айтганда, бюджет ютқазган 4 трлн сўм монополистлар чўнтагига бориб тушди”, дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Арзонлашган ва қимматлашган озиқ-овқат маҳсулотлари

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари 2023 йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўзгаришини кўриб чиқди. 

Мониторинг натижалари 8 хил маҳсулот бўйича минимал нархлар ўтган ойдагига нисбатан пасайганини кўрсатган. Масалан, оқ карамнинг нархи 61,5 фоиз, олманинг нархи 15,4 фоиз, сариқ пиёзнинг нархи 10,3 фоиз, макароннинг нархи 4,7 фоиз, мол гўштининг нархи 4,6 фоиз, ўсимлик мойининг нархи 3,1 фоиз, лимоннинг нархи 1,6 фоиз, бодрингнинг нархи 1,3 фоиз пасайган. Гуруч, шакар ва маргариннинг энг паст нархлари эса ўзгаришсиз қолган.

10 турдаги маҳсулот нархлари эса ошган. Бу борада помидор етакчи бўлган. Унинг энг паст нархи 5950 сўмдан 9990 сўмга кўтарилган. Банан ва сут нархи ҳам сезиларли даражада ошган: уларнинг нархи мос равишда 3000 сўмга ва 2110 сўмга қимматлашган.

Темирйўл чипталари нархларининг оширилиши кечиктирилди

“Ўзбекистон темирйўллари”нинг 3 октябрдаги хабарига асосан, 20 октябрдан тезюрар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларининг чипта нархлари мос равишда 50 ва100 фоизга оширилиши керак эди. Компания матбуот котиби Алишер Болтабоевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу санадан чипта нархлари оширилмайди. Айни вақтда ташкилот ставкаларни қайта кўриб чиқмоқда. Аммо ҳозирча чипта нархлари қачон ва қандай қийматда қимматлаши аниқ эмас.

Шунингдек, ҳафта давомида Humo тўлов тизими билан яна муаммолар юз берди. Бу сафар - терминаллар орқали тўловларни амалга оширишда. Эслатиб ўтамиз, ой бошида ҳам Humo карталари орқали онлайн тўловлар ва пул ўтказмаларини амалга оширишда бир неча кунлик носозликлар кузатилганди.

1 декабргача табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестри жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид