Ўзбекистон | 20:32 / 21.12.2023
43103
3 дақиқада ўқилади

Мудофаа вазирлиги Ўзбекистон ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли Қуролли кучларга эгалигини эслатди

Бу россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги сўзлари ортидан Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга чақиртирилгани фонида юз берди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларга эга экани келтириб ўтилган постни эълон қилди. Вазирлик матбуот котиби Отабек Йулдашев ўз Telegram-каналида Ўзбекистон Конституциясининг 153-моддасидан иқтибос келтирган: «Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга».

«Газета.uz»нинг бундай баёнот нима билан боғлиқ экани тўғрисидаги саволига Отабек Йулдашев Мудофаа вазирлигининг медиа маркази шу тарзда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллигига тайёргарлик кўраётгани, келгусида Қуролли Кучлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида яна бир қанча постлар чиқарилиши режалаштирилаётганини айтган.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2017 йилда Мудофаа доктринасини янгилаган. Мазкур ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Мудофаа доктринаси мудофаа характерига эга.

«Ўзбекистон Республикаси ҳеч бир давлатни ўзининг душмани деб ҳисобламайди ва барча мамлакатлар билан муносабатларни мамлакат миллий манфаатларининг устуворлиги асосида ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини инобатга олган ҳолда, ўзаро наф кўриш, тенг ҳуқуқлилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч воситалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш, давлатлараро шаклланган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини тан олиш асосида қуради», дейилади доктринада.

Ҳужжатда глобаллашув давом этаётган ва халқаро муносабатларнинг бутун тизими ўзгариб бораётган шароитларда жаҳондаги ҳарбий-сиёсий вазият халқаро ва минтақавий хавфсизликка хавф-хатар ҳамда таҳдидлар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилган.

«Бу омиллар ҳарбий куч ишлатишни талаб қилиши мумкин. Бундай шароитда давлатнинг мудофаа салоҳияти ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидларни жиловлаш, нейтраллаштириш ва тугатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб қолади», дейилади ҳужжатда.

 

Вазирликнинг бу пости россиялик сиёсатчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги сўзларидан сўнг Россия элчиси Ўзбекистон ТИВга чақирилиши фонида эълон қилинди.

Мавзуга оид