Жамият | 16:57 / 22.12.2023
17724
4 дақиқада ўқилади

“80 фоизгача чегирма”: ҳақиқий акциями ёки нарх манипуляцияси?

Рақобат қўмитаси таҳлилларига кўра, айрим йирик савдо марказлари ва дўконларда дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархлари ҳаддан ташқари ошириб юборилади, сўнгра уларнинг баҳоси ҳақиқий нархигача туширилади ва “чегирма” сифатида харидорларга тақдим этилади.

Коллаж: Kun.uz

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда акциялар, ҳар хил товарларнинг мавсумий чегирмалари ташкил қилингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бунда кўпинча муайян ҳолат (компаниянинг юбилейи, миллий байрам ва бошқалар) сабабли чегирма берилганига урғу берилади.

Рақобат қўмитаси таҳлилларига кўра, айрим йирик савдо тармоқлари фойда олиш мақсадида кўпинча харидорлар билан турли хил манипуляцияларга киришиши, масалан, дастлаб таклиф қилинадиган товарларнинг нархлари иложи борича ҳаддан ташқари ошириб юборилиши, сўнгра уларнинг нархи ҳақиқий нархигача туширилиши мумкин. Бунда харидорлар томонидан чегирмали товарларни харид қилиш орқали уларда фойдали харид иллюзиясини келтириб чиқариш мақсад қилинган.

“Одатда байрамлар олдидан йирик савдо марказлари ва дўконлар товар нархларини кескин кўтариши, кейин эса чегирмалар эълон қилиш орқали гўёки товар нархларининг кескин туширилгани тўғрисида рекламалар беради, ҳақиқатда эса чегирмадаги товар нархи эски нархдаги ҳолатига қайтарилиб, гўёки 20-30 фоиз чегирмалар қўллангандек тақдим этилади”, дейилади хабарда.

Қўмита товарларни, маҳсулотларни чегирма билан сотиш ҳолатларига эътиборлироқ бўлиш, товарларни сотиб олишдан олдин унинг сифати ва нуқсонсиз эканини текширишни унутмасликка чақирди.

Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоялаш органига кўра, товарларларни чегирма билан харид қилишда тўсиқ ва муаммолар ёки нотўғри ва ишончсиз рекламаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилган тақдирда, қўмитанинг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.

Реклама баннерида музлаткич, чегирмада эса телефон қувватлагич

Kun.uz охирги пайтларда оммавийлашган ҳар хил чегирмалар ҳақидаги айрим ҳолатларга эътибор қаратди.

Хусусан, бир маиший техника сотадиган дўконлар тармоғи 80 фоизгача чегирма эълон қилган. Рекламадаги баннерда телевизор, музлаткич, чангютгич, дазмол ва бошқа техникалар кўрсатилиб, гўёки шу маҳсулотларни 80 фоизгача арзонлаштирилган нархда харид қилиш имконияти борлигига урғу берилган. Амалда эса бу маҳсулотларга атиги 3-4 фоизлик чегирмалар берилгани ёки умуман бундай имтиёзли нархлар мавжуд эмаслиги ойдинлашди. Рекламада ёзилган 80 фоизлик чегирма эса Power bank'ни қувватлайдиган сим учун мавжуд бўлган.

Бошқа ҳолатда эса бир маркетплейс (онлайн бозор)да катта чегирма эълон қилингани, реал ҳолатда шартли 10 минг сўмлик маҳсулотнинг нархи 20 минг сўмгача шиширилгани ва унга нисбатан 50 фоизлик чегирма қўлланганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Умуман олганда, Ўзбекистон бозорида маиший техникалар, телефонлар билан савдо қилувчи тармоқларда рақобат даражаси суст эмас, яъни барча дўконларга деярли бир-бирига жуда яқин нархларда маҳсулотлар етиб келади. Шундай ҳолатда уларнинг 70 ёки 80 фоиз тугул, 20 фоиз реал чегирма элон қилиши ҳам ҳақиқатдан анча йироқ.

Маълумот учун, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган.

Ўзбекистонда рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатлар “Реклама тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Бу қонуннинг 16-моддасига кўра, номақбул (нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу қонун талабларига мос келмайдиган ҳолатлар) реклама бериш тақиқланган.

Мавзуга оид