Ўзбекистон | 13:23 / 30.12.2023
10879
2 дақиқада ўқилади

Чортоқ туманига янги ҳоким тайинланди 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги марказ директори ўринбосари Илҳом Сатторов Чортоқ ҳокими сифатида иш бошлади.  Туманнинг аввалги ҳокими Анвар Отахўжаев декабр ойи ўрталарида Наманган шаҳар ҳокими этиб тайинланганди.

Наманган вилояти Чортоқ туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Илҳом Сатторов Чортоқ тумани ҳоким лавозимида иш бошлади. 

У 1985 йилда Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йилда Наманган муҳандислик педагогика институти, 2020 йилда президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: менежмент, давлат бошқаруви.

2008-2014 йилларда Наманган вилояти молия бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 2014-2016 йилларда Чортоқ тумани молия бўлими мудири. 2016-2017 йилларда Наманган вилояти молия бошқармаси даромадларни прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бўлими бошлиғи. 

2017-2023 йилларда Уйчи тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Наманган вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Инновацион ривожланиш вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифаларида фаолият юритган.

Тайинловга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги билим ва инновациялар маркази директори ўринбосари - республика тижоратлаштириш ва маслаҳат хизматлари мажмуаси раҳбари вазифасида ишлаб келган. 

Мазкур тайинлов Наманган вилояти ҳокимининг 2023 йил 29 декабрдаги қарори билан амалга оширилди.

Бундан олдин, декабр ойи ўрталарида Чортоқ тумани ҳокими сифатида ишлаб келган Анвар Отахўжаев Ғофур Жамолов ўрнига Наманган шаҳрининг янги ҳокими сифатида иш бошлаганди.

У 2019 йилдан буён Чортоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган.

Мавзуга оид