Жаҳон | 19:22 / 25.04.2024
8486
15 дақиқада ўқилади

Эрдўған – Ироқда. Курд сепаратизмига зарба берилдими?

Туркия президенти Араб баҳоридан бери илк марта Ироққа ташриф буюрди. Ўтган ойда расмий Бағдод Курд ишчилар партиясини тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритган эди. Бунинг эвазига Истанбул бу қўшниси билан иқтисодий алоқаларни кучайтиради. Айни пайтда, Туркиянинг Ироқ ҳудуди орқали Форс кўрфазига чиқиш режаларини Эрон ва Россия хушламаяпти.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 2011 йилдан бери илк марта Ироққа ташриф буюрди. Икки қўшни давлат иқтисодиёт ва хавфсизлик борасида қатор келишувларга эришди. “Геосиёсат” бу стратегик ташриф атрофидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов, Ҳабибулло Азимов ва Равшан Ғозиевга юзланди.

— Эрдўғаннинг Ироққа ташрифига асосий сабаблар нима эди?

Равшан Ғозиев: — Туркия ва Ироқ қўшни давлат, тарихий, маданий, иқтисодий боғлиқ. Икки давлат муносабатлари доим яхши бўлган, совуқ уруш даврида ҳам. Эрдўғаннинг 12 йил бормаганига бир нечта омиллар бор. Араб баҳоридан кейинги Ироқдаги тартибсизлик, хавфсизлик издан чиқиши кабилар билан боғлаш мумкин. Лекин стратегик жиҳатдан Ироқ билан муносабатлар муҳим бўлган доим.

Ташрифнинг энг асосий сабаблари – иқтисодий ва хавфсизликка оид масалалар. Туркия ва Ироқ савдо айланмасига қарасак, 2023 йилда 20 млрд долларни ташкил қилган. Бу билан Ироқ Туркиянинг энг асосий ўнта савдо ҳамкоридан бири. Бунда Туркия 13 млрд долларлик экспорт қилади, 7 млрд импорт қилади. Бундан ташқари, бир қанча лойиҳалар ҳақида гапириш мумкин. Кейин хавфсизлик масаласи, бу асосан Курд ишчилар партияси билан боғлиқ масала.

Ҳабибулло Азимов: — 1932 йилда Ироқ Британиядан мустақил бўлгач, Туркия билан муносабатлари 1958 йилгача яхши бўлган. Ўша йили Ҳошимийлар сулоласи ағдарилиб, ҳокимиятга Алдулкарим Қосим келади. Шу билан Ироқ Боғдод пактидан чиқиб кетади. Социалистларнинг ҳокимиятга келиши Туркияни хавотирга солади. Курд сепаратизмидан хавотир бўлади. Ироқ маълум даврларда курд сепаратизмидан Туркияга қарши восита сифатида ҳам фойдаланган. Масалан, 1960-йилларда Туркия ва Ироқ муносабатлари ёмонлашади, сабаби Туркия қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун Дажла ва Фрот дарёларини ёпиб, катта лойиҳа бошлайди ва ўртага сув муаммоси чиқади. Шунингдек, 1980 йилдан бугунги кунгача Туркия Ироқ ҳудудида 15 дан ортиқ ҳарбий операциялар ўтказган.

Араб баҳоридан кейин Ироқдаги ижтимоий-сиёсий вазият ўзгарди, шиалар ҳокимиятга келди. Ироқ ва Эрон яқинлашиши сабаб Туркиянинг Ироқдаги манфаатларига путур етди. Бугун Кўрфаз араб давлатлари билан яқинлашиш Туркия манфаатларига тўғри келади, деб кўриляпти Туркия томонидан.

— Ироқдаги курд этник гуруҳлари ўртасидаги муносабат Туркия ташқи сиёсатида қандай ўрин тутади?

Камолиддин Раббимов: — Туркия учун биринчи ўринда турадиган муаммо – курд сепаратизми. Бу муаммо Эрдўған келишидан олдин анча кучли эди. Эрдўған исломий қарашдаги шахс бўлгани сабаб ичкарида курдлар ва туркларни маълум даражада интеграция қила олди. Бир вақтлар расмий Анқаранинг мафкураси дунёвий миллатчилик бўлган, ўша вақти курдлар томонидан курд миллатчилиги ҳам олдинга сурилган. Туркия минтақадаги қолган 3 та давлат билан курд сепаратизми борасида ҳамкорликка, ягона позицияда бўлишга интилиб келган, булар – Сурия, Ироқ, Эрон.

Ироқнинг шимолида анчагина курдлар яшайди. Араб баҳоридан кейин Ироқда этник тарқоқлик бор. Шимолдаги курдлар маълум даражада ички-ташқи сиёсатда сиёсий эркинликларни қўлга киритди. Эрдўған биринчи Бағдодга борди, кейин шимолдаги Ирбил шаҳрига борди ва у ерда ҳам алоҳида музокаралар ўтказди. Эрдўған Ироқ томонидан курд сепаратизми билан курашилиши бўйича келишувга эришди. Курд ишчилар партияси Ироқда ман қилинган, у билан кураш олиб бориладиган сиёсий куч сифатида эълон қилинди ва Туркия билан бирга қарши кураш олиб боришга келишиб олинди.

Равшан Ғозиев: — 80-йилларда Курд ишчилар партияси ташкил топгач, сепаратистик ҳаракатлар кучайган. Ҳар йили ўнлаб турк аскарлари курд сепаратистлари билан курашда ҳалок бўлади. Ўтган йили декабр ойида ҳам 28 нафар турк аскари ҳалок бўлди.

Ироқдаги Сулаймоний деган жойда Талабонийлар оиласи бор, уларнинг Курдистон ватанпарварлар бирлиги деган ташкилоти мавжуд. Бу ташкилот бевосита Курдистон ишчилар партияси билан боғлиқ, уларга ёрдам бериб келади. Ўтган йилги воқеалардан кейин Туркия ташқи ишлар вазири “Ироқ Талабоний оиласининг Курдистон ишчилар партиясига ёрдами масаласини кўриб чиқмаса, биз жиддий ҳаракатлар қиламиз”, деди. Эрдўғаннинг ташрифидан кейин эса Курдистон ишчилар партияси террорчи партия сифатида эълон қилинди.

Ҳабибулло Азимов: — Курдлар асосан иккита сиёсий партияга бўлинади: биринчиси Барзоний асос солган Курдистон демократик партияси, иккинчиси Талабонийлар ташкил қилган Курдистон ватанпарварлар бирлиги. Барзонийларнинг Туркия билан муносабатлари яхши, асосий муаммо Талабонийлар билан бўлади. Юқорида айтилгандек, улар Курдистон ишчилар партиясини ҳам қўллайди. Яъни асосий муаммо шу Талабонийлар билан боғлиқ, бутун Ироқдаги курдлар билан эмас.

Саддам Ҳусайн ҳокимияти ағдарилгач, Талабоний маълум муддат давлат раҳбари ҳам бўлган, яъни бу сулола ростдан ҳам катта таъсирга эга. Яқин Шарқдаги баъзи араб давлатларида қабилачилик тизими ҳалигача сақланган ва уларнинг сиёсий таъсири ҳам кучли.

— Туркия ва Ироқнинг транспорт ва энергетика секторидаги ҳамкорликлари қайси муаммолар билан тўқнаш келмоқда?

Камолиддин Раббимов: — Энди дунёда кураш ҳудудлар учун бўлмайди, балки транспорт логистика, геоиқтисодий боғлиқликлар учун рақобат бўлади. Эрдўғаннинг Ироққа ташрифида ҳам шундай рақобатни кўриш мумкин. Кейинги бир неча йил давомида 18-20 млрд долларлик Тараққиёт йўли лойиҳаси – Туркиянинг Ироқ ҳудуди орқали Форс кўрфазига чиқиши лойиҳаси амалга оширилиши керак. Туркия сўнгги 1 йил ичида Эронни бу лойиҳага жалб қилишга уринди, аммо Эрон қўшилмади, унинг ўз лойиҳалари бор. Туркия томонидан бу лойиҳа таклиф этилиши Эроннинг Бандар Аббос каби лойиҳалари қийматини туширади. Шу лойиҳалар доирасида Туркия ва Эрон рақобатчи бўлиб турибди.

Эрон ҳам курд сепаратизмини хавф деб билади. Лекин йиллар давомида Эрон ва курдлар муносабати меъёрлашган. Яъни Эронда курд сепаратизми хавфи кучли эмас. Шу нуқтайи назардан ҳам Эрон ва Туркия қарашлари бу борада айнан бир хил эмас.

Ҳабибулло Азимов: — Мустафо Барзоний Эрон ҳудудида илк курд давлатини ташкил қилган. Кейинчалик Совет армияси чиқиб кетгач, бу давлат қулатилган. Барзоний Москвага қочиб кетади ва 1958 йилдаги инқилобдан сўнг Ироққа қайтади.

Равшан Ғозиев: — Курд сепаратизми омили жуда қалтис масала. Минтақадаги ҳар бир давлатда курд сепаратизми бор. Айниқса Туркия қатъий позицияда туради бу борада. Ҳамкорларидан ҳам Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилот сифатида эълон қилишни кутади.

Ҳабибулло Азимов: — Туркия Ироқ шимолидаги мустақил курдлар давлати ташкил топиши бўйича референдумни ҳам кескин танқид қилганди. Туркия Барзонийлар билан яқин, лекин уларнинг мустақил давлат тузишини ўзига таҳдид сифатида кўради.

Равшан Ғозиев: — Ироқ энергия ресурсларига бой, 145 млрд баррел нефти бор, дунёда 4-ўринда, газ захиралари ҳам катта. Шунинг учун ҳам Туркия ва Ироқ муносабатларида энергетика омили асосий бўлиб келган. Катта лойиҳалари бор бу борада. Ироқ нефтини Европага ташиш лойиҳалари ҳам бор эди. Басрадан Диёрбакргача борувчи 15 та бекатли темирйўл лойиҳаси ҳам бор, йўловчи ташиш транзити ҳам муҳим. Йўловчи ташувчи темирйўл кейинчалик товар ташиш учун ҳам хизмат қилади, деган фикрлар ҳам айтиляпти.

Ҳабибулло Азимов: — Ироқнинг энергия ресурсларининг катта қисми шимолий ҳудудларида. Ироқ ҳукуматида шундай ҳадик борки, бу ерлар Туркия томонидан миллий чегаралар ичидаги ҳудудлар деб кўрилиши ҳадиги. Шу маънода Барзонийлар ва Туркия яқинлашуви ҳам Ироқни хавотирга солган. 80-йиллардаги Туркиянинг иккита лойиҳасига кўра, у ердан нефт қувурлар орқали Туркия, кейин Европага олиб ўтилади.

— НАТО ва АҚШнинг Туркия ва Ироқ муносабатларига таъсири қанчалик катта?

Камолиддин Раббимов: — Россия томони Тараққиёт йўли лойиҳасига жиддий шубҳа билдиряпти. Россия бу лойиҳанинг амалга ошмаслигидан маълум даражада манфаатдор. НАТО ва коллектив ғарбни эса иккига бўлиш мумкин. АҚШ курдлар омилидан минтақага таъсир қилиш воситаси сифатида фойдаланиб келган. Туркия ва АҚШ ўртасидаги совуқчиликнинг бирламчи сабабларидан бири – курдлар борасидаги позицияларнинг фарқ қилиши. Туркия курд сепаратистларини террорчи сифатида тан олишни сўраган, АҚШ эса бошқача қарашда бўлган, очиқча ё яширин тарзда курд сепаратизмини қўллаган. ЕИнинг ҳам Туркия билан муносабатлари бир хил эмас. Франция билан муносабат бир кўринишда, Германия, Португалия, Испания билан муносабатлар анча ижобийроқ.

НАТОнинг расмий позицияси давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва НАТОга аъзо давлатлар манфаати доирасида бўлади. Лекин НАТОнинг ичидаги давлатларнинг Туркияга нисбатан позициялари фарқли. Масалан, Туркиянинг ЕИга киришига биринчи вето қўйган давлат – Франция. Чунки Европа парламентидаги ўринлар аъзо давлатлардаги аҳоли сонига кўра берилади. Ҳозирча Германияда энг катта фракция, иккинчи ўринда Франция. Агар Туркия ЕИга кирса, энг катта фракция Туркияга тўғри келади. Туркиялик депутатларнинг салмоқли қисми эса исломий партиядан бўлади, бу эса Франциянинг ва бошқа давлатларнинг манфаатларига тўғри келмайди.

Равшан Ғозиев: — Ироқда АҚШ ва НАТОнинг таъсири кучли. Ҳарбий базалари, бошқа омиллар бор. Ироқдаги ҳарбий операцияларга Туркия қарши бўлган, ўзининг ҳудудидан фойдаланмасликни айтган.

Курдлар масаласида фақат АҚШ ва Исроил эмас, Россия ҳам асосий ўйинчилардан бўлиб келган. Биринчи бўлиб курд омилини Усмонли туркларга қарши руслар қўллаган. Юқорида айтилган Эрон ҳудудидаги курдлар давлатини ҳам СССР қуриб берган.

Лекин ҳозирда Ироқда АҚШ позицияси кучли. У ердаги энергия ресурсларига эгалик қилиш, геосиёсий мавқени ошириш мақсадида Ироққа кирган АҚШ. Агар АҚШ кирмаганида, Исроил учун энг катта муаммо Саддам Ҳусайн бўлиб қолиши мумкин эди.

Камолиддин Раббимов: — Саддам Ҳусайн тузуми йиқитилгач, минтақада Эрон кучайиб кетди. Минтақа араб давлатлари бундан норози бўлди, Саудия томони ҳам АҚШга қош қўяман деб кўз чиқардинглар деган позицияни билдирган.

Равшан Ғозиев: — Тўғри, Ироқдаги шиалар ҳукуматга келиб, Эрон билан яқинлашиб кетди. Лекин Ироқдаги ҳукумат барибир АҚШнинг таъсири остида. Мустақил дейиш қийин.

— Туркия Ироқ чегараларида ҳам хавфсиз ҳудуд яратиш учун ҳарбий операциялар олиб боряпти. Умуман, хавфсизлик борасида ҳам тўхталсак.

Ҳабибулло Азимов: — 6 йилдан бери операциялар давом этяпти. Туркия Ироқда курд сепаратизми ривожланиб кетишига қарши курашяпти. Туркия курд сепаратизми ўчоғи сифатида Суриядан кейин иккинчи ўринда Ироқни кўради.

Камолиддин Раббимов: — Ироқдаги вазият чигал. Аҳолининг 60 фоизи шиа мусулмонларини ташкил қилади, шунинг учун Эроннинг ва шиа имомларининг таъсири катта. Шу сабаб у ердаги бош вазирлар Эрон билан ҳисоблашади, лекин хавфсизлик нуқтайи назаридан АҚШга боғланган. Теҳрон АҚШ ҳарбий базалари чиқиб кетишини талаб қилади, лекин расмий Бағдод бундай қилолмайди, чунки манфаатларига тўғри келмайди. Бугунги Ироқ бир қанча қудратли давлатлар ўртасида мураккаб танловда қолган.

Равшан Ғозиев: — ИШИД пайдо бўлганда Ироқ айнан АҚШ ва Британиядан ёрдам сўраган, бошқадан эмас. Сурияни эса ишидчилардан Россия тозалаган эди.

Ҳабибулло Азимов: — Ироқ ва Эронни шиалик бирлаштирувчи омил бўлса-да, бу рақобат нуқтаси ҳамдир. Улар ўртасида шиалик маркази деган мақом учун рақобат бор. Ироқдаги ҳокимиятда бўлган шиалар Эрондаги шиа олий имомларидан ўзларининг диний раҳбарларини устунроқ кўради. Мана шу нарса Эрон билан муносабатларда бир тўсиқ. Мазҳаб бир бўлса-да, қарашларда фарқ бор.

— Эрдўғаннинг ташрифи фонида Туркия–Ироқ муносабатлари хусусида қандай ҳулосалар қилиш мумкин?

Равшан Ғозиев: — Ироқ ҳар доим Туркия учун стратегик аҳамиятга эга давлат бўлиб қолади. Ироқдаги Киркўк шаҳрида туркамонлар яшайди, улар ўзларини турк деб билади. Киркўкда катта нефт-газ захиралари бор. Туркия мана шу этник озчиликни қўллашини ҳам баъзида баён қилиб туради.

Энергия ресурслари, хавфсизлик, Барзонийлар билан иттифоқчилик каби масалалар ҳам Туркия учун муҳим аҳамиятга эга.

Ҳабибулло Азимов: — Туркияда “Адолат ва тараққиёт” партияси ҳокимиятга келгач, Аҳмад Довудўғли қўшни мамлакатлар билан муаммоларни ҳал қилмай, тараққиётга эришолмаймиз, деган ғояни илгари суради. Араб баҳори билан боғлиқ ҳолатлар бу тамойилга тўсқинлик қилди. Туркиянинг бугунги ҳаракатларини шу тамойилга қайтиш сифатида кўриш мумкин.

Камолиддин Раббимов: — Бугунги Туркия элитаси ва жамоатчилиги Эрдўғаннинг бу сафарини курд сепаратизмига қарши курашда катта ғалаба сифатида эътироф этяпти. Иқтисодий лойиҳаларнинг ҳам аҳамияти юқори, лекин Туркия жамияти учун курд сепаратизми катта муаммо эди.

Эрдўған ҳокимиятга келгач, сепаратизм ҳаракатлари жуда пасайган эди. Лекин узоқ муддат ҳокимиятда қолаётган Эрдўған учун яна сепаратизм бошқача бир кўринишда бўй кўрсата бошлаган эди, ташқи кучлар ҳам курд сепаратизмини қўллаб келаётганди. Ироққа сафарнинг бирламчи мақсади курд сепаратизмига қарши курашда ҳамкорликка эришиш эди ва бу борада дипломатик ютуқларга эришилди. Келишувлар амалда қандай ўзгаришга олиб келади, буни вақт кўрсатади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид