Жамият | 15:02 / 20.09.2024
16910
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ўқувчи дарсдан куч ишлатиб олиб чиқиб кетилди

Ҳолат Элликқалъа туманида бўлган. 28-мактабнинг 1-синф ўқувчисини онаси ва қариндошлари дарсдан мажбуран олиб кетган. Вазият боланинг ким билан яшашига оид қариндошлар ўртасидаги низо туфайли юзага келгани айтиляпти.

Элликқалъа туманидаги мактаб ўқувчисини қариндошлари дарсдан куч ишлатиб олиб чиқиб кетгани акс этган ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани маълумот берди.

Қайд этилишича, 5 сентябр куни 28-мактабнинг 1-синф ўқувчиси Й.Х. (ўғил бола)ни онаси С.Ш. дарсдан куч ишлатиб олиб чиқиб кетган. Ташкилот С.Ш. ва бошқа шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тегишли ҳужжатлар тўпланиб, судга юборилганини маълум қилди. Иш бугун, 20 сентябр куни судда кўриб чиқилади. Омбудсманга кўра, вазият боланинг ким билан яшашига оид қариндошлар ўртасидаги низо сабаб юзага келган.

Видео бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ишчи гуруҳ тузиб, ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди. Унга кўра, Й.Х.нинг отаси 5 йил аввал вафот этган. Бола отасининг онаси қўлида қолган. Болани ўз тарбиясига олиш учун онаси С.Ш. 5 сентябр куни ўзининг ака-укалари билан мактабга орқа эшикдан кириб, дарс бўлаётган хонада ўқитувчининг қаршилигига қарамасдан ўқувчига куч ишлатиб, синфдан олиб чиқиб кетган.

Вазирлик ҳолат рўй берган пайтда мактаб директори томонидан Миллий гвардия ва ички ишлар ходимларига хабар берилганини қўшимча қилган. “Бугунги кунда ўқувчининг онаси С.Ш. томонидан болани ўз тарбиясига олиш бўйича бир неча бор судга мурожаат қилингани маълум бўлди”, – дейилади расмий хабарда.

Маълумот учун, дарсдан олиб кетилган боланинг таълим олиш ҳуқуқи тикланиб, у ўқишни давом эттиряпти.

Мавзуга оид