Ўзбекистон | 17:38 / 20.09.2016
44188
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев метронинг «Юнусобод» йўналишидаги қурилиш ишларини якунлаш топшириғини берди

Ўзбекистон республикаси президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида бўлиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг ҳолати билан бевосита танишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокимияти матбуот хизмати хабар тарқатган.

Юнусобод туманидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишув давомида мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг кўрсатмаларига биноан Тошкент метрополитени йўлларини замонавий йўлсозлик ва туннелсозлик технологияларини жорий этиш орқали давом эттириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Юнусобод йўналишидаги 2 та бекатда қурилиш ишларини якунлаш, янги ер ости ва ер усти тезюрар метро йўналишлари қурилишини лойиҳалаштириш масалалари юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев шу куни пойтахтнинг Чилонзор туманида ҳам бўлиб, Бунёдкор шоҳкўчаси ва Муқимий номидаги кўча чорраҳасида бунёд этиладиган, узунлиги 600 метр бўлган 6 қаторли йўлўтказгичнинг қурилиш жараёни билан яқиндан танишди.

У шунингдек, Юнусобод туманини Мирзо Улуғбек тумани билан боғлайдиган янги йўл барпо этиш, бунда Янги шаҳар кўчасини Боғишамол кўчаси билан туташтирадиган 1 минг 100 метрдан иборат янги автомобиль йўли ҳамда Бўзсув канали устида қуриладиган 510 метрли кўприк лойиҳалари бевосита жойида атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу объектларда қурилиш ишларини 2017 йил март ойида тўлиқ ва сифатли якунлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида топшириқлар берилди.

Маълумот учун, Тошкент метросининг «Юнусобод» йўли қурилиши 1988 йилда бошланган бўлиб, 2001 йилнинг сентябрида қурилиш ишлари тўхтаб қолган эди. Метронинг ушбу йўналиши лойиҳалаштириш ва қуришда жуда мураккаб бўлиб чиқди, чунки метро туннели ва бекатлари жойлашган жойлар каналлар ва Бўзсув остига тўғри келди. Ундан ташқари, метро қурилишига ўтган кўплаб муҳандислик коммуникациялари ҳам халақит берди.

Бугунги кунда ушбу метро йўналишининг асосий муаммоси унинг Юнусободнинг аҳоли гавжум яшайдиган мавзеларигача етиб келмагани ҳисобланади. Шунинг учун ҳам йўловчиларнинг кўп қисми ё ундан умуман фойдаланмайди ёки фақат транзит мақсадларда фойдаланиши кузатилади.

Метро йўналишини аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудудларгача олиб бориш орқали шаҳардаги автомобил транспорти юкини бир қадар енгиллаштириш, шунингдек, метрополитеннинг рентабеллигини сезиларли даражада ошириш мумкин.

Мавзуга оид