Жаҳон | 21:50 / 15.05.2018
72136
4 дақиқада ўқилади

Путин «КамАЗ» миниб, Қрим кўпригини очиб берди. Лойиҳа ҳақида асосий фактлар

Бугун, 15 май куни Россия президенти Владимир Путин «КамАЗ» рулига ўтирган ҳолда қурилиш транспортлари колоннасини бошқариб, қуриб битказилган Қрим кўпригининг автомобиллар учун мўлжалланган қисмидан юриб ўтди ва кўприкни расман очиб берди.

Шунингдек, Путин 19 километрли кўприк бўйлаб 16 дақиқа ҳаракатланиб, Қримга етиб борган. Кўприкнинг иккинчи томонида концерт дастури ташкил этилган, Россия президенти ва делегация ушбу тадбирда иштирок этди. Путин кўприкнинг очилишини тарихий воқеа сифатида эътироф этди. 

«Барчангизни бу тарихий кун билан табриклайман. Чунки, турли даврларда, подшоҳлар даврида ҳам одамлар бу кўприк қурилишини орзу қилишган. Ўтган асрнинг 30-йилларида ҳам, 40-йилларида, 50-йилларида бу масала кўтарилган. Мана ниҳоят, сизнинг меҳнатларингиз эвазига бу лойиҳа амалга ошди, бу мўъжиза рўй берди.

Биз бундан кейин ҳам бутун мамлакат бўйлаб шундай лойиҳалар устида ишлашда давом этамиз. Бутун мамлакат бўйлаб», деган Путин йиғилганлар қаршисида.

Фото: ТАСС, Сергей Бобылев
Фото: ТАСС, Сергей Бобылев
Фото: ТАСС, Сергей Бобылев
Фото: ТАСС, Сергей Бобылев

 

Кўприк жамоат транспортлари ва бошқа енгил автомобиллар учун бир кундан кейин тўлиқ очилади. Кўприкда соатига 90 километр тезликкача ҳаракатланишга рухсат этилади.

19 километрлик Қрим кўприги — Россиядаги энг узун кўприкдир. Бош пудратчи «Стройгазмонтаж» лойиҳа қийматини 228,3 миллиард рублга (3,7 миллиард доллар) баҳолаган.

Фото: ТАСС, Сергей Мальгавко

Кўприк бир кунда 40 минг автомобил ҳамда 47 поезд состави ўтказиш қобилиятига эга бўлади. Кўприк бўйлаб йилига 14 миллион йўловчи қатнаши ва 13 миллион тонна юк ташилиши мумкин бўлади.

Кўприк қурилиши 2016 йил февралида бошланганди. Шартномага кўра, кўприкнинг автомобиль йўли қурилиши 2018 йилнинг декабрида тугалланиши мўлжалланганди.

Фото: ТАСС, Сергей Мальгавко

Россия ҳукумати Керч бўғози устида қурилган ушбу кўприкни Қримни Россия билан боғлаб, яриморолнинг иқтисодий ривожланиши учун янги имкониятлар очишига ишонч билдирган.

Кўприкда автомобиллар учун мўлжалланган 4 полосали магистраль йўл билан бир қаторда, икки қаторли темир йўлни ҳам ўз ичига олади. Темир йўл 2019 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қурилиш тарихи

Керч бўғози устида 19 асрнинг 70-йилларида британиялик муҳандислар пайдо бўлганди, аммо турли мураккабликлар бу кўприк қурилишини кечиктириб келган.

20 аср бошида император Николай II ҳам бу ғояга қайтади, аммо аввал рус-япон уруши, кейин Биринчи жаҳон уруши бошланиб қолиши оқибатида бу лойиҳа амалга ошмайди.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида фашистлар Германияси раҳбари Адольф Гитлет Керч бўғози устидан кўприк қуриб, ҳарбий техникаларни тезлик билан Кавказга олиб ўтишга кўрсатма беради. Аммо Қизил армия Қримга бостириб келиб, ҳудудни қайтариб олиши натижасида қурилиш ишлари тўхтаб қолади.

Кўп ўтмасдан совет муҳандислари ишга киришади, 1944 йилда улар қисқа вақт ичида Керч бўғози устидан кўприк ўтказишади, аммо қишда кўприк таянчлари музлаб, кейин бузилиб кетади.

Шундан сўнг, СССР раҳбарияти бу кўприк қурилиши лойиҳасидан воз кечган, унинг ўрнига паромлар учун кечув қурилади - у 1954 йилда очилади.

2010 йилда эса Россия президенти Дмитрий Медведев ва Украина раҳбари Виктор Янукович ўртасида кўприк қурилиши бўйича меморандум имзоланади. Ўшанда кўприк қурилиши 1 миллиард долларга баҳоланганди.

 

Фото: ТАСС

Мавзуга оид