Ўзбекистон | 08:14 / 14.07.2018
9549
4 дақиқада ўқилади

«Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича Президент қарори қабул қилинди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда сўнгги 5 йил давомида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтинги 2 баравардан ортиқ яхшиланиб, мамлакатимиз жаҳоннинг 190 та мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилгани қайд этилган. Бундан ташқари, сўнгги ҳисоботда мамлакатимиз бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олгани таъкидланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги бизнес юритиш учун мавжуд шарт-шароитлар халқаро нормалар ва стандартлар талабларига ҳанузгача тўлиқ жавоб бермаслиги, айрим давлат органлари тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида эълон қилинган ислоҳотларнинг амалдаги ижросини етарли даражада таъминламаётгани қайд этилган.

Энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамжамиятда мамлакатнинг ижобий қиёфасини шакллантириш, ҳудудларда бизнес юритиш шароитларини яхшилаш юзасидан якуний натижаларга эришиш учун ваколатли органлар раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:

  • инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсади – тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун мамлакатда 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги «Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада ошириш соҳасидаги ишларни мувофиқлаштириш ҳамда бу йўналишда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги:

  • Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» ҳисоботидаги Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича «Йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва лозим даражада бажариш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни;
  • «Бизнес юритиш» ҳисоботидаги Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада ошириш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро амалий ҳамкорликни;
  • Жаҳон банки гуруҳи экспертлари ва «Бизнес юритиш» жамоаси билан Ўзбекистон Республикасининг ўрнини асослаш бўйича музокаралар ўтказиш учун ҳар йили идоралараро ишчи гуруҳни Вашингтон шаҳрига (АҚШ) юборишни;
  • манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда энг муҳим халқаро рейтингларни ва таркибий индикаторларни, уларни шакллантириш методологиясини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индексларда охирги икки йилда эгаллаб турган мавқеини чуқур ўрганишни;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг мавқеини яхшилаш бўйича аниқ таклифлар тайёрлашни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича «Йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида қонун ҳужжатлари талабларининг амалиётга жорий этилишини тизимли равишда ўрганиб борсин, бунда тасдиқланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминламаган ҳамда кечикишларга йўл қўйган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан аниқ таъсир чораларини қўллайди.

Мавзуга оид