Спорт | 09:52 / 12.08.2018
27624
2 дақиқада ўқилади

«Тоттенҳэм» - Халқаро Чемпионлар кубоги ғолиби, энг сўнгги ўринда «Барселона»

Фото: Tottenham Hotspur

Энг кўп иштирокчига эга ва нуфуз жиҳатидан ҳам энг юқори ўринда турувчи мавсумолди мусобақаси – Халқаро Чемпионлар кубоги ниҳоясига етди. 2013 йилдан бошлаб ўтказила бошланган турнирнинг бу сафарги ғолиби - «Тоттенҳэм» клуби.

20 июлда старт олган мусобақада кучли бешликнинг 17 клуби ҳамда Португалия чемпиони иштирок этди. Чемпионатнинг жами 27 ўйинидан 10таси Европа ва Сингапурда, 17таси АҚШда ўтказилди. Ўйинларни жами бир миллиондан ортиқ томошабин (1.061.520 нафар) бевосита стадиондан кузатиб борди.

Ўтган сафарги турнирлардан фарқли равишда, бу йил ҳар бир клуб учтадан ўйин ўтказди ва ғолиб фақат битта («Тоттенҳэм») бўлди. Авваллари иштирокчилар майдонга тушадиган ўйинлар сони ҳар хил бўлар, ҳар бир ҳудуднинг алоҳида чемпиони эълон қилинарди.

Қайд этиш жоиз, турнир якунида аввалдан кутилганидек бир неча жамоанинг очколари тенг келиб қолди. 7 очкодан жамғарган «Тоттенҳэм», «Боруссия Д.» ҳамда «Интер» клублари урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбатига мувофиқ равишда «совринли» ўринларни банд этишди.

Турнирнинг энг муваффақиятсиз жамоаси «Барселона» бўлди. Каталонияликлар «Рома» ва «Милан»га имкониятни бой бериб, «Тоттенҳэм» билан баҳсда пенальтилар сериясига кўра ютқазишди. Мусобақа тартибига кўра, футбол лотереясидаги мағлубият учун жамоаларга 1 очко берилган.

Эндиликда «Тоттенҳэм» Халқаро Чемпионлар кубогида ғолиб бўлган «Реал», «Манчестер Юнайтед», «Барселона» ва «ПСЖ» (2 марта) клублари қаторидан ўрин олди.

Мавзуга оид