Ўзбекистон | 16:32 / 27.05.2019
10852
8 дақиқада ўқилади

«Юксалиш»: Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт босқичида қўшфуқаролик долзарб масала эмас 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда икки фуқаролик жорий этиш таклиф қилинган мақола интернет тармоғида кенг тарқалди. Ундаги фикрларга асосан анча йиллар хорижда меҳнат қилиб, пенсия олувчи ватандошларнинг пенсия маблағлари ҳисобидан юртимизга эҳтимолий киритиши мумкин бўлган инвестициялар ҳақида сўз юритилган. Мазкур таклиф ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Бу борада “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз муносабатини қуйидагича билдирди:

Бугунги глобал даврда инсоннинг эркин ҳаракатланиши, фаолият юритиши табиий ҳолат сифатида қабул қилинмоқда. Бутун дунёда малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж кундан кунга ортиб бораётганлиги эса уларнинг ҳаракат майдони чегараларини янада кенгайтирмоқда. Бундай ҳолларда, табиийки, одамлар ўзи учун энг оптимал йўлни – яъни, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан яхшироқ вариантни танлайдилар. Шундай бўлса-да, уларнинг аксарияти туғилиб ўсган ватанини бутунлай ташлаб кетишни истамайдилар.

Бундай вазиятларда, дунё амалиёти шуни кўрсатадики, “икки фуқаролик” тизими қайсидир маънода ечим бўлиши мумкин. Лекин, бу қанчалик тўғри йўл ва барча ривожланган мамлакатлар ҳам шу амалиётни жорий этганми?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати экспертларининг фикрича, ушбу масала юзасидан таклиф беришдан аввал масалани ҳар томонлама муҳокама қилиш, қўшфуқаролик жорий этилган давлатларнинг салбий ва ижобий тажрибаси, бу аслида ким учун фойда ва ким учун ноқулайлик, қандай оқибатлар юзага келиши мумкинлигини таҳлил қилиш лозим.

Тушунчанинг мазмуни. Аввало, “қўшфуқаролик” ва “иккинчи фуқаролик” тушунчаларига ойдинлик киритиш лозим. Қўшфуқаролик — бу икки давлат ўртасида фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида иккинчи давлат фуқароси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги расмий келишувга эга бўлганда амалга оширилади. Мисол учун, Россия Федерацияси ва Тожикистон Республикаси, Испания ва Аргентина, Аргентина ва Италия каби давлатлар ўртасида ана шундай келишувлар имзоланган. Ушбу давлатларни географик, тарихий ёки тил омили каби жиҳатлар бирлаштириб туради.

Германия, Япония, Жанубий Корея, Норвегия, Қозоғистон, Белорусь, Эстония, Польша ва бошқа кўплаб давлатларда (рухсат берилмайди), шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қўшфуқаролик тан олинмайди.

Иккинчи фуқаролик тизими эса — икки давлат ўртасида бундай келишув бўлмаганда ёки янада аниқроқ айтганда — фуқаронинг иккинчи давлат томонидан берилган фуқаролигини тан олмаган ҳолда, шу билан бирга бошқа давлат фуқаролигини олишга қаршилик кўрсатмайдиган ҳолат ҳисобланади.

Бундай тартибни АҚШ, Франция, Швеция, Австралия каби давлатларда учратиш мумкин. Жумладан, АҚШда шахс икки фуқаролик бўйича текширилмайди. Лекин, агарда АҚШ фуқароси иккинчи ёки қўшфуқароликни истаса, унда АҚШ фуқаролигидан воз кечиши ва ўша давлатга бутунлай кўчиб ўтишга мажбур бўлади.

Маълумот учун, бугунги кунда дунёда ўз фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда қўшфуқаролик ёки иккинчи фуқароликка рухсат берган давлатлар сони 83тани ташкил этади.

Мажбуриятлар. Қўшфуқаролик тизимида фуқаро икки давлатдан бирида ўз мажбуриятларидан озод қилинади. Жумладан, фуқаро айни пайтда истиқомат қилаётган давлатда ҳарбий хизматни ўташи (агар шахс бир давлатда ҳарбий хизматни ўтаган бўлса, қайта чақирилмайди), белгиланган барча солиқларни тўлаши ва ҳоказо.

Шунингдек, фуқаронинг таълим олиш, ижтимоий таъминот, тиббий ёрдам каби ҳуқуқлари айни пайтда истиқомат қилаётган давлатга нисбатан амалга оширилади. Агар фуқаро иккинчи давлатга кўчиб ўтса, барча қулайлик ва имтиёзлар сақланиб қолади.

Иккинчи фуқаролик тизимида эса фуқаро бир вақтнинг ўзида ҳар иккала давлатда ўз фуқаролик мажбуриятларини бажариши лозим бўлади.   

Шу ўринда, ўринли савол туғилади. Қўшфуқаролик тизимини юртимизда жорий этиш бугунги кунда қанчалик долзарб ва Ўзбекистон учун нима беради?

Қўшфуқароликка эга шахснинг ўзи, оиласи, бизнеси тўлақонли ҳимояда бўлади. Ўзи учун энг қулай шароитни (яшаш, таълим олиш, ижтимоий таъминот ва тиббий хизмат, ойлик маош) танлаш имконини беради. Шунингдек, шахснинг икки давлат ўртасида эркин ҳаракатланиши, фаолият юритишида ортиқча оворагарчиликлар кузатилмайди.

Шу билан бирга, қўшфуқаролик тизимини унча хушламайдиган Германия, Ҳиндистон каби давлатларга киришдаги қийинчиликлар ёки қўшфуқароликка эга шахсларни иккинчи давлатдан дипломатик ҳимоя исташи оқибатида икки давлат муносабатларида тарангликни юзага келтириши ёки икки давлат ўртасида зиддиятли ҳолатлар содир бўлганда баъзи ноқулайликлар кузатилиши мумкин.

Айтиш мумкинки, аксарият давлатлар мана шундай – кўпроқ фуқаронинг шахсий фойдаси кўзланган қўшфуқаролик тизими ривожланишини юқоридаги сабаблар учун ҳам истамайдилар. Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳат, давлат хизматчилари, прокуратура, куч тузилмалари, ҳарбийлар учун қўшфуқаролик қатъий тақиқланган.

Мамлакатда қўшфуқароликнинг жорий этилиши шахснинг ўзига кўпроқ қулайлик яратиш ва қайсидир маънода турли кутилмаган нохушликлардан суғурталаниш баробарида давлатлар ўртасида “йўқ жойдан” таранглик ва муносабатларнинг ёмонлашишига ҳам олиб келади.

Ҳолбуки, бугунги кунда Ўзбекистонда хорижда истиқомат қилаётган юртдошлар қўллаб-қувватланаётган, уларнинг Ватанга осон қайтиш ёки келиб-кетишлари учун барча имкониятлар яратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 25 октябрдаги қарори билан Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Белгиланган вазифаларнинг ижроси сифатида ҳукумат қарори (326-сон, 17.04.2019 й.) билан “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Унинг қатор бандларида ватандошлар учун тартибларни соддалаштириш йўли билан қулайликлар яратиш назарда тутилди.

Жумладан, VTD (Ватандош) турдаги кириш визаси жорий этилди. Эндиликда, Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи ва унинг фуқаролари бўлган қариндошлари томонидан берилган таклифнома асосида келадиган, амал қилиши мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чекланмаган марта ташриф буюрадиган ватандошлар ва уларнинг оила аъзолари учун 2 йил муддатга виза берилади.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, давлатлар кўпфуқаролик тизимини тақиқлаш сиёсатини олиб боришлари ёки аксинча, бунга рухсат беришлари мумкин. Бу, аввало, давлатларнинг географик жойлашуви, тарихий-маданий умумийлиги, аҳоли демографияси билан асосланган бўлиши лозим. Шунингдек, таклиф этилаётган фикрга кўра, ватандошларнинг пенсиялари ҳисобидан Ўзбекистонга эҳтимолий киритиладиган маблағлари аслида қанчалик инвестиция талабига жавоб бера олиши ҳам катта савол остида қолмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ватандошлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш, уларни Ватанга қайтиш тартибларини соддалаштириш, жумладан, соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон фуқаролигини бериш, юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олиш, уларнинг ижтимоий ва маиший масалаларини ҳал қилишларида ёрдам бериш каби кўплаб қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати яратилган барча имкониятларни тўғри баҳолаш, улардан унумли фойдаланиш, шунингдек бундай қарорлар қабул қилишда масалани ҳар томонлама, сиёсий, ижтимоий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиб, шахсий манфаатлардан холи бўлишини инобатга олиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт босқичида қўшфуқаролик масаласи долзарб масала эмас. Шу сабабли Ўзбекистонда хорижда меҳнат қилаётган ватандошлар билан ишлаш, уларнинг мамлакат билан алоқасини сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқдир, дейилади баёнотда.

Мавзуга оид