Ўзбекистон | 16:57 / 29.02.2020
35636
3 дақиқада ўқилади

«Снос»лар можаросида ички ишлар органлари ходимларининг бош вазифаси нима эканлиги эслатилди

Сўнгги вақтларда ер майдонларини ноқонуний эгаллаб олган фуқароларнинг қонунчиликка зид равишда барпо этган турар жойларини бузиш чоғида аҳоли вакиллари ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги тўқнашувлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Фото: KUN.UZ

Масаланинг асл моҳиятидан бехабар кўпчилик ушбу воқеалар юзасидан билдираётган фикрлари ва шарҳларида ички ишлар органлари ходимларини гўёки тинчгина яшаб келаётган одамларнинг тинчини бузганликда айблашмоқда.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларига эслатма жўнатилди.

Унда шундай дейилади:

«Маълум қиламанки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим вилоятларда аҳоли томонидан суғориладиган ерлардаги ноқонуний қурилмаларни ҳокимлик органлари томонидан бузиш каби ишлар авж олаётгани, ушбу жараёнга жамоат тартибини сақлаш учун жалб этилган ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар ва ҳокимият вакиллари ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш вақтида юзага келган низоли вазиятлар акс этган видеотасвирлар тарқалаётгани кузатилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, кенг жамоатчиликда айнан ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига нисбатан норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Мазкур келишмовчиликлар асосан, ҳокимият вакилларининг ички ишлар органлари ходимлари борлигидан фойдаланиб, фуқароларга нисбатан ноўрин ва қўпол хатти-харакатлар, ҳурматсизлик, ўз ваколатларидан четга чиқиш ҳамда айрим вақтларда аҳолининг мулкига очиқдан-очиқ тажовуз қилишлари оқибатида келиб чиқмоқда.

Бу каби вазиятлар Ички ишлар вазирлигининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи халқчил тизим яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларига жиддий путур етказиб, ички ишлар органларига нисбатан кенг жамоатчиликда ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқармоқда.

Шу сабабли, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларидан ҳокимият ва фуқароларнинг мулкий турдаги ўзаро муносабатларини ҳал этиш жараёнига жамоат тартибини сақлаш учун шахсий таркибни жалб этишда қуйидагиларга қатъий амал қилиш талаб этилади:

1) муаммоли вазиятлар ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан олдиндан музокаралар ўтказилиб, ҳал этилганлигига қатъий ишонч ҳосил қилгандан кейин жойларга чиқиш;

2) жойларда ҳокимият вакилларига фуқаролар билан мулоқот жараёнида ҳурматсизлик қилмасликларини, ноўрин ва қўпол муносабатда бўлмасликларини тушунтириш, акс ҳолда, ўзларига нисбатан қонуний тартибда чора кўрилиши билан қатъий огоҳлантириш;

3) аҳоли ва ҳокимият вакиллари ўртасида зиддиятлар вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатни аввалдан бартараф этиш чораларини кўриш;

4) ходимларнинг аҳоли ва ҳокимият вакиллари билан бўлган муносабатларида бирёқламаликка, шунингдек, ҳиссиётларга берилиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик.

Унутманг, бизнинг бирламчи вазифамиз ҳокимият вакилларининг айби билан келиб чиқаётган зиддиятлар ва жанжаллар оқибатини бартараф этиш эмас, балки фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдир».

Мавзуга оид