Ўзбекистон | 13:22 / 11.06.2020
36320
3 дақиқада ўқилади

Светлана Ортиқова: «Эри давлат хизматчиси бўлса, нега аёли таъсисчи бўлмаслиги керак?»

Адлия вазири ўринбосари ва бош прокурор ўринбосари давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг таъсисчилик фаолияти тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

Архив фото: KUN.UZ

Адлия вазирлигида «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ОАВ вакиллари кўплаб саволлар билан адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров ва бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқовага мурожаат қилишди.

ОАВ вакиллари орасида давлат фуқаролик хизматчилари ва улар оила аъзоларининг таъсисчилик фаолияти тўғрисида савол янгради.

– Жаҳон тажрибаси ҳақида гапирганда яқин ўтмишда бўлган бир воқеани эсламоқчи эдим. Москва шаҳар мэри бўлган (марҳум – таҳр.) Юрий Лужковнинг хотини таъсисчи бўлган. Эътибор беринг, ишламаган, таъсисчи бўлган корхоналар эри ҳоким бўлган вақтда бир неча миллиард доллар пул орттирди. Лекин эри ишдан бўшагач, у аёлнинг тадбиркорлик қобилияти ҳам йўқолиб қолди. Тўғри, қонунларимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас деб ёзилган (давлат хизматчиси назарда тутилмоқда), лекин янги қонунда таъсисчи деган сўзни киритиш керак эмасмикан? Ишлаш эмас, бошқарувда қатнашиш эмас, айнан таъсисчи бўлиш мумкин эмас, деган бандни.

Бу саволга аввало адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров жавоб берди: 

«Ҳозир интернетда қайси корхонанинг таъсисчиси ким экани ҳақида тезда билиб олиш мумкин. Буни назорат қилиш учун эса корхоналар ҳам таъсисчилар ҳақида маълумотларни яширмаслиги керак. Агар биз таъсисчилик қилолмайди деган билан уни назорат қилолмасак, тўғри бўлмайди. Масалан, қимматли қоғозлар сотиб олишга чеклов қўядиган бўлсак, бу тўғри бўлмаслиги мумкин. Чунки уни очиқ бозордан сотиб олади. Агар билсангиз, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунда яхши нормалар ёзилган. Булар халқаро тажрибадан олинган нормалар. Уларга кўра, акция сотиб олиши мумкин (давлат хизматчиси назарда тутилмоқда), чунки у фонд бозоридан олади. Аммо МЧЖда иштирок эта олмайди, чунки бунда бошқа манфаат кетиб қолади», деди адлия вазири ўринбосари.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова шундай қўшимча қилди: 

«Давлат хизматчисининг бошқа оила аъзолари камситилмаслиги керак. Уларнинг ҳам ҳуқуқи бор. Лекин коррупция аломатлари бўлмаслиги керак. Коррупция тўғрисида қонун бор, декларация ишлайди, реестр бўлади ким бўлиши мумкин, ким бўлолмаслиги ҳақида. Агар эри давлат фуқаролик хизматчиси бўлса, аёлига нега рухсат бермаслик керак таъсисчи бўлишга? Фақат коррупция аломати бўлмаслиги керак. Бу учун барча фаолият шаффоф бўлиши керак. Аммо тўғрисини айтиш керак, сизнинг гапингизда жон бор, раҳмат», деб қўшимча қилди Светлана Ортиқова.

Мавзуга оид