Иқтисодиёт | 16:33 / 16.07.2020
8149
4 дақиқада ўқилади

Бозорда рақобатни чеклайдиган лицензия ва рухсатномалар бекор қилинмоқда

Рақобат – бозор иқтисодиёти ривожланиши учун энг муҳим тамойилларидан бири. Бозорда тадбиркор қанча кўп бўлса, рақобат муҳити шунча жонли ва соғлом бўлади. Рақобат муҳити шаклланиши учун аввало тадбиркорнинг бозорга кириши осон ва тўсиқлардан холи бўлиши зарур. Тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш қоидаларини белгилашда давлат маъмурий регулятив усуллари билан бозорга киришни қийинлаштириб қўймаслиги муҳим аҳамият касб этади.

Иқтисодий регулятив усуллардан бири – бу лицензия ва рухсатномалардир. Бунда фуқароларнинг соғлиғи, ҳаёти ва хавфсизлиги ва бошқа зарурий манфаатларидан келиб чиқиб, давлат айрим тадбиркорлик фаолияти турлари билан лицензия ёки рухсатнома олмасдан шуғулланишни тақиқлаши мумкин.

Бугунги кунга келиб, лицензия талаб этиладиган фаолият турлари сони 266та, рухсатнома олиш талаб этиладигани эса 137та.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, лицензия ва рухсатнома бериш тизимидаги муаммоларни аниқлаш мақсадида 40 мингга яқин тадбиркорлар ўртасида аноним сўров ўтказилган. Натижаларга кўра, сўровномада иштирок этган тадбиркорларнинг 32 фоизи лицензия тўловларининг юқорилиги, 23 фоизи бериш муддати кечикиши, 22 фоизи ортиқча ҳужжатлар талаб этилиши, 3 фоизи ваколатли органлар томонидан пул ёки хизматлар талаб этилиши каби муаммоларни қайд этиб ўтган.

Юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан мутасадди ташкилотлар билан бирга тизимдаги муаммолар бирма-бир таҳлил қилиниш натижасида «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳада қарийб 100та лицензия ва 35та рухсатнома бекор этилиши таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада лицензия талаб ва шартлари билан боғлиқ 115та лицензия ва рухсатнома олиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ҳамда 14 турдаги фаолиятлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳадаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири – лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади. Бугунги кунда лицензияларнинг фақат 103та тури (39%), рухсатномаларни эса 26та тури (20%) электрон тарзда бериб келинмоқда.

Лойиҳага кўра, ҳозирги махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечиб, эндиликда QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар тақдим этиш орқали барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади. Бу эса тадбиркордан ортиқча ҳужжатларни тақдим этиш ва коррупциоген факторларга чек қўяди.

Бундан ташқари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи ҳам бекор бўлмоқда. Мазкур қоида давлат корхоналарини хусусий тадбиркорлардан устун қўйишга, бозорда тенг бўлмаган шароитларнинг яратилишига, давлат корхоналарининг монопол мавқега эга бўлиб қолишига олиб келаётган эди.

Шунингдек, бундан кейин янги турдаги лицензиялар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ижобий хулоса берилган тақдирдагина жорий этилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат беришни асоссиз рад этиш ҳамда рухсат этиш тартиб-таомиллари учун йиғимлар миқдорини шакллантирилишининг асослилиги устидан назорат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, лойиҳада назарда тутилган ўзгаришлар натижасида тадбиркорларнинг бозорга кириши енгиллашади, бу эса бозорда рақобат муҳитини янада ривожланишига замин яратади.

Хусаин Раджапов,
Тошкент давлат юридик университети
«Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири

Мавзуга оид