Жаҳон | 19:33 / 21.07.2020
7784
2 дақиқада ўқилади

Хабаровскликлар Михаил Дегтярёвнинг губернатор этиб тайинланишига қарши намойишга чиқди

 Михаил Дегтярёв 21 июль куни Хабаровскка учиб келган. У дарҳол Хабаровск ўлкаси ҳукумати биносига йўл олган.

Фото: DPA

Хабаровскда  Михаил Дегтярёвнинг ўлканинг вақтинчалик губернатори этиб тайинланишига қарши оммавий акция бўлиб ўтди. "Новая газета" ва Навальнийнинг Хабаровскдаги штаби интернетда жойлаган видеолавҳаларга кўра, унда шаҳарнинг бир неча юз аҳолиси иштирок этган.

Тўпланганлар "Миша, кет!" ва "ЛДПРга уят!" деб қичқирган ва қўлларида Дегтярёвнинг кетиши талаб қилинган ҳамда Фургални қўллаб-қувватловчи плакатлар ушлаб олган. 

 Президент Владимир Путин ЛДПР депутати Михаил Дегтярёвни 20 июль куни Хабаровск ўлкаси губернатори вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тайинлаганди.

 Михаил Дегтярёв ўзининг тайинланиши ҳақида интервью берар экан, Хабаровск ўлкаси аҳолисининг танловини ҳурмат қилишини айтган.

 Яна бир интервьюсида эса Хабаровск аҳлини  "жуда яхши, эркин ва қонунга итоат этувчи инсонлар" деб атаган ва уларни яхши кўришини билдирган. 

 Дегтярёв 21 июль куни Хабаровскка учиб келган. У дарҳол Хабаровск ўлкаси ҳукумати биносига йўл олган. Намойишчилар унинг омма олдига чиқишини талаб қилган, лекин Дегтярёв улар олдига чиқмаган.

Хабаровскнинг эндиликда собиқ губернатори Сергей Фургал 9 июлда қўлга олинган ва Москвага олиб келинганди. У икки бизнесменнинг ўлимини ташкиллаштиришда ва яна бир бизнесменни ўлдиришга уринишда айбланмоқда.   

 Хабаровскда 10 кундан буён Сергей Фургал озодликка чиқарилишини талаб қилиб намойишлар ўтказилмоқда.

Мавзуга оид