Ўзбекистон | 21:51 / 15.09.2021
57721
5 дақиқада ўқилади

Президент, шифокор, тарихчи ва икки иқтисодчи. Президентликка кимлар номзод бўлди?

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президентлигига барча номзодларни рўйхатга олди ва шунинг билан бу йилги сайловда кимлар иштирок этиши аниқ бўлди.

2021 йил 24 октябр куни Ўзбекистон президенти сайлови бўлиб ўтади. Сайловда республикадаги 5та партиядан президентликка номзодлар иштирок этиши тасдиқланди. Қуйида улар ҳақидаги айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Алишер Қодиров. «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка номзод

У айни пайтда мазкур партия раиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Номзод 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислиги филолог, иқтисодчи.

Алишер Қодиров 1996 йил Туркиянинг Эгей университетини, 2009 йили Тошкент молия институтини, 2011 йили Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

1996-1997 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси етакчи мутахассиси бўлиб ишлаган. 1997-2008 йилларда Жиззах вилояти давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бошқармаси етакчи мутахассиси, бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг ўринбосари бўлган.

2008–2015 йилларда Жиззах вилояти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2014 йилда парламентнинг Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2017-2019 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари лавозимида ишлаган.

Нарзулло Обломуродов. Экологик партиядан президентликка номзод

Номзод 2021 йил 1 февралдан Экологик партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Обломуродов 1975 йил Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда 2000 йилда Бирмингем университети (Буюк Британия)ни тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Тошкент молия институтида турли лавозимларда фаолият юритган.

Узоқ йиллар банк-молия ҳамда давлат бошқарув органлари тизимида, жумладан, Президент администрациясида масъул лавозимларда ишлаган.

2020-2021 йилларда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган.

Мақсуда Ворисова. Президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган ягона аёл

У 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1984 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги шифокор.

Ворисова 1984-1987 йилларда Тошкент давлат медицина институти клиникаси интернатурасида, 1987-1989 йилларда Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги 6-сонли поликлиника шифокор-терапевти, 1989-2003 йилларда Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қишлоқ врачлик пункти шифокор-терапевти сифатида фаолият юритган.

2003-2018 йилларда Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қишлоқ врачлик пункти мудири, 2018-2018 йилларда Зангиота тумани тиббиёт бирлашмасининг 19-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири бўлиб ишлаган.

2018 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раис ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Баҳром Абдуҳалимов. «Адолат» партиясидан президентликка номзод

Баҳром Абдуҳалимов 1959 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислиги филолог, тарихчи.

1981 йилда Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1981-1983 ййилларда Ливия давлатида таржимонликдан бошлаган.

30 йил давомида Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида кичик ходим, илмий котиб, катта илмий ходим, докторант, етакчи илмий ходим, директор ўринбосари, директор лавозимларида фаолият юритиб келган.

2003-2004 йилларда Тошкент халқаро Вестминстер университети проректори, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон президентининг миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

2020 йилдан «Адолат» партияси сиёсий кенгаши раиси. 

Бешинчи номзод Шавкат Мирзиёев. Унинг номзоди ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилган.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятида туғилган. Мутахассислиги муҳандис-механик.

1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда мазкур институтда бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.

1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланади. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти, 2001-2003 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган.

1995-2003 йилларда Олий Мажлис депутати. 2003 йилда Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланган. У ушбу лавозимда 2016 йилга қадар фаолият юритган.

2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган сайловда 88,61 фоиз овоз тўплаб, Ўзбекистон президенти этиб сайланган. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришган.

Эслатиб ўтамиз, қонунга асосан жорий йил 20 сентябрдан мазкур  номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади.

Мавзуга оид